Бойлик билан ниқобланган оила қисмати

0

— Ўн етти ёшимда мени фотиҳа қилишди. Келин бўлишни барча қизлар исташи табиий, албатта. Шу боисми, бу ширин орзум амалга ошаётгани учун қаттиқ ҳаяжонландим. Гарчи куёв бўлмиш билан бир ой аввал танишиб, гаплашган бўлсам-да, барибир, юрагим
шубҳа-гумондан бир зум бўлса-да, холи эмасди. Шерзод ака билан илк учрашувимиз ҳамон ёдимда…

Тоғамнинг уйида учрашгандик. Қўшни қизлардан уялиб, тоғамдан хавфсираб, бўлажак куёв билан кўришгандим ўшанда.

Фақат салом-алик қилганча иккимиз ҳам жим тургандик. Азбаройи уялганимдан юзига ҳам яхши қарамаган эканман. Қолаверса, онам: «Сенга ёқса ҳам, ёқмаса ҳам шунга тегасан», дегани учунми, гап-сўзининг фарқига бормаганман ҳам. Келинойимнинг мақташича, у жуда яхши йигит экан. Тижоратчи онасининг яккаю ягона ўғли. Бутун ҳовли-жой, бор-йўқ бисоти менга аталганмиш. Асосийси, онасининг ўзи мени ёқтириб қолганмиш. Эҳ, бугун ўша гапларни эсласам, аламдан юрагим титраб кетади. Онам ҳам, отам ҳам, мен ҳам келинойимнинг мақтовларига учган эканмиз…

Қиз бола учун оқ кўйлак кийиш нақадар бахт эканлиги ҳаммага маълум. Ўша пайтда бу бахтдан сармаст бўлибман-у, шу бахт бир умрга бўлишини Худодан сўрамабман. Ниятни бутун қилиш керак, дейишади. Мен эса чала ният қилган эканман, чоғи…

Дабдабали тўй бўлди. Қайнонам ёлғиз ўғли учун бор-будини тўкиб сочди. Онам хурсанд, ўртада турган келинойим шод. Менинг қувончим чексиз. Шерзод акам ҳам мендан кўзини узмасди.

Эртаси куни келинсаломда қайнонам бўйнимга тилла занжир тақди. Бир севинчимга минг севинч қўшилди. Ахир оиламизни кўролмайдиган қўшниларимиз мени узатиб келишганди-да. Қайнонамнинг сахийлигини кўриб, мени яхши жойга беришганидан ичлари ёниб кетади, деб ўйладим. Хуллас, ҳамма расм-русумлар поёнига етди. Энди ҳақиқий кенг уйнинг келинига айландим. Савдогар қайнонам эрта кетиб, кеч қайтар, эрим ҳам қаёққадир чиқиб кетарди. Менинг вазифам данғиллама ҳовлини саранжом-саришта қилиб ўтиришдан иборат эди. Аввалига домда ўсганим учунми, ҳовлининг баъзи юмушларига киришолмадим. Буни пайқаган қайнонам:

— Дилфузахон, бирорта хизматкор олиб келсам, дуруст бўларкан-а?! — деди кинояли тарзда. Гапида битта ҳовлининг ишини эплолмаяпсан-а, деган кесатиқ ётарди. Қайнонам тишламай узиб олганди.

— Йўқ, ойижон, ўрганиб кетаман, — дедим жилмайишга уриниб. Лекин шу ҳовлини саришта қилиб юриш менга насиб этмаган экан.

Тўйимиздан бир ҳафта ўтиб, эримнинг кирдикори фош бўлди. Кўзлари қизариб, сарҳуш қиёфада ётоқхонага кирган Шерзод акамни танимадим. У нуқул менга қараб куларди. Бундан қўрқиб, сабрим чидамай:

— Шерзод ака, сизга нима бўлди? — деб сўрадим.

У эса ҳамон ҳиринглаганча:

— Ҳеч нарса, жонидан. Бугун бир маза қилдик, — дея қучоқ очиб менга юзланди.

Ундан келаётган бадбўй ҳидга чидаб бўлмасди. Ҳадиксираб, қучоқлашга уринаётган қўлларини итариб юбордим. Шунда кўзим эримнинг билагидаги томирга урилган игна изларига тушди. Кўкариб кетган игна изи мени карахт аҳволга солиб қўйганди. Билагига қараб, жим бўлиб қолганимни кўрган эрим яна ҳиринглади:

— Ҳа, нега ҳайронсан, Дилфуз? Хоҳласанг, сенга ҳам ўргатаман.

У мен томонга яқинлашди. Қўрқиб кетгандим. Хаёлимда сўнгги жумла айланарди: «Ҳозир у менга укол қилади». Югуриб ҳовлига отилдим. Нафасим бўғзимга тиқилганча айвонда ўтирган қайнонамнинг ёнига шошилдим.

— Ойижон, ойижон, ўғлингиз… — гарангсиб қолганимдан сўз тополмасдим.

Важоҳатимни кўриб қайнонам:

— Нима, нима бўлди? — деганча ҳаллослаб ўрнидан турди.

Додлаганча йиғлаб юбордим. Ҳамон ҳеч нарсага тушунмаган қайнонам юзимга тарсаки туширди.

— Ўзингизни босинг, нима гап?

— Ойи, — ҳиқиллаб гапира бошладим. — Ўғлингиз… ўзига укол қиляпти.

— Бўлди, бас!

Қайнонамнинг баланд овозидан жим бўлдим. Умид билан унга тикилдим.

— Билардим, билардим, шунақа бўлишини, — энди қайнонам йиғламсираб гапирарди. — Шерзодга ялиниб-ёлвордим. Айтганингни қиламан, бу йўлдан қайт, дедим. Йўқ, қўлимдан келмади. Душманларим кучлилик қилишди. Улар ўғлимни шу нарсага ўргатишди. Уни даволатишга ҳаракат қилдим. Тўйдан олдин яхши бўлиб қолганди. Яна…

Қайнонамнинг гапларини эшитиб анграйиб қолдим. Эримнинг ҳолати ёнида қайнонамнинг гаплари ўтиб тушди. Наҳот ўғлининг гиёҳвандлигини билиб, уялмай бировнинг боласиниям шу чоҳга итарса? Бойлигим ҳаммасини босиб кетади, деб ўйлаганми? Келинойим йигитнинг онаси сизни ёқтирибди, деганди. Демак, кўзига содда кўринибман-да. Нима десам кўнади, деб ўйлагандир-да. Бўйнимга илинган тилла занжир бежиз эмаскан-да.

Бир лаҳзада хаёлимдан минг хил ўй ўтди. Чидаб туролмадим.

— Мени алдаб, келин қилибсиз-да?! — ўзимни босолмай қайнонамга бақирдим. — Бойлигимни кўриб, гиёҳванд ўғлим билан яшашга кўнади, дегансиз-да, тўғрими?

— Йўқ, Дилфузахон, Шерзод сизни яхши кўриб қолди.

— Алдаманг, келинойимни ўртага қўйган сиз эдингиз. Мени… — гапимни тугатолмай йиғлаб юбордим.

— Дилфузахон, илтимос, мени ҳам, ўзингизни ҳам шарманда қилманг. Иккимиз ҳаракат қилсак, Шерзод тузалади. Ахир бир ҳафталик келиннинг уйига қайтиб бориши яхши эмас-ку…

Кафтимни оғзимга босганча кўз ёшига эрк бердим. Қайнонам ҳақ эди. Мен бир ҳафталик келин ҳолимда уйимга қайтолмасдим. Маҳалла-кўй, қариндош-уруғ нима деб ўйлайди? Отам бошини қандай кўтариб юради? Чорасиз эдим. Йиғлашдан бошқасига кучим етмасди.

Худодан умид қилиб, яшай бошладим. Лекин ҳомиладор бўлиб қолишдан қўрқардим. Гиёҳванддан туғилган бола ногирон бўлишини эшитгандим. Имкон қадар эримни ўзимга яқинлаштирмасликка уринардим.

Ҳар қандай сабрнинг ҳам чегараси бор экан. Қайнонам айтганидек, бардошим етмади. Эрим тузалиш ўрнига кундан-кунга баттар бўлиб борарди.

Кунларнинг бирида Шерзод акам уйга кириб, куч билан билагимдан тутди ва томиримга нина санчмоқчи бўлди. Томиримни ушлаб нина суқишга уринаётган эримдан нафратланиб кетдим. Жон ҳолатда атрофга алангладим. Қўлимга қаердандир тунчироқ илинди. Бор кучим билан эримнинг бошига туширдим ва югурганча кўчага отилдим.

Аҳволимни кўрган отам эримникига бошқа жўнатмади. Бир йўла кўч- кўронимни ҳам олиб келди. Қўрққан олдин мушт кўтаради, деганлари рост экан. Қайнонам келган кунимнинг эртасигаёқ турли гап-сўзларни тарқатди. Менинг эса дардим ичимда. Бир ойлик келинчак ҳолимда турмушимдан ажрагандим.

Очиғи, оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичаркан. Энди турмуш қуришга юрагим бетламасди. Яна қандайига рўпара бўламан, Худо билади. Аммо онам мени тезроқ узатишни ўйларди. Қўшнилардан уяларди, чоғи. «Қизим, фалончи сени сўраб келди», дерди гоҳ-гоҳида кўзимга қаролмай. Мен эса ҳеч нарсага, ҳеч кимсага ишонмай қўйгандим. Иложи бўлса, узоқларга бош олиб кетсам….

Шундай кунларнинг бирида Маҳкам билан танишиб қолдим. Биринчи қаватга янги кўчиб келган аёл — Санобар опаниг укаси экан. Мендан бир ёш катта, ҳали уйланмаган. Аввалига шунчаки сўрашиб ўтишлар бора-бора суҳбатларга айланди. Подьезд ёнида туриб алланималарни сўрашга тутинган Маҳкамга мен ҳам жавоб бериб ўтаверардим. Баъзан узоқроқ суҳбатлашиб қолардик. Санобар опага укаси билан гаплашишим ёқмаслигини билардим. Лекин унинг ўзи биринчи бўлиб сўз қотарди ва жавоб беришга мажбур бўлардим.

Хуллас, бир куни Маҳкам менга севги изҳор қилди. Аввалига нима деб жавоб беришни билмадим. Тўғриси, ўзим ҳам унга боғланиб улгургандим. Балки, севиб қолгандирман. Аммо у уйланмаган йигит, мен эса турмуш кўрган аёлман!

Маҳкамнинг севги изҳор қилганини эшитган онам қувонди. Тўйимизга розилик билдирди. Ҳатто отамни ҳам кўндирди.

Лекин кутганимдек йигитнинг уйидагилари розилик беришмади. Санобар опа ота-онасига нимадир, дегандир, балки. Онаси совчиликка келишдан бош тортди. Мен ҳам иккиланиб қолгандим. Уни қанчалар ёқтирмай, барибир, турмуш қурган деган номим бор. Онам эса: «Нимаси ёмон, балки, бахтинг шу йигит билан», деб мени кўндиришга уринарди. Маҳкам эса: «Менга сендан бошқа ҳеч ким керакмас. Барибир, сенга уйланаман», дерди. Ниҳоят, муҳаббат ғолиб келди. Маҳкам ота-онасини кўндирди.

Иккинчи марта оқ либос кийиб, отам билан хайрлашдим. Яна уйимга қайтиб келмасликни ич-ичимдан сўраб, дуо қилдим.

Тўй бўлди. Оқ либосда давранинг тўрида ўтирибман-у, ҳамма менга қўлини бигиз қилиб кўрсатаётгандек туйилади.

Иккинчи марта оқ либос кийган аёл ўзини ноқулай ҳис қиларкан. Атрофингда ҳамма нарса сунъийдек гўё. Ҳаммаси юзаки. Тўй ҳам номигагина бўлди, аслида. Маҳкам уйланмаган бўз йигит бўлгани учун. Бўлмаса, тўй қилиш кимга керак эди.

Мени ўйлантирадиган савол бор: «Қачондир эрим жувонга уйлангани учун афсус қилмасмикин?» Бир марта шу ҳақда гап очганимда оғзимни тўсганди.

Тўй ўтди. Секин-аста бу ҳовлига ҳам кўника бошладим. Гарчи қайнона, қайнопаларим мени суйишмаса-да, севимли кишим ёнимдагилигидан шод эдим.

Энди қўлдан келганча бахтимни тутиб қолишга, асрашга ҳаракат қиламан. Шу қарор билан янги ҳаётни бошладим…

ДИЛФУЗА,

«Ҳордиқ плюс» газетасидан

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: