Бахт остонасидаги қалтис қарор

0

— «Бахт қиз боланинг ниятига қараб берилади», дейишса ишонмасдим. Лекин, барибир, ўйлаб-ўйламай қилган биргина ниятим туфайли шу кўргуликлар бошимга тушдими, деган ўй юрагимни тилка-пора қилаверади.

Талабалигимизда бир куни маданият саройига таниқли шоира ташриф буюрганини эшитиб, дугонам иккимиз ҳаяжон билан ўша томонга ошиқдик. Чекка қишлоқдан келган мендек бир қиз учун телевизорларда чиққан машҳур шоира билан учрашиш, уни кўриш катта гап эди-да. Ишониб-ишонмай, залга кириб ўтирдик. Шоиранинг чеҳраси экранда кўрганимдагидан-да гўзалроқ кўринар, уни яқиндан кўриб турганимга ишонгим келмасди. Суҳбат бугунги шеърият, унинг ютуқ ва муаммолари тўғрисидаги гап-сўзлар билан бошланди. Ниҳоят, ўзингизни қизиқтирган саволни беринг, дея устозимиз рухсат бергач, гуруҳимиздаги Гулрух исмли қиз ўрнидан турди.

— Шоира бўлиш учун севиш, севилиш, севганига ета олмаслик муҳимми? Ахир куйган дилдан яхши шеърлар чиқади, дейишади-ку. Агар сир бўлмаса айтинг-чи, сиз ҳам севганингизга ета олмаганмисиз? Шеърларингиз жуда ғамгин, — гуруҳдошимизнинг саволи барчани қизиқтириб қўйди.

Шоира қандай жавоб қайтараркин, дея барчанинг нигоҳи унга қадалди.

— Қизим, севги барчанинг бошида бор туйғу. Ёр висолига эришиш эса бахтли бўлдинг, дегани эмас. Ҳаёт висол билан тугаб қолмайди. Муҳаббатнинг умри боқий, уни асраш лозим. Ана шунда инсон ҳам, муҳаббат ҳам ўз қадрини йўқотмайди.

— Ўзини эри ташлаб кетган, деб эшитганман, — дугонам секин мен томон энгашиб шивирлади, — қара, гапларидан ҳам билиниб турибди.

Учрашув тугагач, бирин-кетин ташқарига чиқдик. Талабалар шоиранинг қайсидир гапини ёки шеърини муҳокама қилиб, бир-бири билан баҳслашарди.

— Эри ташлаб кетганидан кейин шеър ёза-ёза шоира бўлиб кетган-да, — метро бекати томон кетарканмиз дугонам хафсаласизлик билан қўл силтади. — Менга қолса, бундай йўл тутмасдим. Илоҳим, шоира бўлмай, лекин севганимдан ҳеч қачон айрилмасам бўлди.

— Мен эса ўшандай бўлишни орзу қиламан. Майли, севганимдан айрилсам ҳам, шоира бўлсам бўлди.

— Гулноза, — дугонам ҳайрат билан гапимни бўлди, — ўйлаб гапиряпсанми?

Дугонам менга аллақандай нигоҳ билан бироз тикилиб турди-да, индамай нари кетди. Шундан кейин қайта бу ҳақда оғиз очилмади.

Таътилда уйга қайтдим. Уйимизга яқинлашиб қолганимда қаршимда синфдошим Жаҳонгир пайдо бўлди. Ўша, менда кўнгли бор Жаҳонгир.

— Гулноза, келганинг яхши бўлди. Мен сизларникига совчи юбормоқчиман! Майли, ўқишингни давом эттираверасан, фақат нон ушатиб, фотиҳа қилиб қўйсак, девдим.

Унинг гапини эшитиб, негадир жаҳлим чиқди.

— Мен ҳали-бери эрга тегмоқчи эмасман! Бунинг устига, сен ҳали ўқишга кирмаган бўлсанг…

— Нима, ўқимаган, деб энди мендан номус қиляпсанми? Ахир ўртамиздаги севги…

— Бундай гапларни гапирма! Мен ҳозир ўқияпман, битирганимдан кейин қиладиган ишларим кўп.

— Гулноз, жуда ўзгариб кетибсанми? Шаҳарга борганлар ўзгаради, дейишгани тўғри экан-да. Ё битта-яримтасини топиб олдингми?

— Менинг қиладиган ишларим жуда кўп. Эрга тегиб, уйда ўтириб қолмоқчи эмасман! Ўқишни битириб, китобларимни чиқарганимдан кейин ўйлаб кўришим мумкин.

Жаҳонгир менга бироз тикилиб турди-да, индамай кетди. Мактаб пайтимизда орамиздан гап қочиб, у аразлаб қолгудек бўлса, негадир ўзимни ёмон кўриб кетар, ундан кечирим сўраб, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилардим. Бугун бўлса, унинг аразлаши ғашимни келтирди.

— Кетсанг, йўқолиб кетмайсанми?!

Мен ҳам терс ўгирилдим.

Ўша куни кечқурун Жаҳонгир совчиларини жўнатди. Дадам ўқишим борлигини айт­са, онам «Яхши жойдан келувди-да. Ҳеч бўлмаса, фотиҳа қилиб қўйсак, ўқиши тугаши билан тўй қилардик», деди. Мен эса «Ўқимаганга тегмайман», дея шартта жавобимни айтиб, совчиларни қайтардим.

Бир ҳафта ўтмай, Жаҳонгирнинг қўшни қиз Ноилага фотиҳа қилинди. Бу хабарни эшитишим билан юрагимдан нимадир «чирт» этиб узилгандек бўлди. Беш йил мобайнида севиб, дилимда ардоқлаб келган инсоним ўзганинг ёри. «Демак, бошқага уйланяптими, мени севиши ёлғон экан-да. Агар ҳақиқатан ҳам, севганида бошқага совчи қўймасдан ўқишга кириб, айтганимни қилган бўларди», дея ич-этимни аламли ўйлар кемирди. Тўққизинчи синфни битираётганимизда унинг менга севги изҳор қилгани, шундан бери муҳаббат деб аталмиш бу боғдаги ширин хотираларимиз, унинг менга берган ваъдалари… Энди барчаси бир тушга айлангандек эди гўё. Гарчи бир ҳафта олдин унинг ўқишга кирмаганидан жаҳлим чиқиб, севгисини рад қилган бўлсам, энди бу ишимдан пушаймонлик бутун вужудимни чулғаб олганди. Муҳаббатдан яраланган қалбимни энди аламзадалик,
нафрат эгаллади. Шеър­ларимда ҳам ҳижроннинг аламли изтиробларини бита бошладим.

— Мана, ниятингга етдинг! Энди севгилингдан айрилиб, ҳақиқий шеърлар ёзасан, — деди дугонам бир куни менга маъноли қараб.

— Нима, бир бевафони деб ўзимни қийнайманми? Ҳечам-да.

* * *

Турли тадбирларда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритдим. Ўқишда ҳам фақат аъло баҳоларга ўқирдим. Газеталардаги мухбирлар эса шеърларимни ўқиб, астойдил ҳаракат қилсам, мендан яхши шоира чиқишини айтишар, бундан эса дугонамнинг менга бўлган ҳаваси баттар ортарди. Университетни тамомлашим арафасида уйимизга таниш оилалардан совчилар кела бошлади. Тўғрисини айтсам, куёвликка номзодларнинг ҳеч бири менга ёқмади.

— Бирини танласанг бўларди. Ҳаммаси яхши оиладан, — деди онам куюнчаклик билан, — бирини ўпоқ, бирини сўпоқ деяверсанг, ўзингга қийин бўлади, қизим. Ёшинг ҳам…

— Аяжон, ахир юрагим «жиз» этиши керак-ку. Биронтаси ҳам ёқмаса, мендами айб? — дедим жаҳлим чиқиб. — Мажбуран тегмоқчи эмасман!

— Унда билганингни қил, — умид билан сов­чи кутавериб, хуноби ошган онамнинг жаҳли чиқди.

Магистратурада ўқий бошлаганимда, дадамнинг қўлига қараб ўтирмасдан ҳарна ўзимни эплайман, дея редакциялардан бирига мусаҳҳиҳ бўлиб ишга кирдим. Ҳозирча газетада хатоларни тузатувчи мусаҳҳиҳ бўлиб ишласам-да, келажакда машҳур шоира бўлишимни ўйласам…

Ишхонамизда Жавлон исмли бир дизайнер йигит ишларди. Аввалига унинг илмоқли гапларига, ҳазиломуз муҳаббат изҳорларига унчалик эътибор бермадим. Лекин бир куни у ишдан қайтаётганимда йўлимни тўсиб, мени ёқтиришини, совчи жўнатиб, уйланмоқчилигини айтганида бутун вужудим ғазабдан титраб кетди. Чунки Жавлон кўримсизгина йигит эди.

— Тўғрисини айтсам, менинг дидимдаги йигит…

Хуллас, мен уни ҳақорат қилдим. Жавлон гапимни охиригача эшитмади. Келган йўлига қайтиб кетди.

Шу тариқа йиллар ўтди. Жавлон ишхонамиздаги бир талаба қизга уйланди. Яна бош­қа қизлар ҳам турмушга чиқиб кетишди. Уларни кўриб, «Нега кўз олдимда барча бахтли бўлиб кетишяпти-ю, менинг шаҳзодам келмайди? Ёки кўнглимдагидек йигитни учратолмай ўтиб кетсам-а?» деган аламли оғриқ юрагимни тирнар, кечалари ухлай олмасдим.

— Гулнозахон, мана, ишхонамизга келганингизга ҳам бир йилдан ошиб қолди. Сизни яхшилаб кузатдим, менга ёқиб қолдингиз. Шу десангиз, бир жияним бор, опамнинг ўғли. Яхши, тагли-тугли хонадон. Жияним ҳам каттакон бир ташкилотда ҳисобчи бўлиб ишлайди, топиш-тутишиям бинойидек. Шунга икковингиз бир-бирингизни кўрсаларингиз, гаплашсаларингиз дегандим-да. Опам ҳам «Аввал икковини бир учраштириб кўр, кейин сов­чиликка бораман», дегандай гап қилди. Нима дейсиз, жияним билан учрашишга? — тушликдан қайтаётганимизда Меҳринисо опа мени чеккага тортиб, сўраган бўлди.

— Билмадим… — негадир унинг гапларидан уялиб кетдим.

— Ундай бўлса, мен ҳозир телефон қилиб, жиянимни чақиртираман. Сиз учун бошлиқдан ўзим рухсат сўрайман, — Меҳринисо опа уялганимни розиликка йўйди, шекилли, жавобимни ҳам кутмасдан илдамлаб кетди.

Унинг гапларини эшитиб, негадир юрагим қинидан чиқиб кетгудек бўлди.

Чиндан ҳам, йигит тез орада етиб келди. Меҳринисо опа мени деярли зўрлаб пастга тушириб юборди. Тавба, бир соат бурун ҳеч бир гапдан хабари йўқ қизнинг учрашувга чиқиб кетишини-чи, дея ўз ҳолатимдан ўзимнинг кулгим келади. «Гулноза» деган овоздан чўчиб тушдим. Ўгирилдим-у, нотаниш йигитнинг кулимсираб турганини кўриб, юрагим бўғзимга тиқилиб қолгандек бўлди.

— Гулноза сиз бўласизми? Мен Меҳринисо опанинг жияниман, исмим Жасур, — кўринишидан ўттизларни қоралаб қолган, барвас­та, истарали йигит менга кулимсираб турганидан ўзимни йўқотиб қўйгандим.

У билан анча пайт гаплашдик. Жасур ака менга узоқ тикилиб турди-да, унга ёққанлигимни, кейин эса менинг фикримни сўради. Гапирай дейман-у, тилим айланмасди.

— Ундай бўлса, сов­чиларни жўнатаман. Бир ҳафтанинг ичида тўйимиз бўлади, розимисиз?! — унинг гапидан юрагимда пайдо бўлган туйғуни таърифлаб беролмайман.

— Мен ишласам дейман… — ниҳоят, тилимга кўчгани шу бўлди.

— Яхши, ишлайверинг. Мен ишлашингизга тўсқинлик қилмайман! Меъёридан чиқмасдан, кўнглингиз тусаган ишни қилинг.

Унинг дангал гапиргани баттар меҳримни оширди. Демак, шоира бўлишимга ҳам қарши эмас. Шу қисқа вақт ичида унга умр йўлдош бўлиш… Йўқ, буларнинг бари тушга ўхшайди.

Эртасига уйимизга совчилар келишди. Менинг розилигимни кутиб, оғзимни пойлаган онамга «Шу совчиларга йўқ деманглар», дедим-у, уялганимдан хонамга кириб кетдим.

— Қизим, танимаган-билмаган оилага розилик бериб юбордик. Ишқилиб, тузуккина одамларми? Йигитнинг ўзи яхшими, нима иш қилади? — совчиларни жўнатган онам мени саволларга кўмиб ташлади.

— Билмайман! Менга ёқди, — дедим қандай жавоб қайтаришни билмасдан.

Онам оғир хўрсинди. Энг ажабланарлиси, эртасига бўлди. Қудалар телефон қилиб, шу тўрт-беш кунда тўй қилиб олиб кетмоқчилигини айтишди.

— Намунча шоширишмаса. Ишқилиб, яхшиликка бўлсин-да! Юрагим ғаш. Назаримда бир кўнгилсизлик…

* * *

Ҳақиқатан, бир ҳафтанинг ичида тўй бўлди. Сездирмасликка қанчалик ҳаракат қилмай, севинчим ичимга сиғмайди. Тўй куни белгилангани боис ишхонамдан ҳам меҳнат таътили олиб, тўй тадоригига киришдим. Қудалар томонидан келтирилган сарполарнинг қимматбаҳолигини кўриб, онам ўзини йўқотиб қўйди. Тезроқ кўйлакларни тиктиришим, никоҳ либосини буюртма қилиб келишим, керакли нарсаларни сотиб олишим… Барига улгуришимга кўзим етмайди. Бироқ бундай ширин ташвишларни шу кунгача орзу қилмадимми?

Тўй кунигача Жасур акам билан бир маротаба учрашдик, холос. Ундаям никоҳ либосини буюртма қилгани борганимиз-да. Салондаги энг қимматб никоҳ кўйлагини кўрсатиб, менга ёққан-ёқмаганини сўраганида донг қотиб қолдим.

— Сендан сўраяпман, ёқдими? — Жасур акамнинг овози баланд чиқди. — Фақат тезроқ бўл, ишларим кўп.

Кўриниши ҳақиқий маликаларнинг либосини эслатувчи бу никоҳ кўйлагини кийишни ҳатто тушимда ҳам орзу қилмаганман. Шу боисдан қулоқларимга ишониб-ишонмай, «розиман» дегандек бош ир­ғадим.

* * *

Ҳар бир қиз орзу қилганидек ёр-ёр садолари остида ёқтирган йигитингнинг қўлидан тутиб, ота уйингни тарк этишинг осон эмас экан. Эркатой, бебошликларимни уйимизга ташлаб кетаётганимдан кўзларимга ёш келди. Йиғлаганча машинага ўтирдим. Ниҳоят, икки қават қилиб қурилган ҳашаматли уйнинг олдида тўхтадик. Дарвоза олдида қариндош-уруғлар, болалар қий-чув бўлганча бизни ўра олишди. Машинадан тушиб, куёвнинг қўлидан тутганча энди икки қадам юргандим ҳамки, орқадан аёл кишининг бақирган овози эшитилди.

— Ҳой, келинчак, тўхта! Овоз келган томонга беихтиёр ўгирилиб қарадим. Мен каби бошқалар ҳам у томонга юзланганди. Биздан ўн қадамлар нарида қўлида бола кўтарганча бир аёл турарди. Унинг кўзлари жиққа ёш, нигоҳи ғазабнок эди.

— Сенмисан боламни отасидан ажратадиган? Биласанми, сен каби мен ҳам беш йил олдин мана шу уйга кириб келгандим. Ўшанда бу киши ота-онасининг бойлигига кекириб, гиёҳвандликка берилиб кетганди. Манави бола эримнинг ўша мазахўрагининг оқибати. Боламиз ногирон бўлиб туғ­илгач, улар бундан воз кечишди. Мана, қизим учга киряпти. Унга бир қара, ногиронлиги етмагандек, энди отасидан ҳам ажратмоқчимисан?! Сен бу гиёҳванддан соғ­лом бола туғаман, деб ўйлаяпсанми?

Аёлнинг гапларини эшитиб, устимдан муздек сув қуйилгандек бўлди.

— Нега анқайиб турибсанлар! Анавини йўқотмайсанларми?! — Жасур акам қаршимиздаги аёлга ғазабли нигоҳини тикканини кўриб, барчасига тушундим.

— Мен кетаман! Бу ерда бир дақиқа ҳам қолмайман! — деганча унинг қўлини силтаб ташладим-у, орқага юрдим. Ортимдан йиғлаганча онам ва холам эргашди…

ГУЛНОЗА