Алиментни тўламаслик мумкинми?

0

 

— Алоҳида яшаётган ота-оналар ўртасида болаларнинг қайси бири билан яшаши учун юзага келган низоларни ҳал этишда судда нималар ҳисобга олинади ҳамда ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш деганда нималар тушунилади?

Яна бир саволга жавоб беришингизни илтимос қиламан, яъни қандай ҳолларда тўланадиган алиментни камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиниш мумкин?

ЎТКИР

Тошкент шаҳри

— Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрь кунги 23-сонли «Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 3-бандида суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори чиқариши лозимлиги кўрсатилган. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олади. Шу билан бирга, суд 10 ёшга тўлган боланинг ота-онасининг қайси бири билан яшаш истаги борлигини ҳам эътиборга олиши мумкин.

Шунингдек, мазкур қарорнинг тегишли бандига биноан, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш деганда — бу ҳуқуқлардан болаларнинг манфаатларига зид равишда фойдаланишни, масалан, ўқишига, жамоат топшириқларини бажаришига тўсқинлик қилишни, тиланчиликка ундашни, уни спиртли ичимликлар ва наркотик моддалар истеъмол қилишга ўргатиш, жиноят қилишда, жиноий йўл билан даромад топишда вояга етмаганни жалб қилишни тушуниш кераклиги кўрсатиб утилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 105-моддасига асосан, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек, алимент тўлаётган ота (она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.

Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Алимент миқдорини камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун асос бўлган ҳолатлар тугаганда манфаатдор тараф алимент қонунда белгиланган миқдорда ундирилишини талаб қилиб, судга мурожаат этишга ҳақли.