Батафсил фоторетсепт: Корейсча ким-паб ролларини уйда тайёрлаш

0

Ким-паб жанубий Корея ошхонасининг миллий таоми ҳисобланади. Бундай таомнинг тайёрлаш усуллари жуда ҳам кўп бўлиб, бугун сизларга улардан бир турини кўрсатиб берамиз.

Бундай ноодатий таом тайёрлаб яқинларингизни ҳайратлантиринг ва пазандачилик санъатидаги тажрибангизни оширинг.

Барча керакли масаллиқларни тайёрлаб оламиз.

Гуручни тайёрлаймиз:Гуручни иложи бўлса «Аланга» навидан оламиз, яхшилаб ювиб, 10-15 дақиқа совуқ сувга ивитиб қўямиз.

Сўнг гуручни қайнатадиган идишга соламиз ва устидан сув қуямиз. Сув гуручдан тахминан ярим сантиметр ошиқроқ бўлсин. Баланд оловда қайнатамиз. Сувини ярмини шимгандан сўнг оловни сал пасайтирамиз ва қопқоғини ёпиб, 7-10 дақиқа давомида пишириб оламиз.

Саримсоқпиёзни олиб майда тўғраймиз ёки эзамиз, идишга соламиз устидан туз ва нурч сепиб ҳаммасини яхшилаб аралаштирамиз. Саримсоқпиёзнинг шарбати иложи борича чиқиши керак.

Тухумни идишга солиб аралаштирамиз ва товада икки томонидан ҳам қовуриб оламиз. Совигандан сўнг эса олиб узун ленталарга ўхшаб тахминан 1-1.5 см қалинликда кесиб чиқамиз.

Бодринг, колбаса, қисқичбақа таёқчалари ва қизил балиқни узунчоқ шаклда кесиб чиқамиз. Қалинлиги 7 мм дан ошмасин. Кўк пиёзни ҳам тенг ўртасидан бўламиз.

Барча керакли масаллиқларни қўл остингизга қўйинг. Битта пиёлада оддий сув ҳам қўйинг, у қўлларни ҳўллаб олишда керак бўлади.Ролларни ўраш учун синофка яъни махсус тахтакач керак бўлади, агарда у сизда мавжуд бўлмаса, унда оддий озиқ-овқат пелёнкасидан фойдаланинг.

Пелёнкани тахтакач устига тўшаб, устидан ким баргини соласиз. Устидан қайнатилган гуручни бир текисда солиб чиқасиз. Баргнинг тепа томони 2-3 см атрофида бўш қолсин.

Пастки қисмидан 2-2.5 смдан сўнг асосларни қўйиб чиқинг. Асосларни хоҳлаганингиздан қўяверишингиз мумкин. Таомни рулетга ўхшаб ўраб чиқамиз. Шу ҳолида ликопчага 10-15 дақиқа қўйиб қўямиз.

Ўткир пичоқ оламиз, сувга ботирамиз ва 1 см дан юпқа бўлмаган қалинликда кесиб чиқамиз.

Тайёр ролларни соя қайласи билан дастурхонга тортишингиз мумкин. Ёқимли иштаҳа!

 

manba: zira.uz

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: