Дунё гўзалининг аянчли қисмати

0

Икки аёл дардлашиб ўтиришибди. Бола кўтариб олган жувон ғоят бадбашара, ёнидаги суҳбатдоши эса ниҳоятда гўзал ва жозибадор эди.

— Пешонагинам қурсин, афтим қурсин! Шу ҳам ҳаётми?..

— Ундай деманг, сиз бахтлисиз!..

Башанг кийинган, латофатли хонимнинг шундай дейиши ғариб ҳолда ўтирган болали аёлни ҳайрон қолдирди.

— Мен… бахтли? — баданини оқ босган бахтиқаро синиқ жилмайгандек бўлди. — Шу башара билан, а?

Аёл ёпинчиқ ёпинган, юзида фақат бир тешик кўринар, шу тешикча орқали минг истиҳола билан гапирарди.

— Шукр қилинг! — деди хоним ҳаяжонли овоз билан ва маҳзун жилмайганча она қўйнида ухлаб ётган болага нигоҳи кўчаркан қўшиб қўйди:

— Хунукман, дейсизми? Бола кўтариб олган аёлнинг ҳам хунуги бўладими? Эҳ, сингилжон, бағрингизда бола… Болангиз бағрингизда! Мен бўлсам… — У оҳ чекиб, кўзларида мунг билан оғир хаёлга ботганча жим қолди.

— Нима, фарзандингиз йўқми? — сўради аёл титроқ, аламли чиққан овоздан сесканиб.

— Бор, Худога шукр. Аммо унинг дийдоридан маҳрумман.

— Шунақа денг. Ким зор этди сизни болага, ўз жигарпорангизга?

— Эрим… Йўқ, йўқ, ўзим. Айбдор ўзим! — хонимнинг ўксик кўзлари пир-пир учди, ғамгин нигоҳини номаълум нуқтага қадаб хўрсинди.

— Нима, бирон…

— Шеър…

— Шеър?

— Шоираман. Исмим Фуруғ.

— Фуруғ? — деди аёл ҳаяжонланиб ва юзини очиб, рўпарасида мунғайиб ўтирган гўзал хонимга ишонқирамай қаради. — Наҳотки? Сиз ўша машҳур шоира Фуруғ Фаррухзодми?

Ҳа, аёлнинг рўпарасида машҳур шоира, таниқли актриса ва продюсер Фуруғ Фаррухзод ўтирарди, бамисоли бу ташвишли дунёда эндигина бир ҳамдард топгандай.

— Ҳа.

— Эй, Худо, рўпарамда Фуруғ! — деди аёл ҳаяжондан энтикиб. — Мен севган шоира! Лекин нега? Нега шеър сизни…

Фуруғнинг бу ерда бўлиши аввалига бу ердагиларга ёқмаган эди. Қалби ўксик бадбашаралар ундан ўзини олиб қочишди. «Нима керак экан бу хонимга? Нега келди?»

Моховлар сақланаётган қўриқхонага Фуруғ фильм олгани келган эди. У қийинчилик билан бўлса-да, инсоний ҳис-туйғу билан яшаётган, аммо одамзот қиёфасидан маҳрум кишилар юрагига оз фурсатда йўл топа олди. Баъзи киборларга ўхшаб улардан ҳазар қилмасди. Баданини оқ босганлар билан бир дастурхон атрофида ўтирди. Ҳасратлашди. Фуруғнинг назарида ўша кезлар моховлар аҳволидан ҳам ўзига оғирроқ туюлар, бу ғамхонадаги ҳоли ғариблар эса юраги тўла дард бу хонимга ачинар, унга дардкаш бўлишга интилашарди.

Улардан бири — бояги суҳбатдоши қўлидаги боласини узатди. Фуруғ гўдакни олиб, бағрига босди. Юз-кўзидан ўпди. Ҳидлади. Яна ўпди. Яна ва яна… Таъсирланиб кетган мохов аёл ўзини тутолмай йиғлаб юборди ва:

— Хўп десангиз, шу болани сизга берсам, — деди болага ташна хонимнинг аянчли аҳволидан юраги эзилиб.

— Нима? — Фуруғ қулоқларига ишонмасди.

— Бу бола сизники. Фарзандликка олишингизга розиман.

— Наҳотки?!

Фуруғ қаттиқ ҳаяжонда эди. «Она ўз ихтиёри билан боласини бериб юборадими бировга? Бу қандай она? Балки, бола дийдорига ташна мен шўрликка раҳми келиб шундай қиляптими? Шундай ачинарлими аҳволим? Тасанно, Худойим! Шундай олийжаноб ишларга қодир улуғ, ҳимматли зотни яратганинг, уни бир болага зор аёлга рўпара қилганингга минг тасанно!»

Фуруғ аёлнинг оёқларини қучоқлади. Фарзанди Комёрни унутиш учун ҳам ўша аёлнинг соғлом фарзандини асраб қолмоқчи бўлди. Аммо Комёрни унутиш осон кечмас эди.

Фильм муваффақиятли чиқди. Моховлар ҳаётига доир «Уй қорадир» картинаси 1963 йили «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинацияси бўйича нуфузли танловда олий мукофотни олди. Германияда совриндор бўлган Фуруғнинг фильми бутун Европа, шу билан бирга Осиё ва бошқа қитъаларда намойиш этилди. Аммо продюсер учун тақдирнинг инояти, олий мукофот «болали» бўлиши эди. Асраб олган боласининг исми Шаҳриёр. Фуруғ Шаҳриёрга бор меҳрини берди, лекин ўз Комёрини ҳам унута олмасди. Бола соғинчи руҳиятига кун сайин қаттиқроқ таъсир ўтказар, юрагидан фарёд отилиб чиқаркан, ярим тунларда уйғониб кетарди.

— Болам!!!

* * *

Фуруғ Теҳрондаги санъат коллежини битирди. Тикувчилик қилар, расм чизар, аммо хаёли, қаерда бўлмасин, шеър билан банд эди. Ўн олти ёшида турмушга чиқди. Парвиз Фуруғдан икки баравар катта эди. Шунга қарамай шоира уни севди. Севгилисига бўлган соф ва жўшқин туйғуларини шеърларида ифода этди. Ёш келин ўзининг биринчи шеърий тўплами «Асир»ни «Асирингиздан» дея таъзим ва беғубор жилмайиш, меҳр ҳамда самимият ила «хўжайин»ига туҳфа қилди. Аммо кайфияти бузилган Парвиз қўлида китобча, бошини сарак-сарак қилди, лабини буриштирди. Фуруғ эрининг бу ҳолатини кўриб, аъзойи баданини совуқ тер қоплади. «Унга нима қилди? Қўлидаги гўё менинг шеърларим эмас, хушторимга ёзган ишқий мактубим…»

Фуруғ маҳзун ва мулзам уйдан чиққач, Парвиз ижирғаниб китобчани токчага ташлади.

Эр-хотин «икки муқобил олам», қарама-қарши қутб эди. Бири шеърият шайдоси, иккинчиси эса…

Шоиранинг кўзларига дунё қоронғу. «Адашмадингми, Фуруғ? Кимни севдинг? Бошқа ҳис-туйғу, бошқа дунёқараш…» Ҳа, бу бутунлай бошқа-бошқа одамнинг тақдир боғлаши-ю бир-бирини азоб-изтиробларга қўйиши эди.

— Шеър ёзишни бас қил, — дерди Парвиз, — дардинг, ҳиссиётинг, ичингдаги бор туйғу ва эҳтиросларни ёлғизгина тан маҳрамингга изҳор эт, ҳаммага ошкор қилма!

Фуруғ турмуш ўртоғига ниманидир тушунтиришга кўп уринди, фойдаси бўлмади. Бир журналда янги туркуми босилди-ю, «Гуноҳ қилдим, тўлиқ лаззат гуноҳи» сатри билан бошланадиган шеърни ўқиб, Парвиз тутақиб кетди. Рафиқасининг ёқасидан қаттиқ ғижимлаганча ўзига тортди: «Кимнинг оғушида гуноҳ қилдинг? Энди «лаззатли» гуноҳингни ҳаммага дастурхон қиляпсанми, беномус?!»

Меҳрибон ота ҳам куёв томонда эди. Жиғибийрони чиқарди Фуруғнинг: «Гуноҳим нима, ота? Отажон, мен нима қилдим?»

Отаси ҳам қизини тушунадиган ҳолатда эмасди. Унга нафрат билан қаради: «Шарманда қилдинг, беҳаё, шарманда!»

