«Келинг, би-ир кулишайлик, ока-а!!!»

0

«МОДА»ДАГИ ТЕЛЕВИЗОР КУНДАЛИГИДАН

30 декабрь.

Хўжайиним бир умр орзу қилган экан. Мени дўкондан сотиб олиб уйига келтирди. Ҳурматимни қилиб стол устигамас, деворга илиб қўйди. Қаранг, юқоридан туриб қарашнинг завқи бошқача экан. Салобатингга салобат қўшилиб, нуқул сайрагинг келавераркан…

31 декабрь

Бугун байрам. Айниқса, мен учун бу байрамнинг фойдаси кўп бўлди. Фақат мен гапирдим. Уйдагилар эса ҳусни жамолимга термилганча тек ўтиришди. Соат тунги 12: 00 га бонг ургач, хўжайиним билан янгам бир-бирларини табриклашди. Хўжайин оғзи қулоғига етгудек қувониб янгамдан бўса олди. Айтишларича, янгам бир йилда бир маротабагина бўса олишга изн бераркан. Сабабини айтайми?.. Ҳеч ким эшитмасин-у, янгам нос чекканларни жуда ёмон кўраркан…

1 январь

Илгари қулоғим бор эди. Эгаларим қулоғимни тарсиллатиб бураса алам қилмасди. Биров юзимга тарсаки туширгандек бўларди-ю, лекин жоним оғримасди. Хўжайин ва хўжайкаларнинг хоҳишини жимгина адо этардим. Ҳозир эса қулоқларимни узиб олиб, ўрнига тугмачалар ўрнатиб ташлашган. «Ургандан туртган ёмон» деб бекорга айтишмаган экан. Бугун ҳамма байрамдан сўнг чарчоқ енгиб пишиллаганча ухлаяпти. Аммо хўжайиннинг қайсар қизи ухламабди. Нуқул тугмачаларимни турткилаб мени қийнашдан бўшамаяпти. Жоним оғриганидан додлаворай деяпман-у, хўжайиннинг ҳурмати бор-да!..

2 январь

Худонинг берган куни дунёдаги манаман деган гўзалларни ҳаммага кўз-кўз қилиб, уларни мадҳ этганим бир пул экан. Бугун қўшнининг кетворган қизини кўрдим-у, мурватларимгача жимирлаб кетди. Билмадим, жимирлаган мурватлармиди, ё юракмиди? Умуман, менда юрак бор-йўқлигини билмайман. Нима бўлгандаям, шу қизга беш кетдим. Устига устак хонага кирди-ю, дугонасига «Вой, телевизоринг мунча зўр?», деб шартта юзимдан ўпиб олди. Ошна, умримда бировга юзимни ўптирмагандим. Антеннам бўлмаса, қувонганимдан рангим оқариб кетган бўларди. Фақат… Бир нарсага сира ақлим етмаяпти. Нега чиройли қизни кўрдим дегунча безовталаниб қолдим? Мен ўзи кимман? Наҳотки, менам эркак бўлсам? У ҳолда уйланиш масаласи қандоқ кечади? Телевизор деган номим бор-ку, ахир!..

10 январь

Бугун кечқурун уйдагилар яна йиғилиб, менинг рўпарамга ўтиришди. «Ўгай она» деган сериални томоша қилишди. Сериални ранг-барангига олиб кўрсатяпман-у, негадир кўнглим ғаш. Ора-сирада хўжайинга разм солиб қўйяпман. Кўнглим сезганди-да! Анхелнинг онаси бошқа аёл бўлиб чиққач, хўжайиннинг туси ўзгарди. Даст ўрнидан турди-ю, ғазаб билан бир хотини, бир қизига қаради. Сал қурса мени тарсакилаёзди. Аммо ундай қилмади. Шартта қора симимни токдан суғуриб олди ва қизини хонасига ҳайдаб солди. Сўнгра хотиржам ўтириб, қайтадан нимадир тўқишни бошлаган янгамнинг тепасига келди.

— Ҳозир менга бор гапни айтасан! — ўдағайлади хўжайин ингичка мўйлаби учиб. — Ҳўв, ғалча, сенга гапирдим!

Янгам ҳам анойимас. Дафъатан қўлидаги матони бир четга отди-да, зарда аралаш ўрнидан туриб икки қўлини белига тиради.

— Сериалдан маҳрум қилганингиз етмай, яна нимани айтмоқчисиз-а? — эридан-да бир парда баландроқ товушда таҳдид қилди янгам. — Хўш, гапиринг!

Хўжайин бирпас гезари-иб турди-ю, ғазаб билан сўради:

— Нега қизингнинг бурниминан қулоғи менга ўхшамайди? Ҳозир тушунтириб берасан!

Кутилмаган саволни эшитган янгам бир муддат на кулишни, на сўзлашни билди. Тош каби қотганча эрига тикилиб қолди. Аммо сал ўтиб тўсатдан шарақлаб кулиб юборди.

— Бу нимаси, адаси? Алжирамаяпсизми? Қанақа қулоқ? Қанақа бурун?

— Йў-ўқ, — бўш келмай янгамни қистовга ола бошлади хўжайин. — Айтасан. Ҳақиқатни айтмагунингча қўймайман!

— Э, боринг! — қўл силтаб юзини терс бурди янгам. — Қизингизнинг қулоқ-бурни тоғаларига тортган. Бўлдими?

— Ҳўв, ит, — бу гал хўжайин янгамнинг иягига чанг солди. — Мени аҳмоқ қилмоқчимисан-а? Гўлманми сенингча? Бир пайтлар Мадғози билан кўз уриштириб юрганларингни кўрганман. Мадғозини кўрсанг, кўзларинг ёниб кетарди. Қизинг Мадғозидан бўлган-а? Мадғозидан бўлганми-и-и???

Сериал кўрсатмай мен ўлай. Ихтиёр қўлимда бўлса, ўша бахтсиз Анхелнинг ойисини сира ўзгартирмасдим. Нима қилай? Мен оддий бир телевизор бўлсам!..

Хуллас, ўша куни янгам билан хўжайин тозза жиқиллашишди. Янгам охири аразлаб ойисиникига кетиб қолди. Қачон қайтишиниям билмасдим. Негаки, мен боя айтганимдай, оддий телевизорман, холос.

6 августь

Аввало Оллоҳ-у, аммо заводдагилар сабабчи бўлиши ҳақиқат экан. Ёзнинг иссиқ кунларидан бирида тўсатдан мазам қочди. Афтим оқаринқираб, рангларни ажратолмайдиган бўлиб қолдим. Овозим ҳам ҳалигидай хириллаб, худди йўтал тутган хўрозга ўхшаб қолдим. Қайсидир мурватларим қизиб, аъзойи баданимни тер босадиган бўлди.

Хўжайин шундоғам хит эди. Янгам билан уришгандан бери мени томоша қилишгаям ҳуши қолмаганди. Бугун ёқиб кўрди-ю, баттар хуноби ошди. Заводдагиларни сўка-сўка мени қўлтиқлаганча устахонага жўнади. Афсус, устахоналардаги усталарнингам димоғи осмон экан. Мени уёқ-буёғимга айлантиришади-ю, «фалон пул туради тузатиш», дейишади. Хўжайин елка қисганча тағин мени қўлтиқлаб ташқарига — бошқа устахонага йўл олади.

Шу кўйи биз икковлашиб то кечга қадар шаҳар кездик. Очиғи, хўжайиннинг қўлтиғида кетиб борардим-у, хижолатдан ўлай дердим. Дунёга келганларимга минг пушаймонлар ердим. Мени нобоп яратган заводчиларнинг гўрига ғишт қалардим. Аммо хўжайин бўш келишни хоҳламади. Мард-да! Мени икки қўлида баланд кўтариб, башарамга боқди-ю, «Телевизорбой, сени тузатмасам отимни бошқа қўяман! Пулига гап йўқ!», деди. Бу гапни эшитиб кўнглим тоғдай кўтарилиб кетди. Хўжайинга минг чандон ҳурматим ортиб, юм-юм йиғладим.

Ҳа, бизнинг хўжайин шунақанги мард одам! Мана кўрасиз, мени албатта тузатади. Мен яна қадрдон уйга қайтиб, хўжайинга дунёни томоша қилдира бошлайман. Албатта кўнглини кўтараман!

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here