Депутатлар куялар ва сичқонлардан азият чекаяпти

0

Буюк Британия парламенти куялар ҳужумидан азият чекмоқда. Депутатлар бу каби босқинчи зараркунандалар қонун чиқарувчи орган биносидаги қимматбаҳо қадимги мебеллар, санъат асарлари ва текстиль маҳсулотларига жиддий хавф туғдиришдан хавотирда. Бу ҳақда “Telegraph” нашри хабар берди.

Маълум бўлишича, британ парламенти узоқ йиллардан бери ана шундай кони зарар ҳашаротлар касридан қийналиб келади. 2010 йилдаги ҳисоб-китобларга кўра, депутатлар фаолият юритадиган бинода 11,8 мингдан ортиқ куя борлиги аниқланган. Охирги етти йилда уларнинг сони 8 мингтага кўпайган. 2016 йилда ушбу офатга қарши курашиш учун қарийб 9 минг фунт стерлинг сарфланган. Хусусан, иншоотга ушбу капалак тури сони ва улар эгаллаб олган ҳудуд миқёсини аниқлаш учун 729 та махсус қурилма ўрнатилди.

Устига устак, депутатларнинг ишлашига куядан ташқари сичқонлар ҳам халақит бераяпти. Қонун чиқарувчилар бир неча бор парламент биносида мушук боқиш кераклигини таклиф қилдилар. Худди шундай ҳамдард фикрлар кемирувчилар дастидан дод деяётган бошқа давлат муассасалари ходимлари томонидан ҳам билдирилган. Бироқ бу каби чоралар хотиржам ўтиришга кафолат бўла олмайди. Сабаби бош вазир қароргоҳи ҳисобланган Даунинг-стритда расмий штатга киритилган Ларри лақабли мушук ўз мажбуриятларни бажаришда эринчоқлик қилгани учун 29 та каламуш ҳамда сичқонни ушлай олмаган. Оқибатда дератизация(кемирувчи зараркунандаларни йўқ қилиш) хизмати мутахассисларини чақиришга тўғри келган.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: