ЖОСУСЛАР… (20-қисм. ИККИНЧИ ФАСЛ. ОХИРИ)

0

 

 

* * *

 

Эндиги ишим таъмирланаётган уйдан сал нарироқда яшайдиган иккинчи мафиозни тинчитиш эди. Унинг эрталаблари ич кийимда югуришга ҳаваскор эканини билиб эрта тонгдаёқ ташқарига чиқишини пойладим. Ниҳоят у ёнида тансоқчиси билан подьезддан чиқди. Мен дарҳол ўзимни панага олдим. Қайтиб келиб эшиги тутқичига қўл юборганда эса, чўнтагимдан сигарет қутиси чиқардим. Аслида бу сигарет қутиси эмас, балки, махсус дистанцион бошқарув қутиси эди. Ичидаги «сигарет» донасини маҳкам эзилса, бас, кучли портлаш содир бўлади.

Шундай қилдим. Тутқичга қўл юборган мафиоз кутмаганди. Эшикка махсус пластик мато ёпиштирилганидан бехабар эди. Мен тугмачани босганимда мато овозсиз портлаб иккаласини ҳам ерга қулатди.

 

* * *

 

Бу галги ўлжани қаҳвахонада кутишимга тўғри келди. Қоврилган колбасага буюртма бергандим. Муддати ўтиб кетган эканми, бадбўй ҳид келарди. Ейишга мажбур бўлдим. Биринчидан қорним оч, иккинчидан, шу қаҳвахонанинг ойналари, кириш эшиги менга ёқиб қолди. Шу сабабли ошқозонимни касалга йўлиқтириб олишдан ҳам қўрқмай, колбасани паққос туширдим. Бир маҳал ташқарига мен кутаётган одамнинг машинаси келиб тўхтади. Эндигина ичмоқчи бўлган чой тўла стаканни стол устига қўйдим-у, ташқарига отилдим. Ҳа, машина ҳар куни келиб тўхтайдиган ерида экан. Энди мафиоз машинадан тушиб ўз подьездигача эллик метрлар пиёда юриб боради.

Мен машина рўпарасига борганда, бирдан тўхтаб томоғимни чангаллаганча энгашиб олдим. Еган колбасаларим кўнглимни айнита бошлаган, шу лаҳзаларда қусиб енгил тортмоқчи эдим. Аммо тансоқчи менга халал берди.

— Эҳ, сассиқ, йўқол бу ердан! — у мени итариб юборди.

Шу заҳотиёқ нари кетдим. Аммо ортга қайтишни ҳам унутмадим. Гавдамни базўр ростлаганча мафиозга яқин боришга эришдим ва бармоқларим орасидаги ингичка заҳарли игнани кийимлари оша билагига тиқдим. У оғриққа чидолмади шекилли, мени итариб ташлади. Унга тансоқчи қўшимча қилиб бошим аралаш мушт туширди. Шунда ҳам кўнглим хотиржам эди. Энди жанг майдонини секин тарк этсам бўлади. Мен ютдим. Мақсадларимдан бирига эришдим.

Ҳа, ўйлаганимдек, мафиоз уч соатдан сўнг юрак хуружи туфайли оламдан ўтди. Ваҳоланки, унинг юраги ҳеч қачон оғримаган экан.

 

* * *

 

Тўртинчи мафиозни бошқачароқ йўл билан тинчитишимга тўғри келди. Ўзим олдиндан у яшайдиган кўп қаватли уйнинг томига чиқиладиган эшик қулфини бузиб қўйгандим. Ўша ердан чиқиб вентиляция трубаси ичига ингичкагина, узун трубкани туширдим. Бу аслида камера бўлиб, тўғри мафиознинг квартираси ичидаги ҳожатхонага тушарди. Сўнгра мониторни ёқдим. Энди кутиш керак. Эртами-кечми, барибир ҳожатхонага кириши керак. Ярим соатлар кузатганимдан кейин ҳожатхонага хотини бўлса керак, аёл киши кирди ва унитазга ўтирди. Уф-ф!.. Қанча кутиш мумкин у ярамасни?.. Йўқ, узоқ кутдирмади. Аёл чиқиб кетгач, орадан ўн дақиқалар ўтиб ниҳоят у пайдо бўлди. Чамаси, анчадан бери ҳожат чиқара олмай қийналаётган шекилли, нуқул инқиллар, йўлакда туриб қачон чиқишини сўраётган хотинига ҳам эътибор бермасди. Хўш, нима қилиш лозим? Мен труба орқали заҳарли газ тўлдирилган баллончани туширдим. Бу унга ёрдам бериши керак. Агар газнинг озгинаси ташқарига тарқалса ҳам, менинг ишим муваффақиятли тугаши аниқ.

Мен унинг газ ҳиди тарқалгач, қай аҳволга тушганини монитор орқали кўрдим. Мафиоз ўтирган ерида қотиб қолганди.

— Тезроқ чиқмайсизми? — қичқирарди хотини йўлакдан туриб. — Эшитаяпсизми, қачон чиқасиз, ахир?

Афсуски, у энди қайтиб чиқмайди. Руҳи аллақачон ерни тарк этиб, арши аълога йўл олиб улгурган.

Иш битганига амин бўлдим-у, шоша-пиша камера, мониторларни сумкага жойлаб пастга тушдим. Энди иложи борича тезроқ ҳаракатланишим зарур эди. Эҳ, қанийди йўлимда биро машина учраса-ю, ҳайдовчисини итқитиб ташлаб манзил томон ўқдай учсам! Бахтга қарши, катта кўчада биронта ҳам машина кўринмасди. Югуриб кетишга мажбур бўлдим.

Бало кутилмаганда келиши рост экан. Чорраҳага етганимда, қаердан пайдо бўлди, билмайман, қандайдир «Уазик» орқамдан келиб чунонам урдики… Бир тарафга учиб кетдим.

 

* * *

 

Ҳушимга кела бошлаганимда ўнлаб одамлар тепамда туришганини кўрдим.

— Сумкамни беринглар! Беринглар! — дея ингранардим. Жавоб бўлавермагач, жонҳолатда ўрнимдан туриб йўл четида айланганча дискета солинган сумкамни қидира бошладим.

— Унга ёрдам бериш керак! — дерди кимдир елкамдан ушлаб. — Ҳуши жойида эмас!

Барибир одамларнинг орасидан чиқишга эришдим. Албатта, сумкамни қўлтиғимга қисганча.

Энди қандай бўлмасин, бу оломондан узоқроқ кетишим шарт эди. Агар врач чақирадиган бўлишса, тамом! Улар биринчи навбатда ҳужжат талаб қилишади. Йўқ, бунга йўл қўя олмайман.

Югурганча дуч келган тарафга қараб кетдим. Ниҳоят кўп қаватли уйлардан бири рўпарасига етганда бироз нафас ростлаган бўлдим. Хайрият, одамлар қолиб кетишди. Фақат чап оёғим жиддийроқ жароҳатланган шекилли, симиллаб оғрирди. Бу тахлит катта кўчада туравериш ҳам хавфли. Қаршимдаги подьездга кириб иккинчи қаватга кўтарилдим ва эшикларни бирма-бир тақиллата бошладим. Бахтга қарши, ҳеч ким эшик очмади. Учинчи қаватга чиқдим. Омадим келиб квартиралардан бири шунчаки қулфланмасдан муҳрлаб қўйилган экан. Эшикни очиб ичкарига кирдим. Мана шу ерда ювиниб, кийимларимни тартибга келтирдим ва шундан кеийнгина ўз квартирамга йўл олдим. Энди вақтни беҳуда ўтказишга ҳаққим йўқ эди. Объект яхши кўринадиган дераза қаршисига сураткашларнинг оёқли ускунасини эслатувчи махсус текширув асбобини ўрнатиб кузата бошладим. Худога шукр, узоқ кутмадим. Объект уй чироғини ёқиб эснаганча хонанинг уёғидан-буёғига юра бошлади. Эҳ, мафиоз бўлиш ҳам хавфли! Уларнинг ҳаёти жуда қисқа бўлади. Нимаям қилардим? Бурчимни адо этмасам бўлмайди. Қўлимга автоматни олдим-у, уни нишонга олдим. Афсуски, биринчи маротаба ўқим нишонга тегмаслиги маълум бўлиб қолди. Объект кутилмаганда панага ўтиб ўриндиққа ўзини ташлади.

Энди кутишдан ўзга чорам қолмади. Чунки, менинг қўлимда атиги автомат. Бу қурол билан деворни тешиб бўлмайди. Аксига олгандек, у ўрнидан турай демасди. Магнитофонни ёқиб, қўлига газета журналларни олганча бамайлахотир варақлаш билан банд эди.

Шу пайт мен жойлашган квартира эшиги қаттиқ тақиллай бошлади. Кимлар келиши мумкин? Оҳиста эшик рўпарасига келиб ташқарига қулоқ тутдим. Ташриф буюрганлар камида тўрт-беш киши эди. Улар бўралаб сўкинишар, бақиришар, оёқлари билан эшикни тепишарди.

Хўш, энди нима қилдим? Агар ўқ узадиган бўлсам, қўшнилар хабар топади. Кўрибсизки, милицияга кимдир хабар бериб юборади. Йўқ, яхшиси, ойнадан пастга бир амаллаб тушаман-у, беркинаман. Ҳойнаҳой, булар мафиознинг одамлари. Йўқса, кутилмаганда, бостириб келишмасди. Демак, менинг пайт пойлаётганимни билади. Лекин қандай қилиб?

Ўйлаб ўтиришга фурсат йўқ. Автоматни елкамга осдим-да, жонҳолатда деразани очиб пастга шундоқ ёнгинамдан ўтган трубага осилган кўйи пастга туша бошладим. Билмайман. Ерга оёқ қўйиб улгурдим, ё улгурмадим. Аниқ бир нарсани биламанки, подьезд рўпарасида машина турганди.

— Тез машинага ўтир! — кимдир орқамдан келиб бошимга тўппонча тиради.

Эҳтиёткорлик билан орқага ўгирилишга уриндим. Қаршимда тўрт нафар барваста-барваста йигитлар автомат ушлаганча менга совуқ тикилиб туришар, бешинчиси, орқамда бошимга ҳамон тўппонча тираб турарди.

— Тез бўл! — буюрди орқадаги.

Итоат этишга тўғри келди. Секин машинанинг орқа эшигини очдим.

— Йўқ, рулга ўтирасан. — дея шивирлади менга орқадаги йигит атрофга бир-бир аланглаб олиб. — Рулни бошқарасан!

Оббо, энди буёғи қанчадан тушди. Нега мени рулга ўтқазиб қўйишди? Кимлар ўзи булар?..

— Машинани катта тезликда, биз айтган тарафга ҳайдайсан. — дейишди менга моторга ўт қўйишим билан.

— Сигарет чексам бўладими?

— Бўлади. Фақат бизгаям берасан.

Чўнтагимдан бир қути сигарет чиқариб бир қўлим билан ҳаммаларига улашган бўлдим. Йигитлар шундан кейингина қўлларидаги қуролларни ёнларига қўйишди.

Улар билишмасдики, сигаретлар орасида махсус танланган доналар бор. Улар портловчи моддалар. Профессионал эмасликлари шу ердан ҳам маълум.

Мен яна пайт пойлардим. Катта тезликда светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетганимдан сўнг орқадаги йигитлардан бири буюрди.

— Чапга бур!

Чапда торгина, деярли кимсасиз кўча мавжуд эди. Ана шу ер қулай! Энди «сигарет»ларни ҳаракатга келтирсам ҳам бўлади. Бир қўллаб қути ичидан ўша сигаретлардан бирини олдим-да, секин гугурт ёқиб тутатдим ва кутилмаган ҳаракат билан орқа ўриндиққа қараб ирғитиб юбордим. Ўзим эса, рулни қўйиб юбориб эшикни очдим-у, пастга сакрадим. Шу заҳоти машина салонида кучли портлаш содир бўлди…

Йигитлар бақиришга ҳам улгуришмади чоғи…

Мен олов таъқибидан қочиб анча ергача чопиб бордим ва жоним омон қолганига яна бир бор амин бўлиб тўхтадим. Энди яқин орадаги ўрмон орқали ими-жимида қайтадан шаҳарга етиб олишим лозим эди.

 

* * *

 

Мен буёғига қандай йўл тутишни билмай қолгандим. Мана, навбатдаги уринишим ҳам иш бермади. Шу кўйи иш тутаверадиган бўлсам, мафиозларни йўқ қила олмайман. Бошқачароқ, иш берадиган йўлини топишим керакка ўхшайди. Хўш, нима қиламан? Ё ҳарбий самолётлардан бирини ўғирлаб қочиб ўша ярамасларнинг уйига бомбалар ёмғирини ёғдирайми? Ҳарқалай, бизни курсда ҳарбий самолётларни бошқаришга ўргатишган. Йўқ, бунинг ҳам фойдаси бўлмайди. Охир-оқибат ўзим ташкилотимизнинг таъқибига учрайман. Ҳа, яхшиси, пионерлар уйига бораман. У ерда астрологлар тўгараги бўлиши керак.

Шҳар хиёбонида сайр қилган бўлиб аввал мақсадимга аниқлик киритиб олдим. Ҳа, у ерга гўёки илмий-оммабоп жамиятнинг вакили бўлиб бораман. Галактикалардан бирида қора соя кузатилган-у, мен ўшани илмий асослаб олиш ниятида шаҳарга жўнатилганман. Менга телескоп жуда зарур.

— Афсуски, бизда иш берадиган телескопнинг ўзи йўқ. — елка қисди тўгарак раҳбари. — Боласи тушмагурлар ҳаммасини бўзиб ташлашган. Биронтасиям ишламайди.

— Менга ижарага бериб турсангиз бас. — дедим унга. — Ҳар бир кун учун эллик фоиз устамаси билан ҳақ тўлайман. Керак бўлса, ўзим таъмирлаб ҳам оламан.

Раҳбар бу гапимни эшитгач, дарров рози бўлди. Мен бу ердан ўн бешта дурбин ва еттита телескоп топишга эришдим.

Шундан сўнг мен ўзим учун керакли уйга етиб бордим ва уй-жойлар бошқармаси бошлиғини мен учун томни ижарага беришга кўндирдим. Албатта, бунинг эвазига иккита квартирани, подьездларни бепул таъмирлаб бериш мажбуриятини зиммамга олдим. Шунга қўшимча, кассага талаб қилинган пулларни ҳам топширдим. Кўча супурувчилар ҳам яхшигина пул эвазига телескопларни таъмирлатиб беришди. Ана энди иш битди. Кузатувни бошласам ҳам бўлади. Телескоплардан бирини ўзимга маълум бўлган объектга тўғрилаб ўрнатдим. Тўғри, бу масофадан ўқ уза олмайман. Наф чиқмайди. Аммо бемалол объектни кузатиш имконига эгаман.

Тун чўкди. Уйнинг пардалари ёпиқ. Ҳовлида қўриқчи айланиб юрибди. Бегона одамлар ичкарига кирганлари ҳам, ташқарига чиққанлари ҳам йўқ. Сукунат.

Тонг отди. Қўриқчи ҳамон ҳовлида кезиш билан банд. Қандайдир енгил автомобил келиб тўхтади. Қўриқчилардан бири мафиознинг итини сайр қилдиришга чиқди.

Шу кўйи бир неча кунни кузатиш билан ўтказдим. Мафиознинг уйига деярли ҳеч ким келмасди. Асосан қўриқчилар кириб-чиқиб туришарди холос.

Бу туришда ҳам ҳеч нарсага эришиб бўлмайдиганга ўхшаб қолди. Чунки, очиқдан-очиқ мафиознинг дарвозасига яқин бориб бўлмайди. Қўриқчининг ёнидаги ит йўл бермайди. Нима қилсам экан? Мен ҳам бозордан ит сотиб олайми? Балки, шу йўл билан қўриқчини чалғита оларман?

Шу куниёқ кузатувни йиғиштириб бозорга йўл олдим ва мафиозникидан қолишмайдиган доберман сотиб олдим. Ана энди бемалол ҳовлига чиқиб қўриқчига яқинлаша оламан.

Шундай қилдим ҳам. Итни бир-икки кун томда ушлаб ўзимга ўргатиб олгач, ишонч билан ҳовлига чиқдим. Мафиознинг итига кўзи тушган доберман ўша ёққа қараб чопди.

— Мумкинмас! — қичқирардим мен. — Орқангга қайт!

Менга қўшилиб қўриқчи ҳам бақирарди. Аммо итлар бизга қулоқ тутиб ўтирмай, уйнинг нариги бурчагига қараб чопиб кетишди.

Мен хотиржам эдим. Сабаби, итимнинг бўйнига кичкинагина ускуна ўрнатилган. У ҳар қирқ сонияда чўнтагимдаги ахборот қабул қилувчи мосламага сигнал жўнатиб туради.

Итлар кўз очиб юмгунча биздан узоққа кетиб қолишибди. Мен зир югуриб уларни излашга тушдим. Қарангки, тўрт квартал нарига бориб бир-бирларини ялаб-юлқашаётган экан. Шу ерда биринчи қиладиган ишимни белгиладим. Мафиознинг итини ўлдиришим керак эди. Ҳеч ким йўқ жойга ўтиб чўнтагимдаги гугурт қутисидай келадиган махсус тўппончага овоз пасайтиргич ўрнатдим ва итга қарата ўқ уздим. Бу иш мен учун қийин эмасди. Фаолиятим давомида қанча одамларни ўлдирдим. Ҳеч қачон ачинган эмасман. Қолаверса, бу ит душманимга тегишли.

Итнинг жасадини пана-пастқамлар орқали ўзим ижарага олган квартирага олиб келдим. Ваннахонага олиб кирдим-да, ичак-чавоқларини олиб ташлаб, ўрнига портловчи модда жойлаштирдим. Уларнинг ёнига портловчи моддага қўшимча куч бағишлаши учун бир дунё майда михларни ҳам қўшиб сўнгра ёрган еримни бошқатдан тикиб чиқдим. Сўнгра жағини ҳам ёриб у ерга микрофон ўрнатдим. Ҳамма иш битгач, итни тарозида тортиб кўрдим. Ҳаммаси жойида. Ит тириклигидаги вазнини йўқотмабди.

Уни ўзим ҳамон дарвозасидан ичкарига кира олмаётган мафиознинг уйидан уч юз метрлар нарида қолдирдим. Итнинг жасадини икки соатлардан кейин топишди. Икки қўриқчи судраклаганча ҳовлига олиб киришди. Эҳ, ҳаммасини тўғри ҳисоб-китоб қилган эканман! Негаки, итни хўжайинга кўрсатмасда ҳеч қачон кўма олишмайди.

Ишимнинг натижасини кутиб ўнталар уй наридаги автобус бекатида туравердим. Худди автобус кутаяпман-у, келавермаганидан безовталанган каби тез-тез атрофга жавдираб қўйяпман. Ниҳоят қулоғимдаги эшитиш мосламасидан таниш овоз келди.

— Эҳ, сени қайси ярамас бу кўйга солди?

Бу мафиознинг овози эди.

Мен мафиоз кафтлари билан итнинг танасини силаганини, микрофонга кўз ёшлари томчилаганини, тансоқчиларнинг афсус аралаш оҳ торта бошлаганларини аниқ эшитдим.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, мен кутган ҳодиса рўй берди. Кучли портлаш… Бақир-чақирлар… Инграшлар…

Хайрият, мафиоз навбатдаги ифлос ишларини амалга оширишга улгурмади. Унга баланд-баланд, мустаҳкам деворлари ҳам, ўнлаб тансоқчи, қўриқчилари ҳам ёрдам бера олишмади.

Қизиқ. Ўз вазифамни адо этгач, хурсанд ҳам, хафа ҳам бўлмадим. Худди ҳиссиз одамдек манзил томон кетиб борардим.

 

* * *

 

Яратганга беадад шукр, навбатдаги топшириқни ҳам кўнгилдагидек адо этдим. Кўпчиликни ҳойнаҳой мафия балосидан халос қилдим. Галдаги вазифам ортга қайтиш ҳақидаги ташкилотнинг буйруғини кутиш эди. Яна ўн соат сабр қилсам, албатта махсус алоқа қутисига ўша буйруқ келиб тушади. Шундан сўнг ёруғ юз билан бошлиқларнинг олдига жўнайман.

Ниҳоят кутилган онлар яқинлашиб мен алоқа қутисини очдим ва ичидан конвертни суғуриб олдим. Очиб ўқиганимда, не кўз билан кўрайки, менга тафтишчилар бригадаси таркибида бўлган «куратор» билан учрашишга буйруқ берилибди. Манзил, фамилия, алоқага чиқиш йўллари…

Кайфиятим тушиб кетди. Ахир, агентнинг ортга қайтишини қолдириш яхшиликка олиб келмайди! Уни олдинда нималар кутаётганини ёлғиз Худонинг ўзи билади. Бу навбатдаги бахтсиз ҳодисами, ё бошқа бир кўнгилсизликми, ўзимча фол очишга ҳам ожизман. Буни фақат ташкилотдагилар билишади.

