Саудия Арабистонида аёлларга терговчи бўлишга рухсат берилади

0

Саудия Арабистони раҳбарияти яқин орада аёлларга ҳуқуқ-тартибот идораларида терговчи бўлиб ишлашга ижозат беради.

Телеканал маълумотларига кўра, бу лавозимга номзодлар юридик таълимга эга бўлишлари лозим. Шундан кейин улар бир нечта имтиҳон, спорт нормативлари топширишади. Бу уларнинг жисмоний тайёргарликлари ва хизматга яроқликларини аниқлашга имкон беради. Энг яхши натижа кўрсатганлар терговчи лавозимини оладилар.

“Танлов жуда қатъий бўлади, чунки биз бундай муҳим ишни бажариш учун муносиб, малакали номзодларни изламоқдамиз. Барча талаблар қаноатлантирилгандан кейин терговчи бўлишни истовчилар билан бирма-бир суҳбат ўтказилади”, деб айтган қиролликнинг бош прокурори шайх Сауд ал-Муажиб.

Унинг айтишича, аёл терговчилар хизмат доирасига “турли махсус функциялар”, жумладан жиноий терговларни олиб бориш, судда маълумотлар бериш, ҳукмлар ижро этилишини назорат қилиш, маҳбуслар билан уларнинг шикоятлари бўйича мулоқот қилиш ҳамда маҳбусларнинг озод қилиниши муддатларини назорат қилиш киради.

Ал-Муажибнинг айтишича, қиролликда яқинда оилавий яраштирувлар назорати қўмитаси шакллантирилган. Бу қўмита таркибига бўлғуси аёл терговчилар ҳам киритилади.

Саудия Арабистонида охирги йилларгача аёллар кўплаб ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум бўлганлар. Вазият валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон томондан “Нуқтаи назар-2030” дастури амалга оширилиши эълон қилиниши билан ўзгарган. Бу дастур қиролликнинг барча фуқаролари учун тенг ҳуқуқлик ва эркинлик беради ҳамда аёлларнинг жамоат ишларига жалб қилинишига қаратилган чораларни кўзда тутади.

Айни вақтда қиролликда аёлларга футбол учрашувлари ва мусиқий концертлага ташриф буюриш, спортнинг кўплаб турлари билан шуғулланишга рухсат берилган.

Июнь бошидан эса саудиялик аёллар ҳайдовчилик гувоҳномалари олишлари ва автомобиль бошқаришлари мумкин бўлади. Бундан кейин аёллардан кўпчилиги шофёр ёки таксичи бўлиб ишлашлари мумкин. Аёлларни, шунингдек, йўл инспекторлари ёки назорат-ўтказиш пунктлари ходимлари сифатида ишга таклиф қилиш режалаштирилмоқда.

 

manba: azon.uz

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: