Ҳақиқий ҳангоманинг бундан баттари бўлмайди…

0

 

 

* * *

 

Буюртмачи прорабдан сўради:

— Қурган уйларингизнинг деворлари жуда юпқага ўхшаяпти-да!

— Ҳечқиси йўқ, ҳали бу деворга гулқоғоз ҳам ёпиштириб чиқишади.

 

* * *

 

Эркак яқин дўстидан сўради:

— Дўстим, нима деб ўйлайсан? Менинг ҳаётимдаги қора кунлар бир кун келиб тугармикан-а?

— Албатта тугайди. Одам абадий яшамайди-ку, ахир!

 

* * *

 

Аёл эри билан бирга бутиклардан бирига кириб норкали шуба танлаётганди. Дўкон сотувчиси келиб сўради:

— Нима қидиряпсизлар?

Эр жавоб қилди:

— Куялар учун ем қидиряпмиз.

 

* * *

 

Ишга кечикаётган ходимга бошлиғи қўнғироқ қилиб сўради:

— Қачон ишга ўз вақтида келишни ўрганасан-а? Мана, бугун ҳам ишга кечикяпсан!

— Ўртоқ бошлиқ, икки минутда етиб бораман. Ҳозир «пробка»да турибман!

— Вей, кўзингни каттароқ оч, хумпар! Мен сенинг уй телефонингга қўнғироқ қилдим!

 

* * *

 

Банк ҳисобчиси мижоздан сўради:

— Банкимиздан қанча кредит олмоқчисиз?

— 100 миллион сўм.

— Ўз вақтида қайтаришни қандай кафолатлайсиз?

— Биласизми, гўдаклигимда ота-онам мени калтакласа, ҳар сафар албатта жавоб қайтарганман.

 

* * *

 

Хотин эридан сўради:

— Қаранг, сочимни калта қилиб кестирдим! Энди қари кампирга ўхшамаяпманми?

— Йўқ, жоним, энди қари чолга ўхшаяпсан.

 

* * *

 

Кампир беш яшар неварасидан сўради:

— Болажоним, хоҳлайсанми сенга ухлашингдан олдин эртак айтиб бераман?

— Йўқ, сизнинг эртакларингиз доим хуррак билан тугайди.

 

* * *

 

Йўл патрул хизмати ходими қариянинг машинасини тўхтатиб деди:

— Отахон, тезликни оширдингиз, жарима тўланг!

— Пулим йўқ.

— Унда ҳайдовчилик гувоҳномангизни олиб қўяман!

Гувоҳномани энди қариянинг қўлидан олганди, ёнидан ярқираган чет эл машинаси ўқдай учиб ўтиб кетди. Йўл патрул хизмати ходими қайта-қайта ҳуштак чалди. Шунда машина тўхтаб, бўйи икки метр келадиган барзанги тушди ва яқин келиб сўради:

— Ким менга ҳуштак чалди?

Қария вазиятдан фойдаланиб қолиш учун тиззалари титраётган милиционернинг қулоғига шивирлади:

— Яхшиликча гувоҳномани чўз! Бўлмаса ким ҳуштак чалганини айтаман.

 

* * *

 

Жиннидан ота-онаси сўради:

— Ўғлим, эшитишимизча, шифохонада уйланиб олганмишсан. Нега бизларни тўйингга айтмадинг?

— Ўзларингиз ҳам мени тўйингизга айтмагансиз-ку!

 

* * *

 

2031 йил. Техника ўта ривожланиб кетган. Эрталаб эр хотинига деди:

— Хотин, устарамда пул тугаб қопти! Дазмолингдан шундоқ икки минг сўм ташлаб юборгин!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: