Ажал чорлови

1

«Қаерданам фол очтирдим ўзи? Шунақаям совуқ гап бўладими?» Хавотир сабабми, қўрқув сабабми, Саида ҳалиям бироз қалтираётганини ҳис қилди. «Тавба қилдим, тавба қилдим», деб қўйди ичида. Унинг қўрқуви бежизга эмасди. Эрталаб уйдан вақтлироқ чиққанди. «Бозорга тушиб чиқақолай», деди вақт ўтказиш учун. Сўнг бозордан чиқаётганида фолбин а±л унга зулукдай ёпишиб олди:

— Фол кўриб қўяй, фол кўриб қўяй, она қизим.

Негадир фолга умуман ишонмайдиган Саида бугун рози бўлди. Озиб-ёзиб бир марта фол очтирди. Аммо…

Фалокатни айтди фолбин. Эри билан ҳам, ўзи билан ҳам содир бўладиган мудҳиш фалокат ҳақида айтди. Саиданинг жаҳли чиқиб кетди. Фолбинни уриша-уриша ундан узоқлашди. Автобусга чиқаркан, хаёлга берилди.

«Одамларга ҳам ҳайронсан. Фолга ишонишади. Аслини олганда, ким ҳам тақдирни олдиндан кўра оларди? Мабодо шундай бўлган тақдирда ҳам, унда одамлар келажакни кўра олса, уни ўзлари истагандек ўзгартиришга уринишмасмиди? Йўқ, фолбинлар валдирайверади. Аҳмоқ қилиб, пулингни олиш учун психологик ҳужум қилишади. Руҳиятингни синдирадиган, сени бўшаштириб, унга ишонишга, таянишга мажбур бўладиган гапларни ўйлаб топишади. Бундай бўлиши мумкин эмас! У алдаяпти. Эримга ҳам, менга ҳам ҳеч нарса бўлмайди. Тақдирни олдиндан кўриб бўлмайди. Уни биз ўзгартиролмаймиз», дея ўйларкан, аёл шифохонага етиб келганини ҳам сезмади…

Саида эрига бу ҳақда ҳеч нарса демади. Бемаъни гаплар билан кайфиятини туширишни истамади. Ҳаммасини унутиб, ишига берилди. Бирпас дам олмоқчи бўлиб, хонасига кирганида ҳар кун ўқиётган китобини қўлига олди.

«Инсон тақдирни ўзгартира олмайди, мабодо келажакни кўра олган тақдирда ҳам уни ўзгартираман, деб, аслида, ўша томонга буриб юборади».

«Одамлар ўлимидан олдин ўлим фаришталарини кўради».

Табиатан синоатга ўч Саидага китобдаги бу жумлалар ажабтовур туйилди, шекилли, тагига чизди. Давом эттираман, деган ўй билан ўша варақни букиб, китоб жавонига қўйди. Сўнг соатга қаради. Беморлардан хабар оладиган пайт бўлибди. Секин ўрнидан туриб, йўлакка чиқди.

Одам сийрак эди. У кўз қири билан пештоқига «Операция хонаси» деб ёзиб қўйилган хонани кузатди. Сўнг Саида операция қандай кетаётгани билан қизиқди. Бежизга эмас, албатта. Биринчидан, шифокорлик бурчи, иккинчидан, бу операцияни эри олиб боряпти.

Ҳамма ўз иши билан овора эди. Ана, битта ҳамшира укол-дорилар солинган ғилдиракли столни итариб кетяпти. Навбатчи алланималарни дафтарга тушириш билан банд. Яна битта ҳамшира эса беморгами ёки бирорта беморнинг яқинигами, хуллас, нималарнидир тушунтириш билан машғул. Саиданинг диққатини ўриндиқда ўтирган учта одам тортди. Ўшалар томон яқинлашди. Аммо кутилмаганда унда ногаҳоний ўзгаришлар содир бўла бошлади. Негадир ўзини бошқача сезди. Нафаси қайтиб, қулоғи битди. Кўз олди ҳам бироз хиралашгандай бўлди. Устига-устак, у турган жой билан фойедаги ўриндиқнинг ораси гарчи ўттиз метрдан ошмаса-да, аммо уни босиб ўтиш худди асрларга чўзилиб кетгандек, бир зумда чарчаб, ҳаллослаб қолди. Бироз нафасини ростлаб олиш мақсадида гавдасини деворга суяди. Бояги учта одам эса ўрнидан туриб, унга яқинлашди. Саида бошини хиёл кўтариб, уларга қаради. Қаради-ю, тош қотди. Бояги учта кимса кўланка эди. Ҳа, кўланка, бирортасининг ҳам юзи кўринмасди.

Қўрқувдан ранги докадек оқариб кетган Саиданинг тили зўрға калимага айланиб:

— Сизлар кимсизлар? — дея олди, холос.

— Ўлим фаришталари! — деди кўланкаларнинг биттаси.

Саида гарангсираб қолди. Кўзларини катта-катта очганча уларга бақрайиб қаради. Бақирмоқчи ҳам бўлди-ю, аммо негадир овози чиқмади. Хаёлига бирдан эрталаб фолбиннинг айтган гаплари келди. Энди вужудини қўрқув буткул қамраб олди.

— К-к-ким?!

— Ўлим фаришталари. Омонатини топшириши керак бўлганларни йўқлаб келдик.

«Мендан нима хоҳлашяпти? Мен ҳам ўламанми? Йўқса, нега кўзимга кўринишяпти?» деган саволлар миясига яшиндек урилди Саиданинг.

— С-сиз кимсиз? — гапираётган биринчи кўланкага тикилди у.

— Беморни олиб кетгани келдим. Эрингиз операция қилаётган беморнинг омонатини…

— У… ўладими?

— Ҳа. Эрингиз ҳам.

— Нималар деяпсиз, эрим нега ўлади?

— Мана, унинг ажали, — деди биринчи кўланка иккинчисига ишора қилиб.

— Худди шундай, — деди иккинчи кўланка, — эрингиз уддалай олмайди беморнинг ҳаётини сақлаб қолишни. Аммо беморнинг эри ичиб олиб, маст, ўзини билмайдиган аҳволда етиб келган. Ҳозир биринчи қаватда. У эрингизни айбдор қилади. Бошига гулдон билан уради. Шунда эрингиз…

— Бас, етар!

Саиданинг овозидан бутун шифохона ларзага келгандек бўлди гўё. Аллакимлар палаталарнинг эшиги, аллакимлар дераза олдида турганча, яна аллакимлар йўлакда кетаётиб, бир зумга тўхтаганча Саидага тикилиб қолишди.

Улар битта нарсага ҳайрон эди. Нега Саида Ҳамзаевна ўзи билан ўзи гаплашиб, ўзига-ўзи бақиряпти? Ахир ёнида ҳеч ким йўқ-ку.

Саиданинг эса онги, ҳатто оёқлари ҳам ўзига бўйсунмаётган эди. Югурганча зина томонга кетди. Унинг мақсади аниқ, операция қилинаётган беморнинг эрини ичкарига қўймасликни қўриқчиларга тайинламоқчи эди.

У шошиб қолганди. Азбаройи шошганидан битта нарсага ойдинлик киритишни унутганди. У биринчи кўланканинг, иккинчи кўланканинг ташрифини билди, эшитди. Аммо учинчи ўлим фариштаси нега келганини сўраш… У тинмай чопар, зинагача бўлган масофа эса аксига олиб сира камаймасди. Ниҳоят, етиб ҳам келди. Зинапоянинг тутқичига қўлини қўйиб, пастга тушмоқчи эди. Кутилмаганда зинанинг энг юқори поғонасида ётган целлофан пакетнинг қўл ушлаш жойига оёғи кириб кетди-ю, этигининг пошнасини ушлаб қолди. Саиданинг оёқлари шу йўсин чалишиб, вазни оғирлик қилгани боис гавдаси тезлик билан пастга энди. Зинанинг тутқичини ушлаб олган қўлларини ерга тирашга улгурмади. У боши билан тушди. Сониялар ичида у илк бор ўлим ҳиссини туйди.

Боядан бери жим турган учинчи фаришта оҳиста қадамлар билан зинапоя томон яқинлашиб келарди…

Ҳумоюн РЎЗИМУҲАММАД,

«Ҳордиқ плюс» газетасидан

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

1 ТА ФИКР

  1. Фикр: Нима бу бн фолга ишониш керак демоқчимисизлар . Ғайбни фақат Аллоҳ билади.

Comments are closed.