ЖОСУСЛАР… (19-қисм. ИККИНЧИ ФАСЛ)

1

 

 

* * *

 

Уйга яқинлашиб келганимда яна ўша эски манзарага кўзим тушди. Ўткинчилар орасида қўриқчи йигитлар аллақачон атрофни айланиб кузатув ишларини бошлаб юборишганди. Қандай абжир одамлар! То мен етиб келгунимча ҳамма ишни ўрнига қўйиб бўлишибди. Майли, энди ўз «ота-онам»нинг ҳузурига кираман. Кўринишимдан улар ҳеч қачон шубҳа-гумонга боришмайди. Негаки, уларнинг қаршисида ўз ўғиллари турган бўлади.

Секин таниш квартира эшиги рўпарасига келиб қўнғироқ тугмачасини босдим. Узоқ кутдиришмади. Эшикни ўрта яшар аёл, яъни, менинг «онам» очди. У жуда кўҳлик эди. Шу сабабли ҳам аёлга мушт тушириш гуноҳ. Ичкарига кириб олгач, минг бор узр сўраганча уни курсига маҳкам бойлаб қўйдим. Оғзини ҳам елим қоғоз ёрдамида ёпдим.

— Жим ўтиринг, — дедим мулойим оҳангда. — асабийлашманг! Менга сизнинг ўлимингиз ҳам, буюмларингиз ҳам керак эмас. Фақат баъзи қимматбаҳо нарсаларни уйингиздан қидириб кўраман. У нарсаларни сизгача яшаган одамлар беркитиб кетган бўлишлари керак. Топсам, шу заҳоти чиқиб кетаман. Келишдикми?

Уй бекаси маъқул ишорасини қилди. Унинг ўрнида бўлсам, мен ҳам рози бўлардим.

Ҳар эҳтимолга қарши дераза пардаларини тушириб, магнитофонни ёқдим. Ўзим кириш эшиги тешикчасидан рўпарадаги Резидент яшайдиган квартира эшигини кузатишга тушдим. Ҳа, унинг эшиги бошқаларникидан деярли фарқ қилмаса-да, қулфлари худди банкларники каби мустаҳкам. Уни лом тугул, бульдозер билан ҳам очолмайсиз. Майли, кутишдан бўлак чорам йўқ. Бизнинг ишда вақтнинг тўқсон тўққиз фоизи кутишга кетади. Кутиш жараёнимда ўн етти маротаба ҳар хил одамлар уёқдан-буёққа ўтишди. Бир-иккитаси эшик рўпарасида тўхтаган бўлди. Аммо қўнғироқ тугмачасини босмасдан жўнаб қолишди. Орадан бир қанча вақт ўтиб ниҳоят эшик очилди ва ташқарига девдай бир қўриқчи ҳамроҳлигида келишган, гўзал бир аёл чиқди. Буни қаранг-а! Резидент қандай яшашни билади. Шундай аёлни албатта қўриқчисиз қолдириб бўлармиди. Йўқ. Эҳ, Резидент!.. Мен мабодо қўлимга бир ит тутқазишса, қандай боқишни билмай гаранг бўламан. У бўлса, бутун бошли бандитлар тўдасини иш билан, пул билан таъминлаяпти, уларнинг қорнини тўйдираяпти. Тўғри-да, мафияларга сотилгандан кейин қурби етади!.. Мафиячилар сотқинлиги учун яхши пул тўлашади.

Секин дераза қаршисига бордим. Аёл машинага ўтириб қаёққадир жўнаб кетди. Тўхта, балки, мен адашаётгандирман? Балки, бу Резидент эмасдир? Мени аҳмоқ қилишаётган бўлмасин ташкилотдагилар? Нима бўлганда ҳам энди орқага йўл йўқ. Ҳаммасини кузатиб, тагига етишим шарт…

Аёл қўриқчиси билан бир соатлардан сўнг қайтиб келди ва махсус калит ёрдамида эшикни очишга тутинди. Ана энди пайти етди. Мен дарров ташқари эшикни очдим-у, овозимнинг борича қичқирдим:

— Салом бекажон!..

Қўриқчи орқасига ўгирилди. Ва шу ондаёқ бўшашди. Ҳа, у мени таниганди. Ё видеотасма, ё суратим орқали таниди. Танимасдан иложи ҳам йўқ. Бу унинг иши. Шу уйдагиларнинг барчасини таниши лозим.

— Қаерларда юрибсиз? — ҳеч нарса бўлмагандай қичқиришда давом этдим мен ўзимни худди маст одамдек тутиб. — Бу йигит ким?

Қўриқчига бу саволим ёқмади шекилли бирдан ранги ўзгариб мен томон бир қадам ташлади. Эссиз! Шу ишни нотўғри қилди. Йўқса, ҳозир бир зарба еб оёқларим остида думалаб ётмаган бўларди.

— Эшикни тезроқ оч! — буюрдим аёлга. — Қўриқчинг совимасдан ичкарига олайлик. — Ва шу аснода ерда ҳушсиз ётган қўриқчи йигитнинг чўнтагидан тўппончасини суғуриб олдим-у, аёл эшикни очиши билан тансоқчини ичкарига судраб кирдим.

 

* * *

 

Тансоқчи ҳушсиз ётган маҳалда аёл билан суҳбатлашиб олишим лозим эди. Лекин қандай қилиб? Қўрқитайми? Йўқ, аксар аёлларга қўрқитиш билан таъсир ўтказиб бўлмайди. Яхшиси, босиқлик билан гап бошлайман.

— Сени ўлдириш ниятидан узоқман. — дея гап бошладим. — Шундай гўзал аёлни ўлдириш гуноҳ.

Шундан кейингина аёл сал бўшашди.

— Лекин, — давом этдим мен қўлимга писка олиб. — манави нарса билан сал тирмалайман манави дўмбоқ юзларингни… Қўрқма, оғритмайман. У ер-бу ерингда чандиқчалар қолиши мумкин.

Шу гапдан кейин бир муддат унга маъноли тикилиб турдим-да, секин сийнасига қўл юбордим.

— Бунчаям гўзал бўлмаса сийналаринг? — дедим кулимсираб. — Худо сенга бериб қўйган экан-да!

Аёл билинар-билинмас титраётган бўлса-да, қўлларим баданига ёқаётганини сезиб турардим.

— Хўжайининг қачон келади? — сўрадим бирдан жиддий тортиб.

— Тез орада қайтиб қолади.

— Унда уй кийимларингни кийгин-да, чой дамла! Ҳарқалай, уйингга меҳмон келган.

— Сизнинг олдингизда кийинаверайми?

— Албатта. Бу мен учун ёқимли кечади.

Резидент ярим соатдан сўнг қўнғироқ қилди.

— Уйдамисан? — сўради у.

Бу пайтда мен қип-яланғоч аёлнинг тирноқларини шошилмасдан кесар, бу гарчи унга ёқмаётган бўлса-да, мажбуран табассум қиларди.

— Ҳа, — жавоб қилди аёл.

— Тинчликми ҳаммаёқ.

— Ҳа.

— Мен ўн дақиқадан сўнг етиб бораман.

Аёл жавоб қилаётганда мен унга оқ қоғоз олиб «Мен бир дақиқада қайтаман» деб ёздирдим-да, стол устига қўйдирдим. Шундан сўнг энди-энди ҳушига кела бошлаган тансоқчи билан аёлни қўшни квартирага олиб кириб, алоҳида-алоҳида курсига ўтқаздим-да, қўл-оёқларини бойладим ва ичкари уйга олиб кириб бир-бирларига қарама-қарши ҳолатда ўтқаздим. Ўзим ортга қайтиб квартирани яхшилаб йиғиштирдим. Ва кута бошладим. Айтган вақтида Резидент кириб келди-ю, ошхона тарафга ўтди. Шубҳасиз, стол устидаги қоғозга ёзилган сўзларни ўқиди. Аммо кийимларини ечиб улгурмасдан эшик қўнғироғи жиринглади. Бахтга қарши квартирага шерикларидан уч нафари кириб келишди. Буниси энди ёмон бўлди. Мен тўрт кишига қарши курашишим керакка ўхшайди. Нимаям қилардим? Бу ердан овозсиз, изларсиз чиқиб кетишнинг аниқ иложи бўлмайди.

— Тўсатдан кириб келганимиз учун узр. — деди улардан бири. — Аёл қани?

— Қўшниникида. — жавоб қилди Резидент. — Ярим соат лаққиллашиб ўтирса керак.

— Вазият ўзгариб кетди. — деди келганларнинг бошқаси. — Кема ғойиб бўлган, гаровдагилар озод қилинган.

— Яна ўшанинг ишими?

— Аниқ бир нарса деёлмаймиз. Милициядаги ўзимизнинг одамлардан маълумот олдик. Қизиқ, Ташкилот қандай чора кўраркин?

Бу гапни эшитиб сал қурса парданинг ортидан чиқиб кетаёздим. Ахир, бу нимаси? Биз ҳар бир гапимизни қандайдир сирли киноялар, пароллар билан айтамиз! Ташкилотдагилар шуни талаб қилишади. Булар эса, очиқдан-очиқ гапираяпти.

— Ташкилот чорани кўриб бўлди. — деди Резидент. — Қўшимча тафтишчиларни жўнатишди. Мен бугун шу ҳақда маълумот олдим.

— Бизнинг одам-чи?

— У энди ҳеч нарса қила олмайди. Ҳамма ишни расво қилди.

Келганлар ялт этиб Резидентга боқишди.

— Нима маслаҳат берасиз?

— База яқинидаги ўрмонларни, шаҳарга олиб борадиган йўлларни титкилаб чиқасизлар.

— Гаровдагилар-чи?

— Тупурдим уларга. Бу сизнинг муаммоингиз. Мени анави ярамас қизиқтиради. Агар у янги тафтишчиларгача етиб олса, тамом бўлди деяверинг. Ҳаммасини айтиб қўяди. Чунки, биз ҳақимизда кўп нарсаларни билиб олди.

Эҳ, ярамас Резидент! Тафтишчиларни йўқ қилгани етмай, энди айбнинг ҳаммасини менга ағдармоқчи.

— Эртага учрашамиз. Қолган гапларни ўшанда гаплашиб оламиз. — деди Резидент шерикларига.

Мен жонлана бошладим. Наҳотки, омад юз ўгирмаган бўлса мендан?

Бу орада «меҳмон»лар ташқарига йўл олишди. Ташқари эшик қарсиллаб ёпилди. Резидент ортга қайтди. Мен эса, шошилмасдим. Унга беш дақиқалар вақт бериш лозим. Майли, менинг шу ердалигимни сезсин.

Резидент секин оромкурсига ўтириб ўйга толди. Мен бутун оғирлигимни ўнг оёғимга бериб, чапини ҳужумга шай қилдим. Шу тобда негадир ташқари эшик қулфига кимдир калит солгандек бўлиб, Резидент ҳушёр тортди.

— Катя, сенмисан? — сўради у ўтирган ерида.

Эҳ, қанақа Катя бўлсин? Ахир, у қўшнининг квартирасида қўл-оёқлари бойланган ҳолда ўтирибди!

Не кўз билан кўрайки, эшик очилиб, нимқоронғиликда уч эркак йўлакда пайдо бўлди. Ҳаммаларининг елкаларида автомат. Бири эшик олдида қолди. Қолганлари хона томон юришди.

— Тамом! — ўйладим парда ортида тош қотиб турарканман. — Дискетка ҳам, Резидентнинг кетидан тушиш ҳам қимматга тушадиганга ўхшайди. Сабаби, булар бараварига ўқ узишади. Узганда ҳам тепкидан бармоқларини олмаган ҳолда айланиб отишади. Энди нима қиламан? Агар шу кўйи ўй суриб тураверсам, уч-тўрт сониядан сўнг ҳаммаси тугайди. Хаёл суришга вақт йўқ.

Мен секингина оёғимдаги ботинканинг бир пойини ечиб нариги бурчакка ирғитдим. Қуроллилар дарҳол ўша томонга бошларини буришди. Ана шунда билдимки, булар профессионал эмас, шунчаки ҳаваскорлар экан. Профессионаллар то ўз ишларини бажариб бўлмагунча бошқа нарсага эътибор қилишмайди. Пайтдан фойдаланиб шундоққина ёнимда тескари ўгирилиб турганини тепиб юбордим. У полга қулаб, қўлидаги қурол учиб кетди. Кутиб ўтирмай, жуда катта тезликда ўзимни полга отдим ва қуролни қўлимга олиб ҳали ўзини ўнглаб улгурмаган шеригига ўқ уздим. Иккинчи ўқим ҳам хато кетмади. Аммо учинчи марта отишга улгурмадим. Эшик олдида турган бандит ичкарига қарата тинимсиз ўқ ёмғирини ёғдира бошлади. Мен гоҳ ўнгга, гоҳ чапга юмалар, баъзан аллақачон мурдага айланиб улгурган бандитлар панасига ўзимни олардим. Бир маҳал ўқ овозлари тинди. Хонани сукунат қоплади. Аста бошимни кўтардим-у, қотиб қолдим. Тепамда менга тўппонча ўқталганча Резидент турарди.

— Қуролни ташла! — буюрди у шивирлаб.

Ташламадим. Қандай ётган бўлсам, шундайлигимча қолавердим. Бироқ у ҳамон сукут сақларди. Хўш, нимани кутаяпти? Нега отиб ташламаяпти? Наҳотки, қўрқаётган бўлса? Шу кўйи қанча турамиз? Бир соат, икки соат… Балки, бир кун турармиз?

Охири жонимга тегди. Қуролни маҳкам ушлаб аста-аста ўрнимдан турдим ва эпчиллик билан орқа миясига қўндоқни тирадим.

— Қўлларингни орқага қилиб деворга суян! — буюрдим мен. — Дискетани бер!

— Сен бекорга чиранаяпсан. — деди Резидент буйруғимни бажариш асносида. — Бир-икки дақиқадан сўнг бу ерга қўшимча кучлар кириб келишади. Қолаверса, ташқарида турган ҳайдовчим ҳам ҳаммасини эшитган. Ўзингга жабр қилиб қўйма!

— Мен сен ўйлаган қўрқоқлардан эмасман. Дискетани бер!

— Сен бу билан нимага эришасан?

— Дискетани бер дедим! Вей, уни ким учун асраяпсан ўзи? Ҳозиргина уч бирдай қотилни сени ўлдириш учун йўллаган акахонларинг учунми? Билиб қўй, сенинг иттифоқчиларинг йўқ энди. Ҳар тарафдан қуршовда қолиб бораяпсан холос.

— Сенга ҳеч қачон дискетани бермайман!

— Унда мен билан бирга кетишингга тўғри келади.

Шу маҳал яна эшикни кимдир калит солиб оча бошлагандек туюлди.

— Ана, келишди. — жонланиб кетди Резидент. — Сени огоҳлантиргандим. Ихтиёрингда яхшиликчасига кетишинг бир сониягина вақт бор.

— Дискетани бермагунингча ҳеч қаёққа қимирламайман.

Резидент бу гапимдан сўнг кулиб қўйди ва рухсат ҳам сўраб ўтирмай курсига чўкди. Чунки, у ҳозир ўзига қарата ўқ узмаслигимни яхши биларди.

Эшик очилди. Мен дарҳол ўзимни хона эшиги орқасига олдим.

— Бу мен! Отма! Илтимос, отма! — бу аёл кишининг, аниқроғи, мен қўшни квартирага бойлаб қўйган аёлнинг овози эди.

Резидент ҳушёр тортиб мен томонга ўгирилди.

— Отма, илтимос! — дея ялина бошлади у менга. Мен бўлсам, елка қисдим.

— Дискета сандиқчада. — шивирлади Резидент ва менга бир даста калитларни ирғитди. — Улар неча киши экан-а?

Мен секин қулоғимни динг қилиб йўлакдаги товушларни тинглаган бўлдим-да, жавоб қилдим.

— Уч киши.

— Ўрнимдан турсам майлими?

— Фақат ортиқча ҳаракатларсиз. Йўқса, биринчи ўқ сенинг ойимчангга қаратилади.

Шу гапларни айтиб улгурмасимданоқ йўлакда қотиллардан бири тўппончадан ўқ узди. Аёлнинг инграганча қулаганини эшитдим. Энди ҳаракатга тушмасам бўлмасди. Қўлимдаги автоматни ўқлаб секин йўлак тарафга мўраладим. Афсуски, шу заҳоти кимдир менга қарата ўқ узди. Яхшики, ётиб қолдим. Бўлмаса, ўқ нақ миямга келиб тегиши муқаррар эди. Биринчи ўқ кетидан иккинчиси, учинчиси узилди. Мен яна икки-уч бор айланиб ўқлар ёмғирини алдаган бўлдим ва таваккал автомат тепкисини босдим. Хайрият, кимдир гурсиллаб полга қулагандек туюлди.

Мен шошиб орқамга ўгирилдим. Тепамда худди ўтган галги каби Резидент ҳозиргина отилгани сабаб қизиб кетган тўппончани бошимга тўғрилаганча тиржайиб турарди.

Ҳайрон қолдим. Ахир, бу ҳозиргина полга қулаган душманнинг тўппончаси! Резидент уни қўлга киритишга қачон улгурди? Наҳотки, шундай катта тезликка эга бўлса?..

Нима ҳам қилардим? Бу жангда ютқазганимни тан олишга мажбур эдим.

— Қуролларни йиғиб ол! — буюрди менга Резидент. — Кетишимиз керак.

Мен итоат билан унинг айтганларини қилдим-у, ортидан ташқарига чиқдим. Подьезд рўпарасида иккита машина турарди. Биз улардан бирининг баллонларини тешдик-да, иккинчисига ўтириб жўнадик. Албатта, бу гал ҳам мен истаган томонга эмас, аксинча Резидент ихтиёр қилган манзилга.

Шаҳарга етгач, машинани кичик бир кўчалардан бирида қолдириб ўзимиз автобусга ўтирдик.

— Битта зўр жой бор. — деди Резидент хотиржам оҳангда. — Ўша ерда уч кун ўтириб турамиз.

Мен ундан барибир гумонсирардим. Тутаётган ишлари менинг фойдамга эмас дея баҳолагим келарди. Аммо юз кўринишига қараганим сайин бу фикримдан қайтишга ва шошилмасликка интилардим.

Автобусдан қаердадир тушиб электричкага ўтирдик. Бир-икки чақирим йўл босганимиздан кеийн эса, кичкинагина уй олдида тушиб қолдим.

— Бу танишимнинг дала ҳовлиси. — тушунтирди менга Резидент. — Бу ерни ҳеч ким билмайди.

Ичкарига киргач, Резидент шкафни очиб у ердан нон ва консерва олди. Лекин негадир тўппончасини менинг шундоқ рўпарамга қўйди. Бундан пайқадимки, у яна янги ўйин бошламоқчи.

Қизиқ. Буёғи қандай кечаркин? Резидент менинг саволларимга жавоб берармикан? Ўзини қандай тутади?

Қарангки, у ҳали савол бермасимдан туриб барчасига жавоб бериб қўя қолди.

— Мен сенга бу ердан кетишингга ёрдам бераман. — деди у. — Қолаверса, Ташкилотимизни, мени ва ниҳоят ўзингни танийдиган одамларнинг исми-шарифлариниям бераман.

Ана шуниси менга жуда керак эди. Чунки, прокурор деганлари менга ҳам энг шафқатсиз жазо тайинланишини талаб қиларди. Шундай экан, мен ўзимни ўша жазодан қутқариш, ҳаётимни сақлаб қолиш учун курашишим зарур. Агар у одамлар тирик қолишса, Ташкилот мени ҳам, Резидентни ҳам йўқ қилиши аниқ.

Кечқурун Резидентнинг қўлидан контейнерни олдим-у, дала ҳовлини тарк этдим.

 

* * *

 

Кетаётиб, ортимга ўгирилдим-у, дераза қаршисида ўтирган Резидентга назар солдим. У шу ўтиришда худди кексариб, дунёдан чарчаган кампирни эслатарди. Умрида илк бор сира шошилмаётганди у. Ҳозир мени ҳам ҳайратда қолдириб қуршовда ҳам, поезд купесида ҳам эмас, аксинча оддий курсида хотиржамгина ўтирарди. Агар яқин келажакда бўлиши керак ишларни ҳисобга олмаса, буни ҳақиқий дам деб айтиш мумкин. Резидентнинг ҳисоб-китоби бўйича душман деб аталмиш жиноятчилар гуруҳи дала ҳовлига беш-олти соат ичида етиб келишлари лозим. Лекин Резидент бу учрашувдан сира қўрқмайди. Бу тахлит учрашув, қарама-қаршиликларнинг кўпини кўрган.

Уни ҳам тушунса бўларди. Негаки, катта бир мафиячилар гуруҳини фош этиш мақсадида ёллаган агенти ишончини оқламади. Агент мафиячиларнинг тузоғига илинди. Катта пул, яхши овқат, шоҳона уй-жойлар унинг кўзини кўр қилиб қўйди. Тўғри, агент ҳам ташкилотдаги бошқа ходимлар каби ҳалол, тўғри сўз йигит эди. Агар иш бир ҳафтада якун топганда балки ўз вазифасини аъло даражада уддалаган бўларди. Афсуски, операциянинг ойларга чўзилиб кетиши Резидентнинг зарарига ҳал бўлди. Агент сотилиб қолди. Энди эса, ҳаммасини қайтадан бошламаса бўлмайди. Бунинг учун бугунги ташриф буюрадиган душманлар билан курашиши шарт.

Бандитлар кечқурун тўртта машинада дала ҳовли рўпарасида пайдо бўлишди.

—             Вей, гаплашиб олишимиз керак, эшитаяпсанми? — қичқирди улардан бири.

—             Керак бўлса, ўзинг киравер! — жавоб қилди Резидент ичкаридан туриб.

—             Ҳадеб ўзингни бозорга солавермасанг-чи! Бизнинг ихтиёримизда уч дақиқагина вақт бор. Чиқ!

—             Келавер, яқинроқ кел! — ўзича шивирлади Резидент автоматни ўқлаб. — Ўқларим ҳаммангга етади.

—             Бўпти, чиқмаса чиқмас! — деди бандит шерикларига қараб. — Бошланглар!

Шу гапдан сўнг дарахтзор орасидан иккита бульдозер чиқиб келиб дала ҳовли дарвозаси ёнида тўхтади.

—             Охирги маротаба огоҳлантираяпман! — яна қичқирди бандит. — Чиқмасанг, ер билан яксон бўласан!

—             Шунақами? — ўзига ўзи деди Резидент. — Мени тракторлар остида янчиб ташламоқчимисанлар? Яхши, келишдик.

У шундай деди-ю, чўнтагидаги тўппончани чиқариб ўқлади ва пешонасига тиради.

Орадан кўз очиб юмгунчалик вақт ўтмай бульдозерлар дала ҳовлининг деворларини бузганча ичкарига қараб юришди. Шу билан бир вақтда эса, Резидент тепкини босди…

Хуллас, бу жангда Резидент биронта ҳам душманни йўқ қила олмади. Асир ҳам тушмади. Асирликдан кўра ўз жонига қасд қилишни афзал топди.

—             Мурдани албатта топинглар! — шерикларига буюрди бандит яксон қилинган дала ҳовлига маъноли боқаркан. — Ернинг остидан бўлсаям топинглар!

 

* * *

 

Дала ҳовлини тарк этганимда мен Резидентнинг қандай ўлишини билмасдим. Фақат бир нарса менга аён эди. Унинг учун бу ёруғ дунёнинг умуман қизиғи қолмаган. На иттифоқдошлари бор, на дўстлари. Ҳаммасидан жудо бўлган. Фақатгина душманларигагина керак. Улар ҳам Резидентни беҳуда эмас, ўлдириш учунгина қидиришади. Мен бўлсам, барибир ундан мамнунман. Чунки, менга барча керакли нарсаларни, фамилиялар, мафия катталарининг манзили, шахсий контейнеригача берди. Ҳеч нарсани аяб ўтирмади. Лекин мен унга ёрдамга бора олмасдим. Ҳатто бор овозда чақирса ҳам қайрилиб қарамасдим. Сабаби оддий. Олдимда ҳали кўп курашлар, қийинчиликлар турибди. Мен ўз бурчимни тўлиқ бажарганим йўқ. Мақсадимга етиш учун олға боришим лозим.

Резидент айтган жойдан контейнерни олгач, барча нарсаларни спорт сумкамга жойладим-да, шаҳарга жўнадим. Шаҳарнинг учта туманидан учта квартирани ижарага олдим. Уччала квартира ҳам иккинчи қаватдан. Зарур бўлганда, ташқарига дераза орқали сакраб тушиб кета олиш учун шундай қилдим. Қолаверса, барча подьездлар икки эшикли. Ҳам кириш жойи, ҳам уйнинг орқа тарафига чиқувчи эшиклар. Бу навбатдаги операция учун муҳим эди.

Асосий яшаш жойим сифатида шаҳар марказидаги тўрт хонали квартирани танладим. Негаки, бу квартира ойналари шаҳар ички ишлар бошқармаси биноси билан рўпарама-рўпара. Бандитлар бу ерда очиқчасига отишма ташкил эта олишмайди.

Уч кунгача худди мушук гўшт атрофида айлангандек ўзим учун муҳим ҳичобланган беш мафиоз яшайдиган туманларда дайдиб юрдим. Топографик режалар туздим, турли кириш-чиқиш жойларини чамалаб кўрдим. Учинчи кеча сўнгида эса, ўша беш мафиозни ўлдириш усуллари ҳақида бош қотирдим.

Биринчи «мижоз»им айни шу кунларда квартирасини таъмирлатаётган экан. Мана шу фурсатдан фойдаланиб қолишим шарт. Худди ўзимни шу маҳаллада яшайдиган қўшнилардек тутиб таъмир учун жавобгар бригадирга учрашдим.

—             Биласизми, бугун-эрта мен уйланишим керак. — дедим унга. — Меҳмонлар келишади. Манавинақанги бўёқлар ерда ётса, таъмирлаб турсаларинг, хунук кўринади. Келинг, икки кунга таъмирни тўхтатиб, бошқа подьездда ишлаб туринг. Мен вақт йўқотганингиз учун ҳақини тўлайман.

—             Бўпти, — жавоб қилди бригадир. — тушунаман. Ўзим ҳам бир пайтлар уйланганман. Хавотир олманг, айтганингиздек бўлади.

Бу ишни қойиллатгач, иккинчи «мижоз»га ўтдим. У қадар кучли тайёргарлик шарт эмаслигини аниқлаганимдан сўнг учинчиси томон йўл олдим. Учинчи «мижоз» машина жинниси экан. Ўзининг яп-янги чет эл машинаси борлигини билдим. Катта тезликда машина ҳайдашни хуш кўраркан. Айни муддао. «Бахтсиз тасодиф» туфайли ҳалок қилиш мумкин.

Бу шаҳарда ҳам бошқа ердаги каби тунда ёлғиз юриш хавфли эди. Ёлғизлигинг ҳар қандай ўткинчининг эътиборини тортади. Гумонини оширади. Бироқ мен бунисига ҳам олдиндан тайёргарлик кўриб қўйганман. Мабодо безорилар йўлимни тўсишса, ортиқча шовқин кўтарилмаслиги учун ёнимда анчагина пул олиб юраман. Агар пул ҳам уларнинг кўнглини тўлдирмаса, чўнтагимдаги «Макаров» тўппончамни ўқталиб қўрқитишга мажбурман. Милиционерларга дуч келсам, терговчилик гувоҳномаси тайёрлаб қўйилган. Муҳр ва шунга ўхшаш нарсаларни Резидентнинг контейнеридан олганман. Ана энди бемалол кўча кезиб иш олиб борсам бўлаверади. Гувоҳномани кўрган милиционерлар мени безовта қилмайгина қолмай, яқиндан ёрдам беришга мажбур бўлишади.

Мен тўппа-тўғри машиналар турадиган жойга келдим-да, қоровулга гувоҳномани кўрсатиб ичкарига кирдим. Мақсадим машиналарни кўздан кечириб олиш эди.

Сизнинг қиладиган ишингиз йўқми? — сўрадим зарда аралаш ортимдан эргаша бошлаган қоровулдан. У тушуниб дарҳол ўз жойига қараб йўл олди. Мен машиналарни кузатиб чиқиб ўзимга кераклисини топдим. Уёқ-буёғини текширган бўлиб тургач, остига портловчи модда ёпиштирдим. Шундан кейингина бу жойни тарк этдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

1 ТА ФИКР

  1. Assalomu alaykum. Shu asarigizga juda qiziqib qoldim. To’lig’ini qayerdan topsam bo’ladi? Elektron versiyasi bo’sayam mayli. Asarga gap yo’q. Shuncha kitob o’qigan bo’lsam ham, bunaqasi birinchi martta.

Comments are closed.