Ўйлаб кўрдингизми? 2018 йил 10 феврал куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?..

0

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Бугун сизга жисмоний эмас, балки ақлий меҳнат билан банд бўлишингиз тавсия этилади. Бировга қарз берманг. Шундоқ ҳам молиявий муаммолар сизнинг фойдангизга ҳал бўлмайдиган кўринади. Қўшимча даромадли иш қидиришингизга тўғри келади. Иш жойингизда ҳамкасблардан бири билан иш юзасидан тортишиб қолишингиз эҳтимоли бор. Ўзингиз ҳақ эканингизни исботлашга ҳаракат қила кўрманг. Барибир сизни айбдорга чиқариб қўйишади. Асабни асранг.

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

10 февралда молиявий муаммолар жар ёқасига олиб бориб қўймаслиги учун хатоларингизни тан олишингизга тўғри келади. Ишхонада ҳатто энг оғир вазиятларда ҳам хотиржамликни қўлдан берманг. Организмни жисмоний зўриқишга мубтало этманг. Бу саломатлигингизга путур етказади. Кечқурун ёлғизликда дам олинг. Дўстлар билан учрашув, суҳбатлар, кўнгилочар машғулотлар сизга фақат зиён етказади. Кун давомида соғлиғингизни назорат қилишдан чарчаманг.

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

Куннинг биринчи ярмида ўзингизни жуда беҳол, чарчаган, ҳорғин ҳис эта бошлашингиз кутилади. Яқин ўтмишдаги кўнгилсизликларни ёдга олишдан сақланинг. Ўзингизни ва қимматли соғлиғингизни жуда эҳтиётланг. Кечқурун вақтингиз хушчақчақликда ўтиши ҳақиқатга яқин. Куннинг иккинчи ярмида яқин манзилга хизмат юзасидан бориб келишингиз мумкин. Серқатнов йўлларда эҳтиёт бўлинг. Шахсий машинангиз бўлса, кўчага чиқмай қўя қолганингиз дуруст. Шунда тинч бўласиз.

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

10 феврал куни асабийлашишлардан сақланинг. Йўқса, депрессия ҳолатига тушиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Ишдаги фаоллигингиз кайфиятингиз аъло даражадалиги туфайли бирмунча ортади. Зиммангиздаги вазифани бундай ғайрат билан анча олдин бажариб қўйишингиз турган гап. Атрофдагилар билан муносабатларда ҳазил-мутойибадан унумли фойдаланинг. Муҳаббатда эса чуқур фикрлаган ҳолда ҳаракатлар содир этинг. Овқатланиш режимини асло буза кўрманг.

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

Нима иш қилишингиз лозим бўлса, олдин режани пухталаб олинг. Режасиз ишда унум бўлмайди. Суйган инсонингиз қаршисида севимли бўлиб қолишни хоҳласангиз, характерингизга хос минусларни, яқин ўтмишдаги хатоликларни тан олишингиз зарур бўлади. Бугун маданий тадбирлар, театрга тушиш ҳамда янги танишувлар муваффақиятли кечади. Кечқурун ҳамкасбларингиздан бири ёқимли хабар етказиши кутилади. Шамоллашдан, грипп юқтиришдан сақланинг.

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

10 февралда кунингиз у даражада хотиржам кечмаслиги мумкин. Нимаики иш топширишса, чин кўнгилдан адо этинг. Мевасини кечқурун албатта кўрасиз. Кайфиятингиз сал ёмонлашса, режалардан воз кечиб юборманг. Акс ҳолда кўзлаган мақсадингизга ета олмайсиз. Муҳаббатда алдовлар, фирибга дуч келишингиз мумкин. Агар ишхонада ва шахсий ҳаётда обрўйингиз сақланиб қолишини истасангиз, кечки пайт ўзингизни четга олинг. Ёлғиз қолиб келгусида бажариладиган ишлар режасини тузиб олинг.

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

Ўта жиддий, аянчли аҳволда қолган тақдирингизда ҳам ўзингизни ўзингиз бошқара олинг. Бошқарув йўқолса, аҳвол янада аянчли тус олиши мумкин. Шундоқ ҳам ўз ишингизнинг устаси эканингизни ҳамма билади. Шунинг учун дуч келган одамга бу хислатингизни намойиш этишга ҳожат йўқ. Қариндошлар билан муносабатларда мулойимлик зарур бўлади. Бусиз орангизда катта жанжал пайдо бўлиши турган гап. Молиявий масалада омадингиз кулмаслиги ҳақиқатдан узоқ эмас. Ўзингизда бор пулларни тежам ишлатишингизга тўғри келади.

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

10 феврал куни омадингиз кулади. Кунингиз кутилганидан ҳам унумлироқ кечади. Фақат бундай ёқимли лаҳзаларга эга чиқиш учун бажараётган ишингизга ижодий ёндаша билишингиз керак. Тижорат соҳасида анча йиллардан бери тер тўкиб келаётганлар ишида ёқимли танаффуслар юзага келиши мумкин. Жуфтингиз билан биргаликдаги ҳаётингиз тотли кечиши учун ён беришни билишингиз тавсия этилади. Ғурурга суяниш сизга сира наф бермайди.

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

Шахсий ҳаётингизда баъзи тушунмовчиликлар сизни йўлдан оғдира бошлаши мумкин. Жуфтингиз билан катта-кичик жанжаллар, хафагарчиликлар сизни ҳолдан тойдирай дейди. Зинҳор бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдира кўрманг. Аҳвол баттар чигаллашиши мумкин. Бугун шахсий ҳаётингизга оид ишлар асосий вақтингизни ўғирлаб қўйиши кутилмоқда. Шунинг натижасида кўнгил ёзишга ҳам фурсат топа олмай ҳалак бўласиз. Кечқурун уйингизга меҳмонлар ташриф буюриши эҳтимолга яқин.

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

10 февралда ўзингизни бошқариш масаласида бироз қийналишингиз мумкин. Ишдан айрилиб қолмай десангиз, ўзингизни идора этишда адашманг. Кун давомида ўтмишингиз билан боғлиқ бир инсон сизга кутилмаган совға тайёрлаб қўйганига гувоҳ бўласиз. Молиявий муаммоларни бартараф этишда тежамкорликка, ҳаётий тажрибангизга суяниб иш кўринг. Шунда нафақат муаммо ҳал бўлади, балки даромадингизга даромад ҳам қўшилади. Сурункали хасталикка йўлиққан бўлсангиз, саломатликни кўз қорачиғидек асранг.

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

Фаоллик талаб қилувчи ишларингиз бугун кўп бўлади. Шу сабабли режани пухта тузинг. Токи иш жараёнида яна ортга қайтишингизга тўғри келмасин. Шахсий ҳаётингиз билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишингизда яқин дўстлардан бири қимматли маслаҳатлари билан кўмаклашиб юбориши мумкин. Бугунги кун спортчи ва ижодкорлар учун хайрли, омадли, мазмунли кечади. Ўзингизга яқин деб билган инсонларни эҳтиёт қилинг.

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

10 феврал куни иш жойингизда кўз кўриб қулоқ эшитмаган муваффақиятларни қўлга киритишингиз кутилмоқда. Табиатингизга хос очиқ кўнгиллилик, сирли жилмайишларингиз романтик лаҳзалар ҳадя этиши мумкин. Тижоратчилар, бозорчилар бугун катта миқдордаги даромад эгасига айланишади иншооллоҳ. Саломатлигингиз туйғуларингиз, кайфиятингиз билан боғлиқ бўлади.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

О. ҲАЙИТ тайёрлади

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: