Тили чиқмаган бола билан қандай гаплашса бўлади?

0

«Икки ёшга тўлган боланинг тили чиқиши керак. Ўзининг учинчи туғилган кунига қадар бола ўртача 300 та сўзни билиши, тушуниши, гапира олиши лозим. Боланинг тили вақтида ва равон чиқиши учун ота-она ёрдам бериши мумкин экан», деб таъкидлайди россиялик машҳур педиатр Комаровский.

Бунинг учун:

1. Бола билан туғилмасидан аввал суҳбатлашишни бошланг.

Ҳомиладорликнинг 3 триместрида бола товушларга жуда таъсирчан бўлади. Айнан бу даврдан бошлаб она ёки ота ўз фарзанди билан мулойим гаплашишни, классик мусиқаларни қўйиб беришни одат қилиши керак.

2. Янги туғилган чақалоқ билан доимо суҳбатлашиб юринг.

Чақалоқлигидан равон нутқни эшитган боланинг тили чиқиши осон бўлади.

3. Боланинг кўзларига қараб гапиринг.

Ота-она гапираётганида бола унинг лаб қимирлашини кузатади, шу йўл билан унинг тили чиқиши осонлашади.

4. Болага кўп савол беринг.

Бола жавоб бера олмаган тақдирда ҳам унга савол беришга одатланинг. Саволингизга жавоб бериш ниятида унинг ақлий ва нутқий ривожланиши кучаяди.

Телефон ва компьютер ўйинлари боланинг тили чиқишини кескин секинлаштиради.

5. Болага тез-тез эртак ўқиб беринг.

Китобдаги янги сўз ва иборалар боланинг тили чиқишида муҳим аҳамият касб этади.

6. Бола билан бирга ёки бола учун қўшиқ айтинг.

Мусиқа ва қўшиқ нутқни ривожлантиради.

7. Бола билан доимий равишда мулоқотда бўлинг.

Овқат қилиш давомида ҳам болани сабзавотларнинг ранги, сонини айтишга унданг. Ён-атрофдаги буюм ва манзараларни бола билан биргаликда таҳлил қилса бўлади.

8. Бола тилида суҳбатлашманг!

Бола 6 ойдан ўтгач, у билан оғизни чўччайтириб, «ширингина» гапиришнинг фойдаси йўқ. Боланинг тили чиқишида бу қийинчилик туғдиради.

БОЛА НУТҚИНИНГ
РИВОЖЛАНИШ
БОСҚИЧЛАРИ

(1 ёшдан — 7 ёшгача)

Боланинг нутқи 1 ёшдан сўнг ҳам босқичма-босқич ривожланади. Ҳар бир босқичнинг ўзига яраша ютуғи мавжуд.

1 ёш 3 ой

Бола 6 тага яқин сўзни билади. Оддий талабларни тушуниб, таниш сўзларни расмда кўрсата олади.

1 ёш 6 ой

Баданининг бир-иккита қисмини айта олади, 7-20 тагача сўзни билади.

1 ёш 9 ой

Баданининг уч-тўртта қисмини айтади. 20 та сўзни билади. Икки сўздан иборат бўлган ибораларни қўллайди  («Чой бер», «Дада келди»)

2 ёш

Бу ёшда бола баданининг бешта қисмини айта олади. 50 га яқин сўзни билади. Икки босқичли ибораларни тушунади. Мен, сен, у каби сўзларни яхши англайди. Иборалари икки сўздан иборат. П, б, м, ф, в, т, д, н, к, г, ҳ ҳарфларни айта олади. С, з, ш, ж, ч, р, л ҳарфларни, одатда, қолдириб кетади.

2 ёш 6 ой

Сонларни тушуна бошлайди. «Нима?», «Қаерда?» саволларни тушунади. С, з, л ҳарфларини айта олади.

3 ёш

Боланинг сўз бойлиги 250-700 гача. Иборалари бир нечта сўздан иборат. Кўпликни билади. Қийин талабларни тушунади  («Пиёланинг ичига қошиқ солиб қўй»). Енгил эртакларни эшитиб, тушунади.

4 ёш

«Қанча?», «Ўрнига», «Кейин», «Қаерга?» каби сўзларни ибораларда ишлата олади. Сўз бойлиги 1500-2000 гача. «Болаларча» ҳарфларни юмшатиб гапириши йўқолади.

5 ёш

Боланинг сўз бойлиги 2500-3000 га етади. Тилдаги барча ҳарфларни бемалол айта олади. Қийин ибораларни қўллаб, ўз фикрини, истагини ифодалайди. Сўздаги ҳарфлар тартибини алмаштирмай гапиради.

5 ёшдан 7 ёшгача

7 ёшга келиб боланинг сўз бойлиги 3500 га яқинлашади. Боланинг тилга эътибори ошади. Атроф-муҳитни сўз билан баҳолай олиш қобилияти бўлади. Боланинг психологик ҳолати мактабга тайёрланади.

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here