Айтилган вақтда мен ўша жойга етиб бордим. Киришим лозим бўлган квартира эшиги очиқ эди. Йўлакка кириб кийимларимни ечдим. Бу лаҳзаларда мен ўзим учрашишим зарур деб ҳисобланган одамни кўрмаслигим, у ҳам мени кўрмаслиги шарт. Бу ҳам ташкилотнинг қоидаларидан бири. Меҳмонхонага кирдим-да, стол устига махсус қўйилган «шлем»ни бошимга кийдим. Ундан фақат кўзларимгина кўриниб турарди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўша кимса орқамдан келиб стол устидаги иккинчи «шлем»ни кийди ва менга савол ташлай бошлади.

Албатта, овоз ўзгартириб олинган.

— Хайрли кун!

— Кун кимга қанақа.

— Сизга бир неча савол беришимга тўғри келади.

— Тошингни тер.

— Бу ерга келган кунингиз ва вақти…

Хуллас, у менга жуда кўплаб саволлар берар, мен уларга қўрқмасдан, тап тортмасдан жавоб берардим. Сезиб турардимки, у мени ўз саволлари билан боши берк кўчага олиб қўймоқчи. Шундан кейингина ҳушёр торта бошладим. Йўқ, бу ердан тирик чиқиб кетиш учун ҳақиқатни гапиришим керак. Охири нима бўлади, буни билмайман. Умуман, энди менга барибир. Нима бўлса бўлар.

Ўша… Самолёт воқеасидан бошлаб, ҳамма-ҳаммасини оқизмай-томизмай ортимда турган суҳбатдошга гапириб бердим. Нуқта-вергулигача қолдириб ўтирмадим. Қисқаси, яна таваккал қилдим.

— Шуми? — сўради у ниҳоят.

— Ҳозирча шулар.

— Кейинги учрашувимиз етти соатдан сўнг бўлади. Манзил ва алоқа кўриниши ўша махсус алоқа қутисида.

Қулоқларимга ишонмадим. Наҳотки, мени қўйиб юбораётган бўлса? Тириклай-а? Қизиқ.

Э, йў-ўқ, бу ерда бошқа гап бор. Тағин бу кимса менинг ҳаётимга раҳна солмоқчи. Мендан бор гапни билиб олди-ю, ташкилотдаги махфий шериклари билан биргаликда мени йўқ қилади ва кўрибсизки, ўзича қаҳрамон бўлади. Демак, нимадандир манфаатдорлиги бор. Балки, бу нусха ҳам мафияга сотилгандир… Шу сабабли ҳам етти соатдан сўнг яна учрашув белгилади. Мана шу етти соат менинг ўлимим билан тугаши аниққа ўхшайди.

Эҳ, «куратор», мени аҳмоқ деб ўйлаган бўлсанг, адашасан!.. Ниятингга ета олмаслигингни кўнглим сезиб турибди. Яхшиси, тезроқ йўлга отланишим-у, икки минг чақирим йўлни босиб ўтиб Москвага етиб олишим лозим. Ана шунда ҳаммаси яхши якун топади. Ташкилотга бемалол, хотиржам ҳисобот бераман. Ундан кейин эса, ўзим учун маълум вақт бўлса-да, ҳордиқ эълон қиламан!

Мен бу квартирадан эсон-омон чиқиб олгач, шошилинч йўлга отландим.

Афсус… Бундан кейин ҳам бир талай муҳим топшириқларни муваффақиятли адо этдим. Лекин… Бугунга келиб шунча йил тортган азобларимнинг азобини тортяпман.

Саратон хасталигига учрабман. Шунча хавф-хатарга чап бера олибман-у, саратонга чап бериш керак бўлганда, ожиз қолибман.

Сезаман, биламан, идрок этаман. Ота-онам ҳам аллақачон ёруғ дунёни тарк этиб боқий дунёнинг жаннатида осойиш топишгандир. Мен ҳам нари борса бир-икки ой яшасам керак. Лекин улар билан учрашиш насиб қиладими-йўқми, билмайман. Ҳозирги ишим бу тўғрида бош қотиришдан иборат эмаслигини ҳам яхши биламан. Шу тобда тавба, тавба ва яна тавбалар қилиб, гуноҳларим учун Яратгандан авф сўрашим зарур.

Сизга Оллоҳ узоқ умр берсин, биродар!

(Тамом)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: