ФИРИБ ПАНД БЕРГАНДА… (Воқеа реал ҳаётдан олинган. Қаҳрамонларнинг исми ўзгартирилган)

0

* * *

 

— Холида, қизим, яна бир балони бошлаяпсанми дейман-а? — ёши олтмишдан ошган, сочларига оқ оралаган Бувиниса хола икки яшар неварасини елкасига опичганча эндигина ташқарига чиқмоқчи бўлган Холиданинг йўлини тўсди. — Бир марта кўрдинг ўша қамоғини. Мундоқ бошқаларга ўхшаб ҳалол пул топадиган ишларда ишласанг-чи!

— Вой, бу нима деганингиз? — қошларини чимириб қовоқ уйган кўйи онасига шанғиллаб берди Холида. — Нима ёмон иш қиляпман экан? Нега менга туҳмат қиляпсиз, ойи?

— Азонлаб кўчага отланиб қолганингни кўриб айтдим-қўйдим-да! Ҳеч бўлмаса, манави гўдаккинангни ўйласанг-чи!

— Бас қилинг! Ким айтди мени ёмон ишлар қилиб юрибди деб?..

— Унда қаерга кетяпсан? Менга бир оғиз айтиб кет! Хавотир олмасдан ўтирай!

— Сизга қўшилиб уйда қамалганча ўтирмайман-ку! Боламни ким боқади мен мана шу тўрт девор ичида ўтираверсам-а?.. Қолаверса, мен ҳеч кимга ҳисоб бермайман. У ёшдан ўтганман, тузукми?!.

— Ўзинг биласан. — бўшашганча ортга қайтди Бувиниса хола. — Сенларга гап уқтириб бўлармиди. Ишқилиб, инсоф берсин!..

Холида ғудрана-ғудрана ташқари эшикни зарда билан очди-да, чиқиб кетди.

 

* * *

 

Холида шошилмаса бўлмасди. Яқин дугоналаридан бири унга қишлоқдан келган бир мижозни топиб берган. Бундайларни сира қўлдан чиқариш керак эмас. Айтишига қараганда, шаҳарда бозор-ўчар қилиб мўмайгина пул йиғибди. Энди уй сотиб олишга қийналаётганмиш. Нотариус тасдиқламасмиш.

— Тўғри-да, — ўйлади Холида. — Қишлоқдан келгандан кейин ким ҳам уни рўйхатга қўярди. Ҳозирги пайтда бу ишни уддалаш унча-мунча одамнинг қўлидан келмайди. Майли, башарасини бир кўрай-чи! Қанақа одамлигини билиб, кейин муомала қилавераман.

Уни белгиланган жойда ўрта бўйли, юзи ёз иссиғида қорайган, эллик ёшлар чамасидаги бир эркак кутиб турарди.

Яқинлашди. Саломлашишди. Эркак ўзини таништирди.

— Хўш, муллака, тинчликми? — сўради Холида мижозга ер остидан синчиклаб назар соларкан. — Нима ташвишингиз бор?

— Мени дугонангиз Соҳиба жўнатганди, — шошилмай гап бошлади мижоз.

— Биламан. Айтаверинг.

— Бир уй сотиб олгандим. Лекин номимга ўтказишга пича қийналиб турибман-да! «Қишлоқдан келганларга уйни хатлаб бериш анча мушкул» дейишди, синглим.

— Тўппа-тўғри, муллака, — бироз жонланиб жавоб қилди Холида. — Ҳозир биласиз-ку, бунақа ишлар учун катта пул сўрашади.

— Ҳа, гапирманг. — бош эгди мижоз. — Жуда қийнаб юборишди тўғриси. Илтимос, агар қўлингиздан келса, ёрдам бериб юборсангиз!.. Қуруқ қўймайман.

— Қуруқ қўймаслигингиз аниқ, — деди Холида кулимсираб. — Мен кўп сўрамайман. Атиги икки юз кўкида…

— Йўғ-э, — мижоз ишонқирамай Холидага қаттиқроқ тикилди. — Менга…

— Сизга айтаверишади-да! Таниш-билиш бўлса, ҳамма нарсани осон ҳал этса бўлади.

— Худо хайрингизни берсин! Майли, мен розиман. Тезроқ ҳал қилиб берсангиз бўлди.

— Фақат пулини олдиндан бериб қўясиз. Негаки, мен ҳам ўшаларга узатишим керак.

— Хўп, ҳозироқ бераверайми?

— Яхши бўларди. Мен шошиб турибман… Ҳа… Жавобини дугонам орқали биласиз. Менга уй ҳужжатларини беринг. Кейин…

Холида шоша-пиша чўнтагидан қоғоз-қалам чиқариб қандайдир телефон рақамини ёзди-да, мижозга узатди.

