Мусофир дарди

0

Сунбуланинг сувлари тиниқ тортди. Йиғим-терим фаслининг жозибаси ўзгача бўлади. Ҳар бир инсон нафақат даладаги ҳосилни, балки ўз умри сарҳисобини ҳам ўйлай бошлайди. Соҳибжон кўп қаватли уй айвонига чиқиб, узоқ-узоқларга термулди. Хаёлида хотини Машҳура билан ўтган тортишув жонланди.

— Сиз менга ишонаверинг, ҳаммаси яхши бўлади. Дугонам Сабоҳат Қозоғистонда яшайди. У билан учрашиб, биргаликда хорижга ишлашга борамиз. Маълумотим ўрта бўлганлиги боис тузукроқ иш топа олмаяпман. Ўзингизга неча марта айтдим, илтимос қилдим, иш топиш тугул қулоқ ҳам солмадингиз. Шу ҳам ҳаётми?

— Бундай ҳаётнинг нимаси сенга ёқмаяпти? Тўрт фарзанднинг онаси бўлсанг, эшитганлар нима деб ўйлайди? Ақлингни йиғиштириб ол. Қаердан пайдо бўлди Сабоҳат деган дугонанг? Йиғиштир бундай дугоналарингни!

Соҳибжон шу гапларни куюнчаклик билан гапирди-да, шошилиб кечки сменага йўл олди.

Тушга яқин ишдан келиб эшикни тақиллатди. Уни тўнғич ўғли кутиб олди. Саломлашгач, ошхонага кириб овқатланиш учун тараддудланди. Ўртанча қизи унинг овқатини олиб келиб столга қўйди-да, дадасидан кўзларини олиб қочар экан, йўлини ётоқхонага бурди. Шунда Соҳибжон фарзандлари ундан ниманидир яширишаётганини сезиб қолди. Шу пайтгача хотини кўринмаганини энди пайқади. Чарчаб дам олаётган бўлса керак, деган хаёл билан индамаган эди. «Тўхта, қизим, мендан нимани сир сақлаяпсизлар? Онанг қани?» — деди хавотир билан.

Қизи жавоб ўрнига пиқиллаб йиғлаганича қўшни хонага кириб кетди. Шунда шўрлик ота хотини уни бежиз огоҳлантирмаганини англаб етди. «Менинг розилигимсиз кетишга қандай ҳадди сиғди?» Энди унинг атрофида бу саволни эшитадиган ҳеч ким йўқ эди. Бўғзига нимадир тиқилди. Аламидан овқатини ҳам ичмай пивохонага жўнади.

* * *

Машҳура, барибир, хўжайини рухсат бермаслигини англагач, унга билдирмай кетишга аҳд қилди. «Ҳозир мени тушунмагани билан бир дунё пул билан қайтиб келсам, кечиради», деб ўйлади. Дугонаси Маъмура ҳам эридан рухсат сўрамасдан у билан бирга кетишини эшитгач, янаям дадиллашди. Машҳура фуқаролик паспортида ХЧК ва ФРБдан дунёнинг барча мамлакатларига чиқишга рухсат берадиган ёзув бўлмаса-да, 2014 йил 17 ноябрь куни Қозоғистон Республикасига ўтиб, у ердан 2014 йил 19 ноябрь куни Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрига боради. Ва тегишли тартибда Ўзбекистон Республикасининг элчихонасига мурожаат қилмасдан «Манас-Истанбул» йўналишида қатновчи рейсда Туркия давлатининг Истанбул шаҳрига боради. Бу ҳаракати билан у Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январь кунги 8-сонли «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиш тартиби тўғрисида»ги қарорининг биринчи иловаси 2.1 ва 2.ы2 бандлари талабларини бузади.

Бегона шаҳар ва ўзгача шароитга тушиб қолган Машҳура ёлғончи ўртоқларининг тузоғига тушганлигини англаганида кеч бўлган эди. Турмуш ўртоғининг «Ўзга юртда шоҳ бўлгандан кўра, ўз юртингда гадо бўл, дея бежиз айтишмаган. Узоқлардаги саробни сен бошқача хаёл билан бахт деб тасаввур қиляпсан. Пул топиш ҳамма жойда ҳам осон эмас. Меҳнатсиз, машаққатсиз ҳеч ким мақсадига эришмайди. Қийинчиликлар синовидан ўтиб, ўз нафсини енгган одамгина ғолиб бўлади», деган насиҳатларини кўзда ёш билан эслади. Бироқ ўзини-ўзи енга олмади.

Машҳура Миржамилова 2015 йил 31 август куни Туркиянинг Истанбул шаҳридан «Истанбул-Дубай» йўналишидаги рейсда БААнинг Дубай шаҳрига боради. Бу орада уйига пул юборишни канда қилмади. Телефон орқали хўжайини билан гаплашганида яшаш ва ишлаш шароити оғирлигини айтиб нолир, аслида, қандай иш билан шуғулланаётанини сир тутар эди. Турмуш ўртоғи эса ҳар сафар «Ишинг қийин бўлса, нега қайтиб келавермайсан», дея асабийлашарди. «Шошилманг, дадаси, ҳали кам пул ишладим. Менинг режамдаги ишлар учун яна кўп пул топишим зарур», — дерди Машҳура. Бироқ ҳалол йўл билан топилмаган пуллар, барибир, ўз эгасига вафо қилмаслигини, бу пуллар яхшиликка хизмат қилмаслигини унутган эди.

Бир куни қизи унга йиғлаб қўнғироқ қилди: «Ойижон, ортингизга қайтинг, маҳалладагилар менга бошқача назар билан қарашяпти. Ёнимизга келиб, юзи ёруғлик билан ишланг. Шунда биз ҳам бошимизни кўтариб, бемалол юрамиз! Сизнинг ўша жойларда топган, оиламиз шаънини шубҳага қўйган пулларингиз менга керак эмас. Ҳатто синфдошларим мен билан гаплашмай қўйишди!»

Қизининг гапларини эшитган чоғида юраги санчиб, мувозанатини йўқотиб қўйди. Дугонасининг ҳай-ҳайи билан ўзига келгач, роса ўпкаси тўлиб йиғлади. У мўмай пул топишни, орзу-ҳавасларга берилишни ўйлабди-ю, бироқ фарзандлари катта бўлиб қолишганини, уларни эртага уйлаб, турмушга узатса, қандай вазиятга тушиб қолишини ўйламабди. Ахир ҳамма оилалар ҳам фақатгина моддий томонини кўзлаб қуда бўлмаса керак? Тенг-тенги билан деганларидек, унинг ҳам тенгини қиладиган, қадрлайдиган қудалар топилиб қолар…

Хорижда икки йилдан бери сарсон юрган пайтларида шуни билдики, ўз она юртинг ва халқингдан қадрлироқ ҳеч нарса йўқ экан бу дунёда. Айниқса, фарзандларингни ҳар куни кўриб, гаплашиб, уларнинг гап-сўзларидан қувонишга нима етсин! Машҳура тинимсиз типирчилаб пул дардида хорижга кетиш йўлларини излабди-ю, аммо бўйи етиб қолган фарзандларининг кўнглига қўл солиб кўрмабди. Онда-сонда кенжатойини қучоқлаб эркалаб қўйганини гапирмаса, она деган бахтнинг қадрини англамаган экан. Вазифасини асло тушунмаган экан. Бечора турмуш ўртоғи ҳар сафар «Сенинг бахтинг — болаларинг!» деса асабийлашар, «Мана шу болаларни боқиш керак, кийинтириш керак!» дея жанжаллашиб кетарди. Турмуш ўртоғининг ношуд эканлигини юзига айтишдан ҳам тоймасди.

Машҳура мусофирликда юриб яна шуни билдики, қўни-қўшничилик, ака-укачилик, маҳалла-кўйчилик деган оқибатларни бошқа жойдан топиб бўлмас экан. Шунинг учун ота-боболаримиз «Узоқдаги буғдойдан олдингдаги сомон яхши», дейишган экан-да…

Дугоналарининг ҳай-ҳайлашларига қарамай, Машҳура ўз юртига қайтишга қарор қилди. Фарзандларини жуда-жуда соғинган эди. Бор пулига совға-саломлар сотиб олгач, 2017 йил 10 апрель куни «Дубай-Тошкент» йўналиши бўйича Ўзбекистон сари қанот қоқди. НУ-334 сонли рейс назоратдан ўтказилаётганида чегара назорати базаси ходимлари томонидан Машҳура Миржалилова қўлга олинди.

Суд судланувчи Машҳура Миржалиловага нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда, айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, шахсини, муқаддам судланмаганини, аёллигини жазосини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб билди. Содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусиятини инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин деган хулосага келиб, уни айбли деб топилаётган модданинг санкциясида назарда тутилган озодликни чеклаш санкциясини қўллашни лозим деб топди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 223-моддаси, 1-қисми билан унга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Машҳура Миржалилованинг зиммасига ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг маҳкумни назорат қилувчи орган розилигисиз яшаш ва иш жойини ўзгартирмаслик, Тошкент шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, спиртли ичимликлар ичиладиган жойларга бормаслик, оммавий ва бошқа тадбирларда иштирок этмаслик каби тақиқлар юклатилди. Шунингдек, маҳкум алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслиги, алоқа воситаларидан, жумладан, интернетдан фойдаланмаганлиги ҳам таъкидланди.

Ҳа, умр деганлари ғанимат. Бу бебаҳо гавҳарнинг қадрини ҳамма ҳам англайвермайди. Кимдир ҳар бир сония ичидаги имкониятларни кўриб, уларни тезроқ забт этиш иштиёқида елиб-югуради. Натижада ўзининг ҳаётини ҳам бебаҳо гавҳарга айлантиради. Яна кимдир эса ана шу лаҳзаларни нафс кўйида тошдан тошга уриб абгор қилади. Машҳура момоси айтган бир гапни эслади: «Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайди бу одамзот. Биласанми, болам, мусофирнинг энг оғир сафари қадрини, шаънини хор этгувчи сафардир. Шунинг учун ҳар қандай вазиятда ҳам инсон боласи иродали ва ҳушёр бўлмоғи, қўлидаги бебаҳо гавҳарини арзимаган нафс қутқусига отмаслиги керак».

Буни қарангки, Машҳурага энг оғир сафар насиб қилди. Атрофидаги яхшиларнинг насиҳатларини вақтида англамаганлиги боис яқинлари ва фарзандларини ҳам эл-юрт олдида уялтириб қўйди.

 

Ҳордиқ газетасидан олинди

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: