Йўқолган қўйлар «топилди». Аммо эгалари бундан бехабар

2

Сўнгги кунларнинг катта шов-шувига айланган, Фарғонанинг Олтиариғида рўй бериб, пойтахтдан бутун республикага акс-садо таратган 65 бош қўй можароси кўплаб оммавий ахборот воситаларининг бош мавзусига айланди. Бу бежизга эмас албатта, чунки бир неча оиланинг асосий даромад манбаи бўлган жониворлар шунчаки йўқолиб қолиши мумкин эмас. Биз бу масала юзасидан суриштирув ишларини давом эттирамиз.

Маълум бўлишича, аввал 11 февралда, кейин 12 февралда Ҳасанбой Юнусов ва бошқа қўйбоқарлар судга чақиртирилган. Судья айни шу масала бўйича апелляция киритилмаганини, суд қарори қонуний кучга кириб бўлгани, апелляция киритилган тақдирда ҳам жавобгарлар албатта хабардор қилиниши шартлигини таъкидлаган. Яъни ҳаммасини қонуний асослаб берган. Демак, ўша энг муҳим савол ҳамон саволлигича қолмоқда: бу иш бўйича кўрилган ва қарор чиқарилган ягона суд мажлиси бўлиб ўтган бўлса, қарор қонуний кучга кирган ва ижро этилиб, жавобгарлар барча жарималарни тўлаган бўлсалар, қўйлар қайси асосда ушлаб турилибди?!

Масалани ўрганиш учун «Daryo.uz» сайти ҳам киришиб, ўз мухбири Муҳаммаджон Обидовни воқеани ўрганиш учун юборибди. Муҳаммаджон Обидов маҳалла раиси орқали қўйбоқарларни туман ҳокимлигига чақиртириб, уларнинг нега вилоят ҳокимига бевосита мурожаат қилмагани билан қизиқибди.

Воқеани сўзлаб бераркан Ҳасанбой ака яна бир муҳим ҳолатни эсга олди:

— Вилоят ҳокими қабулига борганимизда қабулхона бўлими ходими бизни шунчаки қайтариб юбормади. Агар ҳокимга мурожаат қилсак нималар бўлишини айтиб қўрқитди. Нималар деганини айтмай қўяқолай, айтганимда ҳам келажакда исботлаб беришим қийин. Биз бир кичик одам бўлсак, у киши вилоят ҳокими. Қабулига киришни жуда истадик, лекин ихтиёр бизда эмаску. Муҳаммаджон акага шуни тушунтирсам «Барибир бошқа жойга ёзгунча ҳоким қабулини кутиб, кириш керак эди», деди. Қўйлар бир гап бўлар, тинчимизни кўрайлик, деганимни тушунтирдим.

Яна бир муҳим жиҳат, пайҳонгарчилик устига вилоят ҳокими келиб қолганида фақат бу қўйбоқарларнинг қўйларини ушламаган («Daryo.uz» хабарида қўйлар 200 бошдан ортиқлиги айтилади). Булар билан бирга шу атрофдаги бир фермернинг ҳам қўйлари ушланган. Вилоят ҳокими ҳаммасини олиб бориб қамашни буюришига қарамай, ҳоким кетганидан кейин, маҳаллий мутасаддилар ўша фермернинг қўйларини ажратиб қайтариб беришган (соддалик шу даражадаки, Ҳасанбой Юнусов ва бошқа қўйбоқар қаҳрамонларимиз бу қўйларни ажратишга ёрдам ҳам берганлар). Аммо ўша фермернинг қўйлари ўзига қайтарилиш билан бирга унга нисбатан бирор чора кўрилмаган, зарар қопланишида у иштирок этмаган, суд маҳкамасига тортилмаган, жарима ҳам тўламаган. Ие, қонун олдида ҳамма баробар эмасмиди?!

Изсиз кетган қўйлар изидан: калаванинг учи вилоят ҳокими томон етакламоқда

«Daryo.uz» хабарида масаланинг иккинчи тарафига, яъни пайҳонгарчилик муаммосига эътибор қаратилади, зарар кўрган фермерларнинг сўзлари тингланади. Бу муаммо жуда жиддийлиги таъкидланади. Бу мутлақо тўғри. Лекин қўйбоқарлар хатога йўл қўйганини тан олишган, зарарни қоплашган, суд (!) белгилаган жарималарни тўлаганлар. Улар ҳозир ҳам пушаймонликларини қайта-қайта билдирмоқдалар.

Шунингдек, мақолада шундай сўзлар бор: «Маълум бўлишича, Ҳасанбой Юнусовга тегишли қўйларнинг барчаси соғ-омон, уларга махсус ажратилган қўйбоқарлар кеча-кундуз қарамоқда, ҳатто уларнинг бир нечтаси қўзилаган». Аммо қўй эгасидан бу бўйича сўраганимизда қўйлар қаерда эканидан бехабарлигини, унга бу ҳақда ҳеч ким маълум қилмаганини билдирди.

Шу ўринда барча мутасаддиларга савол: қўйлар қайси ҳуқуқий асосга кўра ушлаб турилибди? Улар ким ёки қайси ташкилотнинг ҳисобига 23 кундан буён боқиб келинмоқда (ахир бир қўйнинг бир кунлик ем-хашаги қанча муаммо, айниқса, гап 65 бош қўй ҳақида кетганда)? Энг муҳими, нега улар эгаларига кўрсатилмаяпти ва қайтарилмаяпти?

Воқеаларни ўрганаётган ҳамкасбларимизнинг билдиришларича, қўйбоқарларга «интернетда шов-шув кўтариб нима фойда топдинг? Ўзинг ишингни чалкаштирдинг» деган мазмунда босим ҳам бўлган ва бундай хабарлар тўхтатилиши билан қўйлар қайтарилиши билдирилган.

«Қўй»ни «йўқ» қилишни биласизми? Билмасангиз, билиб олинг!

Бу ишни қилган амалдорларга мурожаат — сўз эркинлигини бўғишга урингунча ҳар бир ишнинг хайрли якун топишига ҳаракат қилинг. Сизда биз мақола эълон қилгунга қадар ҳам 10 кундан ортиқ вақт бор эди. Пайсалга солаётган ҳар бир кунингизда сизга нисбатан шубҳа ошаверади.

Мақолаларга изоҳ қолдираётган кўпчилик ўқувчилар «қўйлар аллақачон жойига бориб етган», деган тахминни илгари суришмоқда. Истеҳзони тушундингиз, ишқилиб шундай бўлиб чиқмасин. Биз қўйлар эгаларига қайтарилиши, мутасаддиларнинг юзи ёруғ бўлиши ва адолат қарор топиши тарафдоримиз. Шундай бўлиши билан алоҳида мақола ёритишга ва ҳаммаси изига тушганини билдиришга тайёрмиз.

Бизни кузатишда давом этинг.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

2 ФИКРЛАР

  1. Умуман Фарғона вилоятидан одам тўйибди. Қўйларниям шулар олиб қўйган, хорами деб камситилиш ҳам Фарғонада, 5 ёшли гўдак бечора норасида Кибриёхонни ўлдириб кетган вахший ҳам Фарғона. Охири борми ўзи?

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here