Чемпионлар Лигаси ўйинига 2 кун вақт қолганида «Локомотив» янги футболчиларни таништирди (фото)

0

Тошкентнинг «Локомотив» клуби 12 февраль куни Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг илк турида Амирликларнинг «Ал-Ваҳда» клубини қабул қилади.

Бугун — 10 февраль куни «темирйўлчилар» сафига келиб қўшилган футболчилар жамоатчиликка расман таништирилди. Улар 6 нафар бўлиб, қуйидаги рақамларда ҳаракат қилади: Нивалдо — 6, Шерзод Каримов — 8, Хусниддин Ғофуров — 19, Сардор Рашидов — 27, Игорь Йелич — 88, Чо Сук Жаэ — 99.

«Локомотив» клуби бош директорининг ўринбосари Тўлабек Акрамов янги мавсумдан бошлаб титул ҳомийлар ўзгараётганини маълум қилди. Энди жамоа футболкаларида Orient Finans Bank ёзуви акс этади. Шунингдек, Alskom суғурта компанияси билан икки тарафлама манфаатли шартнома тузилган.

Нивалдо (Бразилия)

Фаолиятимни таянч ярим ҳимоячи сифатида бошлаганман. Кейинчалик Россия қуйи лигасида ўйнаб юрганимда бош мураббий менга ҳужумга ўтишни тавсия қилди. Шундан буён ўзимни ҳужумкор футболчи сифатида эркин ҳис этаман.

Бразилияда хусусий клубим борлиги ҳақиқат. Асосий мақсадим ўсиб келадиган ёш иқтидор эгаларига кўмаклашиш. Бразилияда футболни жуда севишади, унга бўлган муҳаббат юқори. Шу боис қишлоғимдаги ёшлар учун шахсий клуб очганман. Яқинда жамоамдан 3—4 футболчи профессионал футболга қадам қўйди.

5 баллик тизимда ўзимга неча балл қўяман? 10 балл (кулади). Бразилиялик футболчилар орасидан Неймар 10 баллга лойиқ. Мен эса унинг даражасига чиқишни истайман (кулади).

Нивалдо, «Локомотив» аъзоси

Сардор Рашидов

«Темирйўлчилар» сафига янги ютуқларни қўлга киритиш учун келдим. Франция жамоасига ўтишим ёки ўтмаслигим ёзда ҳал бўлади. Ҳозир «Ренн»да футболчилар кўп.

Осиёдан Европага йўл олмоқчи эдим. Аммо Ўзбекистонга қайтишни орқага ташланган қадам деб ҳисобламайман. Араб футболидан кўра Ўзбекистон футболи кучли. Мен фақат пул тарафлама ортга қадам ташладим. Чунки араб футболи фақат пул борасида кучли. Ўйин сифати жиҳатидан бизнинг футбол уларникидан устун.

Сардор Рашидов, «Локомотив» аъзоси

Шерзод Каримов

«Пахтакор» билан шартномам ниҳоясига етгач, «Локомотив» менга таклиф билан чиқди. Бунинг учун миннатдорман.

Арвеладзе билан Еличичнинг фарқи? «Локомотив»да кўпроқ пас орқали ўйнаш талаб этилади, комбинацион футбол устувор. Арвеладзе эса асосан стандарт вазиятларига таяниб ўйнайди.

Шерзод Каримов, «Локомотив» аъзоси

Игорь Йелич

Мен учун Ўзбекистон чемпионати бегона эмас. Унда ўтган мавсум ҳам ўйнаганман. «Локомотив» эса лиганинг энг кучли жамоаси. «АГMК» билан «Локомотив»нинг асосий фарқи «темирйўлчилар»нинг Чемпионлар Лигасида ўйнашида. Шунингдек, улар ўз олдига турлича вазифалар қўяди. «Локо» асосан паслар орқали ўйинни қуради, «АГMК» мураббийи ҳимоявий ўйинга эътибор беради. Олдинги чизиқдаги ҳаракатлар асосан стандарт вазиятларига боғлиқ.

Игорь Йелич, «Локомотив» аъзоси

Чо Сук Жаэ (Жанубий Корея)

«Локомотив» нафақат Ўзбекистоннинг, балки Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири. Уларнинг таклифи мени қизиқтириб қўйди. Корея ва Ўзбекистон футболида катта фарқ йўқ. Бизда асосан жисмонан кучли футбол ўйналади. Ўзбекистонда ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратишларини биламан.

Чо Сук Жаэ, «Локомотив» аъзоси

Хусниддин Ғофуров

Сербиядаги фаолиятим тугади. «Локомотив» таклифи мени ўзбек футболига қайтарди. Сербияда кучга таянилган футбол ўйналади, ўйинларда кўп куч йўқотасиз, кўп югурасиз. Ўзбекистонда эса тўп билан муомала устувор.

Хусниддин Ғофуров, «Локомотив» аъзоси