Ҳолбуки отаси ўқимишли, маданиятли одам эди. Каттагина кутубхонанинг мудири, маърифатли киши. Аммо «Кўзимга кўринма, бемаъни!» — дея у шоира қизини уйдан ҳайдаб солди. Фуруғ кўчада қолди. Хароб бир кулбани ижарага олгунича кўп сарсон бўлди. Ижарага олган уйи эса бўм-бўш. Бош қўядиган бир ёстиқ йўқ. Пул йўқ. Иш йўқ… Кичкина укаси кириб келди.

— Фаридун?

— Сиз билан қоламан, опажон. Бошингизга ёстиқ бўлиб… — деди укаси.

Ёр-дўстлар орага тушиб, эр-хотинни яраштириб қўйишди. Аммо бошқа шаҳарга кўчиб кетиб, янги ҳаёт бошлаган ёш оилада ҳамон нотинчлик. Фуруғ фарзанд кўрди. Ширингина ўғилчанинг исми Комёр. Бироқ дил пайванди ҳам бузилай деб турган оилани хатардан ҳоли қила олмади.

Фуруғ гулни яхши кўрарди. Гулма-гул учиб юрадиган капалакни ҳам. Ва ҳаёт гултожи — бола, болаларни!

Ичи ҳиссиётга лиммо-лим она — шоирага Комёрининг ҳар жилваси, ҳар ҳаракати, ҳар садоси бир шеърдек туюлар, шеър ўқиб, уни ухлатар, шеър билан уйғонарди. Дилбандининг ўзи эса — тирик шеър!

Ўғли ширин уйқуга кетгач, ҳиссиётлари ҳамиша бедор шоирани дард тутар ва унга кўп ранж-азоблар бериб, ниҳоят, шеър дунё юзини кўрарди, янги шеър.

Бир куни:

— Нима бу? — дея Парвиз қўполлик билан хотинининг қўлидан дафтарни тортиб олди. Варақлади ва:

— Яна шеърми? — деди  ўқрайиб қараркан.

Фуруғ деворга суянганича беҳол-бемажол туриб қолди.

— Сенга нима дегандим, лаънати?!  — Парвиз нафрат туғёнидан ўзини тутолмай фарёд солди-ю, дафтарни йиртиб, аёлининг юзига отди.

— Оҳ, эндигина дунё юзини кўрган шеърларим! — ўкириб юборди Фуруғ.

— Воҳ, шунга шунчами? — Парвиз кулди. — Сендек фаҳш фикрли аёлга шундай бемаъни гапларни ёзиш шунчалик душворми?

— Жуфти ҳалолингизман, илтимос, ҳақорат қилманг. Шеърни ҳам!

Парвизнинг қўлида бола. Рўпарасида умр йўлдоши.

— Танла: шеър ё бола?

Фуруғ нима дейишини билмай ҳайрон эди.

— Эшитмадингми? Бола ё шеър?

— Икковиям менга азиз.

— Йўқ, ё уни, ё буни!

— Иккисиям менинг ҳаётим: ҳам шеър, ҳам бола… Фуруғ гапини тугатолмади.

— Етар, танлаб бўлдинг! — деди Парвиз чўрт кесиб. — Демак, шеър… — қўшиб қўйди заҳархандалик билан. — Яхши. Бўлмаса, Комёрни унут, қолавер, ана шу ифлос шеърларинг билан. Биз кетдик!

Шундай деб, Парвиз болани олди-да, хонадан чиқди.

— Илтимос, тўхтанг. Боламни беринг… — Фуруғ югуриб эрининг йўлини тўсмоқчи бўлди.

— Садқайи бола кет! — дея Парвиз аёлини зарб билан итариб юборди.

Фуруғ қисматнинг қаттиқ зарбасига дош беролмади. Юрагининг бир парчасини юлиб олган ҳолда Парвиз уни ташлаб кетгач, соғлигини ҳам йўқотди. Хаёли болада. Телбанамо бўлиб қолди. Бир муддат руҳий касалликлар шифохонасида даволанишига ҳам тўғри келди. Бу аҳволга тушиб қолишига нима сабаб бўлди? Эри-ю боласидан, соғлигидан, умид-орзуларга лиммо-лим дунёси, обрў-эътиборидан айирган шеърмиди? Шеърни деб…

Бир муддат умидсизликка тушиб, ҳеч нарса ёзмай қўйган шоира яна қўлига қалам олди. Шеър йўлида зулматлар оралаб, зиё ва рўшнолик томон илдам қадам босди. Эс-ҳушини йиғиб олиши учун ўзида куч топиши, соғлом одамлар сафига қўшишига эса тағин шеър сабабчи бўлди.

Иродали Фуруғнинг истак-хоҳишлари катта мақсадлар билан уйғунлашди. У энди фақат ўз дардини эмас, ўзгалар дард-изтироб-эҳтиросларини, руҳий жунбушлари-ю ўкинч-шодликларини ҳам юрагида ҳис этиб, рангин, гўзал, таъсирчан шеърлар битар, мудроқ қалбларга бедорлик бахш этар, кимгадир завқ ё таскин бера олганидан ўзи ҳам завқ олар, таскин топарди.

Фуруғ санъаткор сифатида ҳам дунёга танилган эди. Нуфузли кинофестиваль ўзининг олий мукофотини «Фуруғ Фаррухзод» деб номлади. Турли мамлакатларда босилаётган рангли журналлар муқоваларига Фуруғнинг гўзал сиймоси зийнат берар, «дунё гўзали» номи билан ҳам тилларга тушган эди. Таниқли санъаткор, шеърият саройининг маликаси Фуруғ ҳаётига бағишлаб, ЮНЕСКО 1965 йили ярим соатлик фильм яратди. Машҳур режиссёр Бернардо-Бертолож суратга олган фильмда ҳам Фуруғ турмуши ва фаолияти ёрқин акс эттирилди.

* * *

Таниш-билиш, мухлислари беҳисоб, аммо биттагина дардкаши бор эди — укаси Фаридун. Асраб олган боласи ҳали ёш…

Опасининг ёлғизликни ихтиёр этишидан Фаридуннинг юрак-бағри қон бўларди. Ҳа, атрофи тўла одам бўлса-да, Фуруғ  ёлғиз. У лабида дардли табассум билан шундай дерди: «Дунёнинг энг холи шаҳри — ишқ шаҳрининг якка-ю ёлғиз сокиниман».

Меҳрибон Фаридун опасининг қўлини кафтларига олиб:

— Лекин нега опажон, нега? — дея термуларди кўзларига. — Харидорлар бисёр. Наҳотки бирон муносиби йўқ? Қайта турмуш қуринг, опа. Севинг, севилинг!

Фуруғ кулди ва:

— Бўлади, — деди хаёлчан укасининг бошини меҳр билан силаркан.

— Аммо қачон? Умр ўтиб кетяпти ахир, умр!

— Ўзинг-чи, укажоним. Ўзинг қачон уйланасан?

Фуруғ яна тушкунлик гирдобида. Оромини бузиб, юрагини эзиб, қандайдир садо қулоғи остида жаранглаб тургани-турган. Бу дард фарёди эди. «Мендан қутулиб бўпсан», дерди бу фарёд. «Йўқ, қутуламан, — жавоб берарди Фуруғ. — Мен ўламан ва қутуламан!»

Яна даҳшат чулғаб оларди шоира вужудини: «Йўқ, ахир Комёрим… Худойим, наҳотки ўлсам-у, уни кўрмасам? Дилбандимни бағримга босмай, дунёдан ўтсам?!»

Фуруғнинг қисқа умридан (32 ёшида фожиали тарзда оламдан кўз юмди) деярли ярми фарзанд соғинчида ўтди. Судга мурожаат этавериб, ҳолдан тойди. Қонун ҳимоячилари олдида минг марта бош эгди — бир марта жигарпорасини кўришига рухсат бўлмади.

«Қаердасан, болам? Бир мартагина сени кўрсам эди. Бир марта кўрай ва… ўлай!»

Фуруғ Фаридун билан ўтирибди.

— Турмушга чиқиб кетмадими бунисиям?

— Йўқ, — деди Фаридун.

— Унда нима бўлди? Нега хомушсан?

— Сабабини биласиз-ку…

— Мени кутяпсанми? Дилдорингни зор-интизор қолдириб, менинг турмушга чиқишимни кутяпсанми, Фарид?

— «Опам турмушга чиқсагина кейин мен хотиржам уйланаман, йўқса, мен ҳам ёлғиз ўтаман бу дунёдан», деган эдим, биласизми, нима деб жавоб қилди Фотима?

— Нима дединг? Ёлғиз ўтаман?.. — изтиробга тушди Фуруғ.

— Умрим охиригачаям кутишга тайёрман, деди бўлғуси келинингиз. Куттирмассиз, опа?

— Фарид!

— У сизни кўрмоқчи.

— Яхши. Қачон олиб келасан?

— Олдин уни таништирасиз менга. Бўлғуси поччамни! Кейин келинингизни кўрасиз.

— Бу жуда оғир шарт-ку, Фарид? — Фуруғнинг овози титраб чиқди.

— Биламан, хаёлингиз Комёрда, — деди маҳзун Фаридун.

Фуруғ хўрсинди:

— Бир мартагина болагинамнинг овозини эшитсам эди. Онажон, дея…

— Онажон!

Фуруғ бир қалқди укасининг бу меҳрли, ҳароратли садосидан.

— Нима дединг? — шивирлади унинг кўзларига энтикиб тикиларкан.

— Онажоним… — такрорлади Фаридун ва йиғламсираган кўйи давом этди. — Онажонимнинг бахтини кўролмас эканман, хотиржам бўлмайман. Бахтли бўлолмайман!

Яна бола соғинчидан онаизорнинг юраги безовта уряпти. «Ўнгимда бўлмаса-да, тушимда… Тушимга кирсайдинг, болам, бир мартагина!»

* * *

Тушида эмас, ўнгида, ҳаммаси кўз олдида юз берди: кўчада, машина ҳайдаб бораётганида. Болаларни олиб кетаётган автобус билан унинг автомобили ёнма-ён бўлиб қолди. Дераза олдида ўтирган бир ўспиринга кўзи тушиб, Фуруғнинг юраги жиз этди. «Э, Худо, боламми?»

Бола ҳам кўзлари чарақлаб очилгандай кўринди, унга қаракан. «Бу болам! Комёрим! Комёр!!!»

Фуруғ ҳаяжон шиддатидан ўзини йўқотди ва машинаси автобусга урилиб кетмаслиги учун рулни…

Фалокатга учраган Фуруғни касалхонага олиб боришди. Унинг аҳволи оғир. Ёнида Фаридун юрак ҳовучлаб ўтирибди.

— Онажон, кўзингизни очинг!

Фуруғ кўзларини очди.

— Худога шукр! — Фаридун ҳаяжондан титраб кетди. — Онажон, тузукмисиз?

— Фарид, уни кўрдим… — пичирлади Фуруғ.

— Кимни? Комёрними?

— Келинлик либосим… тайёрми? — Фуруғ бемажол кўзларини юмди. Автобусдаги ўспирин қўл силкитиб, хайрлашгандек бўлди.

— Хайр, болажоним!..

— Она… — деди Фаридун титроқ овозда ва бир зум турган жойида қотиб қолди. — Онажон… Йўқ, ундай қилолмайсиз! Онажон, мен ҳозир, мен ҳозир…

Фаридун эшикка отланди. Қаллиғига рўпара бўлди.

— Фотима, сен ҳам келганмидинг?

— Тинчликми? — сўради Фотима Фаридунннинг аҳволидан хавотирга тушиб.

— Бир жойга бориб келаман… — Фаридун ташқарига қараб югурди. Нимадир эсига тушгандай тўхтади, қайтиб келди. — Шу ерда кутиб тур, хўпми?

У шундай дея бир неча қадам чопди. Яна ортига қайтди. Учинчи марта бориб қайтди, ҳансираб нафас оларкан. Кўзлари бесаранжом. Сарсон бўлмасин экан одам! Саргардон бўлмасин…

Фаридун ғоят ачинарли ҳолда эди.

— Сизга нима бўлди?

— Мен тезда қайтаман, — Фотимани ҳайрон қолдириб, Фаридун бу гал шошганча узоқлашди. Тўғри дўконга борди. Келинлик либоси сотиб олди-да, касалхона томон югурди. Фотима касалхона дарвозаси олдида йиғлаб турарди. Фаридун таққа тўхтади. Опасининг «никоҳ кўйлаги» қўлидан тушиб кетди.

Фаридун опасининг юзига ёпилган ҳарир рўмолни олиб, кўзларидан ёш тирқираб чиқаркан, у билан видолашди. Оқ кафанда ҳам Фуруғ худди оқ либосдаги келинчакдай чиройлигина мангу уйқуга кетган эди.

Муҳаммад ШОДИЙ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here