ГЎР АЗОБИ… (6-қисм)

0

 

* * *

 

— Йў-ў-ўқ!!!

Бундай лаҳзаларда ҳатто маҳлуқ қиёфасига кирган, иблис товоғидан иштаҳа билан ош ошаган виждонсиз, қалбсиз, инсофсиз ва юзсиз эркак ҳам ўзлигини унутиши, ўз қолипидан чиқиши тайин. Мен бу манзарани кўргандан кўра кўзларим оқиб тушишини маъқул билардим. Майли, мени тепкиласинлар, оловда куйдирсинлар, жизғанагимни чиқарсинлар, суякларимни майда-майда қилиб кўчага ирғитсинлар. Миқ этмасдим. Аммо жигаргўшам, кўзимнинг оқу қораси, ёлғизим, ўзимнинг бу дунёда қаттиқ ишонганим, умид юлдузим Сарвиноз шу тахлит ётиши, жирканч ишга қўл уриши, юзимга оёқ қўйишига асло тоқат қила олмадим. Ўлганимга бир ой бўлибди, майли, агар телевизорда концерт томоша қилса, кўнгилхушлик қилиб шампан шаробини тўйгунча ичса, хохолаб кулса, менинг ўлигимни ҳам, тиригимни ҳам унутса, чидардим, бу қадар ғазабланмасдим. Кечагина менинг ҳар бир буйруғимни титроқ аралаш кутган қўриқчим билан…

— Ўлдираман! Ҳаммангни сўяман! Яксон қиламан!..

Мен айни паллада қай ҳолатда эканимни, ортимда қилиқларимга, жазавага тушиб чопишларимга бамайлахотир қараб турган барзангини ҳам деярли унутгандим. Кўзимга ҳеч нарса кўринмасди. Қулоқларим гўё ҳеч бир товушни эшитмасди. Иккаласини ҳам бўғизлаш пайида эдим. Афсуски, уларни қўлларим тута олмасди. Қичқириқларим, сўкиниб бақиришларим икковини ҳам безовта қилмасди. Ҳануз бир-бирининг пинжига кирганча ухлашарди…

Мен охири чарчоқ енгдими, ё бошқа сабабми, ҳайқириб чопишдан тўхтадим. Бироз тинчланган кўйи барзангининг қаршисига қайтиб тиз чўкдим.

— Илтимос, мени бу ердан олиб кет, — ялина бошладим унга жавдираб. — Гўрга тиқ мени! Майли, ўша Азроилингга айт, суякларимни майда-майда қилиб ташласин! Итларга берсин мурдамни! Фақат олиб кет! Чидолмайман! Кўргим йўқ уларни! Кўришни истамайман!..

— Сен энди кимлигингни англаб етгандирсан? — сўради барзанги пинагини бузмай. — Ё ҳалиям осмон-у фалакда учиб юрибсанми?

— Истамайман учишни, истамайман! Олиб кетсанг бас! Қайта-қайта кўм мени! Илон-у чаёнларга ем бўлай, майли! Бу кунларни кўргандан қийноғингда азобланганим яхши, эшитяпсанми?..

— Йўқ, — деди барзанги. — Сенинг қабрда қиладиган ишинг йўқ. Яратган эгамнинг хоҳишини адо этишим шарт.

— Яна нима қилмоқчисан? Шунча кўрсатганларинг камми?

— Намунча чиранасан? Кимсан ўзинг? Қилғиликни сен қилгансан, ўшанда бир тукинг сесканмаган. Бокира, фарзанд деб уйга олиб келган қизнинг номусини ўғирладинг, у шўрлик жонини Азроилга топширди. Бировларни камситдинг, устидан кулдинг! Иблисга дўст тутиндинг. Икковлашиб худонинг хоҳишига қарши истаганингча иш қилдиларинг. Яна чиранганинг нимаси? Сенинг дунёнгдаям, биздаям барибир қилган айблар ажрини тўлаш керак бўлади. Бу шарт деб қўйилган.

— Хўп, — дедим бўшашганча ўрниман турарканман. — Сенинг ихтиёрингдаман. Билганингни қил. Аммо… Менга қара, хўш, энди қаерга олиб борасан? Олиб бормайсанми? Нега турибмиз?

— Нима, ёруғ дунёга тўйдингми? Туғилган, вояга етган дунёнг энди жонингга тегдими? Тикилиб, тўйиб олмайсанми?

— Керакмас! Мен кетишни, узоқ-узоқларда бўлишни хоҳлайман!

— Майли, юр, асосийсини кўрсатишим лозим сенга. Билиб қўй, бу ёруғ дунёга энди қачон келасан, қай аҳволда келасан-у, қандай қиёфада чиқиб кетасан, буниси фақат худога аён. Армон бўлиб қолмаслиги учун йўл-йўлакай ёруғ дунёни томоша қил! Мен зўрламайман! Тўйиб ол!

 

* * *

 

Мен учун ҳозир мана шу уйдан, каравотда ачомлашиб ётган шайтонсифат қизим-у, қўриқчимдан узоқ бўлиш муҳимроқ эди. Негадир барзангининг айниб қолишидан чўчиб худди аскар каби қаддимни ғоз тутиб жавоб қилдим.

— Уқдим! Бошлайвер!

Катта кўчага чиққанимиздан сўнг барзанги кўкка боқиб ўзича нималардир дея шивирлади, кимлар биландир ғойибона тиллашди. Мен эса ҳайрон бўлмадим. Аксинча унга шу тобда жуда ҳавасим келди. Ахир, у бўйдор, кучли, мендан-да қудратлироқ! Мен яшай-яшай бир дунё пул йиғдим, тўплаган пулларимнинг кўплигидан ҳисобини билмай ўтдим. Қўлимни қаерга узатсам етказа олдим. Манаман деганлар ялоғимдан овқат ейишга-да тайёр турди. Қаерга бормай, ўзгалар қўллари кўксида бош эгиб қарши олишларига кўникдим. Аммо мен ноҳақ эканман. Буни энди-энди англай бошладим. Манави барзангининг пули ҳам, қўша-қўша машина-ю, саройлар каби қўша-қўша уйлари ҳам йўқ. Бироқ мендан-да зўрроқ, кучлироқ, обрўлироқ, қудратлироқ эканига, мана, гувоҳ бўлиб турибман. Хом сут эмган банда эканимни энди-энди, унинг қудратига тан берганимдан кейингина англаб турибман…

— Қани, энди юриб кўр-чи, — хаёлимни бўлиб сўз қотди барзанги. — Юравер, қўрқма!..

Мен буйруққа бўйсуниб олдинга қадам ташладим. Оёқларим худди елимга ёпишган каби аранг ердан кўтарилиб олдинга босарди. Сал ўтмай, вужудимда ҳам елимлар заҳрини туя бошладим. Елим танамнинг ҳар бир нуқтасига ёпишиб, асабийлашишга, безовталанишга мажбур этар, оғриқдан додлаб юборай дердим.

— Бу тағин нимаси? — қичқирдим беихтиёр. — Менда шунча қасдинг борми, ноинсоф? Бу қийноқларинг нима учун? Ай-йт!!!

— Сен навбатдаги манзилгача шу кўйи кетасан, — деди барзанги хандон отиб кулиб. — Буйруқ шундай бўлди. Қани, юр, олдинга бос! Олға бос!..

 

* * *

 

Иложим қанча? Дардим ичимда, ҳасратимни тинглайдиган зоғ йўқ. Бақир-чақир қилганим билан ҳеч ким эшитмайди, ёрдам қўлини чўза олмайди. Шундай экан, бошимга неки савдо тушса, ўзим чиранишга, уларни енгиб ўтишга маҳкум эдим…

Худди шу аҳволда қанча йўл босдим, билмайман. Барзанги ҳар қадамда мени масхара қилар, бўшашдим дегунча залворли, беўхшов муштларини тугиб менга пўписа қиларди. Мен бу муштлар «таъми»ни тотиб кўрганим боис дарров жим бўлар, қийнала-сиқтала елимлар исканжасидан оёқларимни олиб кейингисига ташлар, аъзойи баданимдаги оғриқларни тишни тишга босиш орқалигина енгишга тутинардим…

Ниҳоят биз ёруғ дунёни ортда қолдириб, ўша зах ҳиди уфурган, балчиқли сўқмоқлардан иборат зулмат қаърига кирдик. Яна пича юрганимиздан сўнг кўз ўнгимда каттакон айлана зоҳир бўлди. Айлана менинг уйимдан уч-тўрт баробар каттароқ, аммо қип-қизил олов билан қопланганди.

«Мени дўзахга ташларкан-да, ит эмган, — овоз чиқаришга қўрқиб хаёлан сўкиндим. — Сезгандим. Барибир дўзахга дўмбира қилишини билардим. Ҳа-а, Даминбой, мана энди кунингни кўрасан. Ҳовлингда кўрганларинг, еган калтакларинг, азоблар бир пул бўлади бунинг ёнида. Энди куясан, ҳеч ким сени қутқариб олмайди. Абадул-абад куясан!..»

Барзанги икки қўлини олдинга чўзди.

Мен шунча у билан бирга юриб қўллари борлигини билмаган эканман.

Ҳайрон бўлиб ўзимни кўздан кечирдим. Менда қўл ҳам, оёқ ҳам, жусса ҳам йўқ. Борлиғим бўшлиқдангина иборат эди. Лекин шу бўшлиқ юра, гапира биляпти, мулоҳаза қила оляпти. Бунга қўл-оёқ қаердан келди? Одам эмас-ку баччағар! Тавба қилдим! Боқий дунё деганларининг сир-синоатлари шунчалар кўпми?..

Барзанги қўлларини олдинга чўзган ҳолда қайсидир тилда нималардир дея ҳайқирди. Шу заҳоти олов пасая-пасая нари чекинди. Унинг ўрнида шунчаки бўшлиқ пайдо бўлди. Бироқ у туриб қолмади. Уч-тўрт киприк қоққанчалик вақт ўтиб-ўтмай, бўшлиқнинг қоқ ўртасида менинг қадрдонларим, шу қийноқлар учун туғиб қўйганларим ота ва онам чўк тушиб ўтирганларига гувоҳ бўлдим…

 

* * *

 

Илгари, тирик эканимда улардан хабар олиш учун маҳалладаги эски уйимизга борганимда ҳам юрагим ўзимга бўйсунмаган ҳолда энтикиб қўярди. Кейинчалик ота-онамни шоҳона ҳовлига кўчириб ўтдим. Шунда ҳам аҳён-аҳёнда бирров кириб ўтардим-у, чиқиб кетаётганимда ичимдаги қайсидир томирча узилган каби кўнглим оғриб берарди. Шу ҳолат то кечгача тинчлик бермасди. Ҳозир эса ота-онамни, олов исканжасида куявериб кул бўлаёзган, таналари пес бўлиб ҳар бир оқарган доғ одамни сескантирадиган даражага етган волида-ю, падаримни кўргач, руҳиятимда ўзгариш сезмадим. Совуққон эдим, совуққонлигимча қолдим. Уларга ҳиссиз боқиш билангина чекландим.

— Хўш, уларни нега менга рўбарў қилдинг? — сўрадим барзангидан. — Муддаоинг нима?

— Сен яхшилаб эсла! — деди барзанги. — Ҳаёт пайтингда шундай бир гуноҳга йўл қўйгансанки, бу гуноҳингни сира кечириб бўлмайди.

Мен эслашга ҳаракат қилдим. Астойдил бош қотирдим. Бахтга қарши арзирли воқеа ёдимга тушмади.

— Билмадим, — дедим бош эгиб. — Ўзинг эслатақол! Менинг тафаккурим ҳам, хотирам ҳам ўтмаслашиб бўлган!..

Барзанги илкис мен томон ўгирилди-ю, чунонам муштладики, аслида мавҳумликдан иборат танам минг бўлакка бўлиниб, чор атрофга сочилиб кетди.

Ўзим эса шу заҳотиёқ карахтланган, гўё кесак тусига киргандим. Дунёни ҳам, борлиғимни ҳам англамасдим. Шу кўйи барзангининг оёқлари остида думалаб ётардим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here