ГЎР АЗОБИ… (4-қисм.)

0

 

 

* * *

 

Шу кўйи қанча ётдим, билмайман. Мен хотирам, туйғуларим, тафаккурдан буткул айродек эдим. Жоним оғриётганини ҳис этардим-у, аммо дунёни англаш имконидан маҳрум эдим.

Кўзларим очилгач, тепамда қайсидир барзанги тик турганини кўрдим. У ҳам худди иблис каби қора рўдапога ўралган, кўзлари ёнарди.

— Хўш, уйғондингми? — сўради у дўриллаган, беўхшов товушда. — Энди ўрнингдан тур!

Ҳаётлик чоғим бўлса, бу ярамасни мендек бойваччага буйруқ бергани учун яхшигина жазолаган бўлардим. Аммо шу тобда ўзим сезмаган ҳолда буйруқни адо этдим. Ўрнимдан туриб барзангининг кўзларига қаттиқроқ тикилдим.

— Мени қабрга олиб бор, — дедим беихтиёр тоқатсизланиб. — Ким бўлсангам олиб бор мени қабримга! Қийналиб кетдим!

— Мени танимадингми? — сўради барзанги. — Наҳотки?

— Танишниям истамайман! Олиб бор тезроқ!

— Йўқ, — деди у. — Олдин менинг кимлигимдан бохабар бўласан! Бошқа гап-сўзга ўрин йўқ.

— Хўш, кимсан? Иблиснинг қулларидандирсан-да! Ким бўлардинг!

— Афсус, ўлиб ҳам кўзинг очилмабди сенинг! Мен ўнг елкангдаги қўриқчи фариштанг эдим. Ҳамиша сенинг ёнингни олардим. Худойимга ёлвориб ғазабидан сени асрашга интилардим. Бахтга қарши сен ўзинггамас, менгаям жабр қилдинг. Қара, гўрсўхта, сенинг дастингдан менгаям манави қора рўдапони кийдириб қўйишди. Бу биз фаришталар учун ғирт шармандалик. Қачон тавба қилиб ўша қилмишингга яраша жазоингни олмагунингча, худойим мениям кечирмайди. Қора рўдапони эгнимдан ечиб олиб, оппоқ, ўзимнинг қадрдон либосимга алмаштирмайди. Тушуняпсанми, бадбахт?..

Шу гапларни эшитганимдан сўнг яна вужудимни манманлик, калондимоғлик ҳисси чулғади. Ўзимни янада тетикроқ, бардамроқ, кучлироқ ҳис эта бошладим.

— Хўш, қандай айб қилибманки, — дедим барзангига нафрат аралаш боқиб. — Сениям жазолашибди? Айт, ялангоёқ!..

— Мени ҳақорат қилма, — деди барзанги овозини ҳийла пасайтириб. — Ўзингга ёмон бўлади.

— Хўп, айт ўша айбимни!

— Тавба қиласанми? Менга ёрдам берасанми?

— Вей, намунча чайналасан? — мен барзанги паст кела бошлаганини кўриб баттар дадиллашдим. — Кўрсат ўша айбимни зўр бўлсанг!

— Уни мен кўрсатмайман! Ўзинг мана шу қоронғилик қаърида чап томонга қараб юрасан. Кетаверасан, охири айбингнинг қаршисидан чиқасан…

Барзангининг дийдиёларини ортиқ тинглашга тоқатим етмасди. Жаҳдим ўзимга бўйсунмас даражада тутоқар, нуқул пишқира бошлагандим.

Худди шу ҳолатда, маҳлуқ янглиғ пишқирганча хайр-маъзурни-да нася қилиб олдинга интилдим…

 

* * *

 

Қадамларим ҳорғин, ҳаммаёғим симиллаб оғрир, ўзимни худди қаттиқ калтакланган каби ожиз ҳис этардим.

Шу кўйи кетиб борардим-у, нуқул ўйлардим, бош қотирардим. Аммо ўйларимнинг охирига ета олмасдим.

Тўғри, мен фаришта эмасман. Тириклик чоғимда керагича айб ишлар қилганман, гуноҳларга йўл қўйганман. Аммо анави барзангини худонинг ғазабига дучор этадиган даражадаги оғир гуноҳим қайси? Бировларни қақшатиб пора олганимми? Ё қотил ёллаб рақибларим, рақобатчилар, йўриғимга юрмаганларни ўлдирганимми? Яна қандай гуноҳим бўлиши мумкинки, бир фариштага жабр қилган бўлсам?..

Аксига олгандек, зулмат тобора қуюқлаша борарди. Мен ҳадеганда туртинар, қоқинар, баъзида оёқларим остидаги чуқурларни кўрмай, думалаб кетардим. Лекин яна ўрнимдан қўзғалиб олдинга интилардим. Ўша гуноҳимнинг нелигини билишга, аниқлашга, ўз кўзларим билан кўришга ошифта эдим…

Яна ҳайрон бўлардим. Ахир, ўлган бўлсам, жасадим аллақачон қабр ичкарисида бўлса, қандай тик оёқда юрибман ўзи? Қай йўл билан кўра оляпман? Кўзларим ҳам, қўл-оёқларим, жуссам ҳам жасадимда қолган эмасмиди?..

— Ҳезала-ак!!! — дафъатан азбаройи аламга тўлганимданми, бақириб юбордим. — Мен ўша Тўхтамишга айтдим! Қўй, йўл олдидан ичмайлик, рулга маст аҳволда ўтирмагин деб тавалло қилдим! Ифлос, тилёғламачилик қилиб туриб олди. Мана, оқибати нима бўлди? Ўлдим, манавинақанги хилқатлар асирига айландим. Ўзи-чи?.. Ҳа, Тўхтамиш ҳайдовчим ҳам ўлганди адашмасам ўша аварияда. Қани у? Нега мен турган зулмат қаърида у кўринмаяпти? Ваҳоланки, ўша ҳайдовчим ҳам барзанги айтмоқчи гуноҳларимга шериклик қилган. Бировга гуллаб қўймасин деб киссасига нуқул пул тиққанман, нозанинларнинг зўрларини қўйнига солиб қўйганман. Қани у? Нега мен билан бирга қийналмаяпти? Таҳқирланмаяпти?..

Саволлар кўп эди. Аммо уларга жавоб топишнинг ўзи бўлмасди. Жавоб қидира бошладим дегунча тафаккур қулф осилган эшик каби тош қотарди…

Билмадим, қанча йўл босдим, неча маротаба йиқилиб-суриндим, думаладим экан. Билганим аъзойи баданим жирканч, бадбўй, ёпишқоқ балчиққа белангани бўлди. Не қилай? «Бойлар ҳам йиғлайди» деганлари шу бўлса керак-да! Э, йў-ўқ, йиғлаб бўпман! Ёруғ дунёлариям, манави мен турган дунёсиям бир хил. Бунга шубҳам йўқ. Ахир, икковидаям одамлар яшаяпти! Манави дунёдагилар кўзга кўринмайди холос. Лекин ҳисоб-китоб, муомала дегани бир-ку! Шу ердаям бордир йўриғимга юрадиганлар, келишса бўладиганлар!?. Ана, шайтон, иблис! Юрибди-ку! Пул таклиф қилай-чи, олмасмикан! Олади-и! Олмайдигани ҳали-вери туғилмайди, ҳа!.. Бироқ барзанги айтган гуноҳим ичимни қиздиряпти-да барибир! Мен уни аниқлашим керак. Йўқса, тинчимайман шекилли. Кўраман, текшириб боқаман. Хўш, нима ўзгаради? Қайси бой гуноҳ қилмабди? Ҳаммаям тирик жон, билибми-билмайми, айб қилиб қўяди-да!..

Шу маҳал ҳов нарида шамга ўхшаш нарсалар ёниб турганига кўзим тушди-ю, баттар қизиқсиниб қадамимни тезлатдим. Тўғриси, қоронғиликда туртинавериш жонимга текканди. Фақат ўзимга ўзим «Шу дунёсигаям яхшилаб жойлашиб олсам, таниш-билиш орттирсам, бу қоронғиликларигаям шам ўрнаттираман», деган ўй билан тасалли берардим…

Ниҳоят ўша жойга етиб келдим. Тахминан эллик квадрат метр келадиган майдонча. Ўртасига ўзидан пушти рангли нурлар таратаётган ғалатомуз гул экилибди. Гул қаршисида ўрта бўйли, озғиндан келган, сочлари тақимини ўпган бир қиз менга орқа ўгириб ўтирарди…

Йўқ, уни танимадим. Фақат… Ҳайрон бўлдим. Ўзга дунёга қадам қўйганимдан бери фақат зулматни кўргандим. Буниси эса ғалати бўлди. Бу қиз ким ўзи? Ўйнашларимдан бирининг қизимикан? Унда нима қилиб ўтирибди бу ерда? Шундай ёш қиз нега ўлди? Ўлган десам, тирик-ку! Ўлса қабрда ётмасмиди?.. Ҳа-я, хомкаллам ишламай қолди тағин. Ўзим ҳам ўлганман. Юрибман-ку балчиқма-балчиқ… Бе, бу дунёсидаям ҳақиқат йўғакан. Мендай юрт сўраган одамни балчиққа ботирибди-ю, кеча тухумдан чиққан қизни гулзорга ўтқазиб қўйибди. Шу адолатданми?..

Шу тобда яна бир тасодиф юз берди. Тепамда гўё бўрон овози каби ваҳимали шовқин кўтарилди-ю, бирпасда тинди ва тўсатдан қаршимда бояги барзанги ҳозир бўлди.

— Ҳа-а, етиб келибсан-ку гуноҳингга! — деди у масхараомуз ва таҳдидли оҳангда. — Танидингми анави қизни?

— Йўқ, — дедим тоқатим тоқ бўлганини очиқ намойиш этиб. — Менга қизиғиям йўқ.

— Йўқ, уни танишинг шарт. Ёнига бор!.

Барзангининг буйруғи янграгани ҳамоно вужудимдаги мақтанчоқлик, калондимоғликдан асар ҳам қолмади. Яна ожиз бир банда ҳолатига тушдим ва итоаткорона қизнинг олд тарафига ўтдим..

Ҳа, шундагина ҳаммасини англаб етдим.

Бу қиз бир пайтлар ўзим асраб олган Нозима эди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here