Оққўрғонда ИШИД аъзоси 10 йилга озодликдан маҳрум этилди

0

Тошкент вилояти Оққўрғон туман суди ИШИД террорчилик ташкилотига аъзо фуқаро Аҳрор Қосимовни 10 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га таяниб, daryo.uz  хабар берди.

Қосимов Россия фуқароси бўлган ИШИД террорчилик ташкилотининг аъзоси Гажимурад Гайдаровнинг паспорти билан Ўзбекистон ҳудудига кираётганида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган. У қачон қўлга олингани маълум қилинмади. МХХ Қосимов Туркиядан Ўзбекистонга йўл олаётганидан хабар топгач, уни қўлга олиш бўйича тезкор режа ишлаб чиққан.

Ўзбекистон фуқароси Аҳрор Қосимов 2011 йилда ишлаш мақсадида Туркияга жўнаб кетган. 2013 йилда ўғрилик содир этгани учун Истанбул шаҳар суди томонидан 11 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган. У қамоқхонада ИШИД тарафдорлари Ҳасан Догушев, Алексей Карабаев ва Амирхон исмли шахслар билан танишган.

Қосимов шериклари ёрдамида қамоқдан қочишга муваффақ бўлган ва Истанбулнинг Каяшехир ҳудудига беркинган. У ИШИДнинг янги аъзоларини аэропортда кутиб олиш ва уларни белгиланган манзилга етказиш билан шуғулланган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here