Автобус тагига ётиб олган ҳайдовчи жаримага тортилиб, 5 кунга қамалди

0

Тошкентда содир этган қоидабузарлиги учун жарима тўламаслик мақсадида автобус тагига ётиб олган Nexia автомобили ҳайдовчиси жаримага тортилиб, 5 кунга қамоққа олинди, деб хабар беради «Газета.uz».

Яккасарой туман маъмурий суди қарори билан 1991 йилда туғилган ҳайдовчига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Кодексининг 128-4 моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмай ўтиши) бўйича энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солиш ва мазкур кодекснинг 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) бўйича 5 кунлик қамоқ жазоси қўлланилди.

«Ҳайдовчи психологик соғлом бўлиб, у алкоголь ичимлик таъсирида бўлмаган», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳодиса 10 февраль куни Миробод туманидаги Grand Mir меҳмонхонаси яқинида юз берган эди.

 

manba: daryo.uz