Шавкат Мирзиёев: «Шайх ҳазратлари 90-йилларда Ўзбекистондан кетишга мажбур бўлган» (видео)

0

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо этиладиган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи бериладиган бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишуви жараёнида мазкур масжид майдонига ташриф буюриб, шайх ҳақида кўп гапларни сўзлар берди, деб ёзмоқда Хабар нашри.

— Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари зиёли одамни жуда ҳурмат қиларди. Шу киши кўп китоб ўқиган, ўзим кўп бор мулоқотда бўлганман. Китоб ўқимаган одамнинг руҳияти ҳам, келажаги ҳам, умуман, умиди ҳам йўқ бўлади, деганди. Араб тилини жуда мукаммал билган.

Биз Имом Бухорий, Имом Термизий, Марғиной, Имом Мотурудийни кўп айтамиз, аммо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мустақил Ўзбекистонимизнинг ана шундай инсонларидан эди.

Ҳаёт бешафқат экан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратга ҳам ғийбатлар, туҳматлар кўп бўлган ва 1993 йилда у киши кўчиб кетишга мажбур бўлган. Маккада, Мадинада, 1994 йилдан Ливияда мусофирчиликда яшаб, кўп-кўп китоблар ёзган. Бугун Ўзбекистонга ана шундай буюклар етишмаяпти…

Бутун Ўрта Осиё ва Қозоғистондан 20-30 киши ҳажга борарди, лекин Ўзбекистоннинг ўзидан 500 кишини 1990 йилда Ҳажга олиб боришга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўзи бош бўлган эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг билганини унча-мунча одам билмасди. У одам кам ухларди, кўп ўқиб, кўп ёзарди. Яна ҳар куни икки соат спорт билан шуғулланарди.

Биз ана шундай буюк одамларимизни тараннум қилсак, кам бўлмаймиз. У араб, форс тилидаги нодир китобларни ўзбек тилига таржима қилган эди. Қани бизда ҳозир шунақа одам? Бугун Ўзбекистонимизга ана шундай инсон етишмаяпти.

Қуръонни илмий билган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек уламомиз, буюк ватандошимизнинг ҳурматини жойига қўйсак, адолатдан бўлади! Бу ҳам ўзлигимизни англаш бўлади! — Шавкат Мирзиёев.

 

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here