— Мана бу менинг қўл телефоним. Икки кундан кейин қўнғироқ қиласиз. Ҳал бўлса, уй эгаси билан шу ерга келасиз. Биргалашиб нотариусга борамиз.

— Умрингиздан барак топинг-э! — эркак хурсанд бўлиб кетганидан қўлидаги ҳужжат солинган жилдни, кетидан икки дона юзталик кўкимтир пулларни Холиданинг қўлига тутқазди.

— Бўпти, кўришгунча хайр бўлмаса! — Холида эркакка қўл узатиб хайрлашди-ю, кетишга чоғланди. — Хотиржам бўлинг. Дугонам сизга ёмон одамларни рўпара қилмайди…

 

* * *

 

— Ўлиб кетсин! — ўзича ғудрана-ғудрана автобусда кетиб борарди Холида. — Ўзиям ўтакетган анқов экан. Майли, шунақаларнинг бори яхши. Акс ҳолда менга ўхшаганлар қандай тирикчилик қилади. Насиб бўлса, янги мижозлардан каттароқ пул ундириб бошлаганимда, бир-икки ойда машина сотиб олардим. Болажонимни манаман деган боғчаларга берардим. Эҳ, курортларда дам олиб қайтардим. Қани, дугонамга қўнғироқ қилиб кўрай-чи… Э, ўзим топаман. У ярамас ҳам улуш талаб қила бошлайди. Ҳа, нотариусларнинг ёнида айланиб юраман. Ким билиб ўтирибди. Ўшанақанги жойларда қийналиб, нима қилишни билмай юрганлар кўп бўлади. Сал анақароғини ушласам, марра меники.

Холида ўзига таниш бекатда автобусдан тушиб қолди-да, тепасига йирик ҳарфлар билан «Нотариус» деб ёзилган бино томон юрди.

Афсуски, бир соатга яқин ўтган вақти беҳуда кетди. Нотариусга келиб-кетаётганларнинг орасида Холида ўйлаган бўш-баёви кўринмади.

Нима ҳам қиларди? Уф тортганча қайтадан автобусга чиқди.

Орқадаги ўриндиқлардан бири бўш экан. Холида секингина ўриндиққа чўкиб, ёнидаги серсоқол эркакка қараб қўйди. Эркак тинимсиз хўрсиниб ҳар замонда тиззасига муштлаб қўярди.

— Бу қишлоқдан шекилли, — кўнглидан кечирди Холида. — Гердайишига қараганда, пулдорроққа ўхшайди. Қизиқ, нима ташвиши бор экан. Кошкийди ёрилса…

Шу тобда эркакнинг қўл телефони жиринглаб ким биландир асабий гаплаша бошлади.

— Э, бўлмади. Ўхшамади. Базадагилари ғирт порахўр экан. Икки баравар нархга тўғрилаб қўйишяпти-я ярамаслар!.. Бўлди, ўлиб кетсин! Ҳозир вокзалга бориб поездга ўтираман. Очдан ўлмасмиз.

Холида бу гапларни эшитиб ҳушёр тортди.

«Шошилмасам бўлмайди. — ўйлади у бошини орқага ташлаб. — Бу нимадир сотиб олишга келган-у, уддасидан чиқа олмаган…»

Ва билинар-билинмас эркак томон кўз қирини ташлади. У қовоғи уйилиб автобус ойнасидан шаҳарни кузатиб борарди.

— Кечирасиз, бир нарса сўрасам майлими? — секин гап бошлади Холида тоқатсизланиб.

— Майли, сўранг, синглим, — деди эркак у томон ўгирилиб.

— Эшитиб қолдим. Шаҳарга нимадир харид қилиш илинжида келгансиз-у, эпини қила олмаганга ўхшайсиз.

— Топдингиз. Бизнинг қишлоқларда шакар танқис бўп қолди. Бир танишим фалон базага борсангиз, сал қимматроқ-ку, лекин бемалол истаганча сотиб олишингиз мумкин деганди. Бе, у айтган нархдан икки бараварини кўндаланг қилиб қўйишди. Шунга…

— Вой, бу муаммо эмас, — кулди Холида. — Сизни танишмаган-да!.. Ҳойнаҳой фалончининг базасига киргандирсиз-а?..

Эркак таниш исмни эшитиб астойдил бош ирғади.

— Худди ўшанинг базасига киргандим. Сиз танийсизми?..

— Ҳа, у киши эримнинг яқин оғайниси бўлади. Лекин ўзи жуда очиқ кўнгил одам.

— Ким билсин? Ҳақиқатан мени танимадимикан-а?.. Менга қаранг, синглим, Худо хайрингизни берсин. Шу ишда ёрдам қилиб юборолмайсизми?..

— Билмадим, — атайин елка қисди Холида. — Уриниб кўрса бўлади-ку…

— Менинг-чи, синглим, қишлоқда каттагина дўконим бор. Ўша дўконимга олиб бориб ҳамқишлоқларга тарқатаман-да!.. Жуда савоб бўларди локигин.

— Майли, ёрдам бераман. Аммо битта шартим бор.

— Хўш, қандай шарт экан?..

— Келинг, яхшиси, автобусдан тушиб бирор қаҳвахонага кирайлик. Бир пиёла чой устида гаплашиб оламиз!

— Жуда маъқул гап, — хурсанд бўлиб даст ўрнидан турди эркак. — Қани, бошланг унда! Мен шаҳарни яхши билмайман.

Холида автобус ойнасидан ташқарини кузатган бўлди-ю, эркакни олдинга имлади.

— Ҳозир тушиб қоламиз!

 

* * *

 

Қаҳвахонада хўрандалар деярли кам эди. Холида тез-тез юриб бориб четдаги столлардан бирини танлади.

Ўтиришди. Эркак ўзини Болтавой дея таништирди.

Холида эса шу тобда танишишдан кўра мақсадга ўтишни маъқул кўрарди.

— Хўш, қанча шакар олмоқчисиз, ака? — сўради у бетоқатлик билан. — Иложи бўлса, тезроқ гаплашиб олсак. Вақтим жуда зиқ.

— Хўп, хўп, синглим, — деди Болтавой ака. — Гапнинг индаллоси, икки миллион сўм олиб келганман. Шунга яраша олсам бўлади.

— Яхши. — Холида сумкачасидан қоғозча чиқариб телефон рақамларини ёзди-да, Болтавой акага узатди. — Сиз шубҳаланмаслигингиз учун телефон рақамимни бериб қўяй. Шарт шуки, пулини олдиндан бериб қўясиз. Чунки, мен қуруқ қўл билан бориб ҳеч нарса ундира олмайман. Савдогар бўлсангиз, ўзингиз ҳам буни яхши тушунсангиз керак.

— Ҳ-ҳа… — Болтавой ака сал тутилиброқ жавоб қилди. — Майли-ку-я, локигин сизни қаердан топаман? Ҳарқалай озгина пул эмас…

— Сизни тушундим, — кулимсираб Болтавой акага боқди Холида. — Қоғозчани беринг-чи! Мен манзилимниям биратўла ёзиб бера қолай…

Кўз очиб юмгунча келишув якун топди. Холида икки миллион пулни қўлга киритганидан, Болтавой ака эса иши битаётганидан мамнун бўлиб хайрлашишди.

 

* * *

 

Орадан уч кун ўтди. Аслида улар икки кунга келишишган эди. Учинчи кун ҳам кеч бўлгач, Холиданинг юраги бироз тинчланиб балконга чиқди-да, ойиси тайёрлаган қаҳвадан ҳўплаганча ташқарига маъюс тикилди.

«Энди умидини узгандир, — хаёлидан ўтказди у лабини тишлаб. — Албатта, қоғозчага ёзилган манзилни қидириб ҳам топгандир. Лекин ҳеч нарсага эриша олмайди. Майли, ўзидан кўрсин. Бир марта чув тушса, кейин ақлини йиғиб олади…»

Шу пайт ташқари эшик тақиллади. Сал ўтмай, Бувиниса хола кимлар биландир гаплашаётгандек туюлиб, Холида секингина ошхонага ўтди.

Овозларнинг бири жуда таниш эди.

«Вой ўлай, қ-қандай топиб келдийкин?.. — у оёқ учида балкон томон юра бошлади. — Ёнидагилар мелиса шекилли… Ўлдим энди… Ҳаммаси тамом…»

«Меҳмон»лар бу орада аллақачон ичкарига кириб улгуришганди.

— Энди беркинишдан фойда йўқ, синглим, — дея Холиданинг ортидан балконга чиқди Болтавой ака. Унга икки милиционер ҳам эргашди. — Манзилниям нотўғри берган экансиз. Яхшиям манави укалар бор экан. Йўқса, пул қулоғини ушлаб кетавераркан-да! Уялинг, синглим, уялинг! Айтсангиз, пул керак десангиз, ёрдам берардим. Лекин алдаганингиз чатоқ бўлди-да!..

— С-сиз мени ким деб ўйлаяпсиз?.. — беихтиёр Холида жазава аралаш Болтавой акага ўшқирди. — Кимсиз?.. Мен… Мен сизни танимайман. Йўқолинг уйимдан, йўқолинг!..

— Қани, биз билан юринг! — дўқ аралаш буюрди милиционерлардан бири Холидага. — Бўлимга боргандан кейин танишиб оласиз. Бўлинг тез!..

ЭСЛАТМА:

Бир марта қамалиб ҳам тегишли хулоса чиқара олмаган Холида фирибгарликда айбланиб, маълум муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: