«Фарзанд ота-онани танлаш ҳуқуқига эга эмас»

0

— Отам яхши гапиролмайди. Тўғрисини айтганда, соқов. Унинг гапини онамдан бошқа ҳеч ким тушунмайди, ҳатто мен ҳам. Биз имо-ишоралар билан аранг гаплашамиз. Онам эса отам билан бемалол «гаплашади» ва бизга унинг айтганларини тушунтиради. Мен яқин-яқингача онамнинг пешонасини шўр, деб ҳисоблардим. Чунки онамнинг тўрт мучаси соғ, ҳатто бир қарашда чиройли аёл эди.

Яқинда онам мен севган қизникига совчиликка борганида ҳақиқатни эшитиб, ёқа ушлаб қолдим. Севганимнинг ота-онаси таомилга кўра, оиламизни суриштирибди. Аввалига отамнинг соқовлиги уларни анча ўйлантирибди. Бироқ онамнинг менга ўгайлигини билгач, буткул рад жавобини беришибди. Ўйлаб кўришни ҳам хоҳламаслигини айтишибди. Мени дунёга келтирган аёл, аслида, бошқа аёл экан. «Нега менга ҳеч ким, ҳеч қачон бу ҳақда оғиз очмаган? Ўз онам ким?» деган саволлар қийнайвергач, отамнинг олдига бордим. Аммо у менга ҳатто ишора ҳам қилмади.

Онам эса юм-юм йиғлади, ортиқ ҳеч нарса демади. Билдимки, у отамнинг олдидан ўтиб, менга бир нима дея олмайди. Онам ҳақидаги ҳақиқатни олис қишлоқлардан бирига келин бўлгани учун биз билан йилда бир ҳам кўришолмайдиган аммамдан билдим. Отам шу ҳақиқатни яшириш учун бу ерларга кўчиб келган экан.

Айтишларича, мени туққан аёл жуда гўзал бўлган. У бошида отамга хиёнат қилиб юрган, кейинчалик бутунлай ташлаб кетган. Онам қачонлардир кимларнингдир гапига кириб, бу нотавон одамга эрга теккан кунига лаънатлар ўқиркан. Бевафо онам уч ёшга кирганимда мени отамга қолдириб, буткул қорасини ўчирган.

Мен отам ҳақида узоқ ўйладим. Тақдир унинг бошига не-не кунларни солмабди. Одам эшик-деразалар ясаб, тирикчилик қиларди. Қишлоғимиздаги уйларнинг деразасига қарасам, отамнинг қўллари текканини ҳис этаман. У менга укаларимга нисбатан кўпроқ ғамхўр ва эътиборли. Ёшлигимда отам тасодифан менинг олдимдан чиқиб қолар, баъзида олиб кетгани мактабга ҳам келарди. Мен бўлсам, унинг мактабга келишини истамасдим. Ҳа, отамдан уялардим. Шунда отам менинг бепарволигимдан ранжир, куюнар ва тушкунликка тушарди. У мени ранжитмаслик учун ниҳоятда эҳтиёт бўлиб муомала қиларди.

Ҳақиқатни билгач, уйга буткул тушкун кайфиятда қайтдим. Онамнинг қилган ишидан қаттиқ изтироб чекардим. Қанийди бу гапларни эшитмаганимда… Демак, акам деб билганим менга ака эмас экан-да. Ахир мен отамнинг тўнғич фарзандиман-ку. Шунча тиришсам ҳам, туққан онамнинг юзини эслолмадим. Уйимдаги меҳрибонимга ўгай деб қараш осон эмас. Юрагимдан нимадир чирт-чирт узиларди. Дастурхон бошида катта акамнинг юзига қарадим. У отамга ҳам, менга ҳам ўхшамаслигига кейин эътибор бердим. Акам билан ташқарига чиққанимизда, ундан бу ҳақда сўрашдан ўзимни тутиб туролмадим. У чуқур «уҳ» тортди. «Ҳаммаси яхши-ку! Ортиқча муаммонинг сенга нима кераги бор? Яхши яшаяпмиз-ку, ука! Сўровларинг отамнинг дилига озор беради ахир. Сен менга ука, мен сенга акаман. Бунинг учун қондош бўлиш шарт эканми? Асосийси, бир-биримизга бўлган меҳр-муҳаббатимиз эмасми?»

Мен ҳақиқатни билишга ҳақим борлигини айтганимда, акам ҳаммасини айтиб беришга мажбур бўлди. Ўшанда акам дадам билан танишганида ўспирин экан. Ҳунар ўрганиш мақсадида устахонага келибди-ю, ундан бир қадам узоқлашолмай қолибди. «Менинг ҳаракатларим отамни бирмунча қаноатлантирарди, аҳён-аҳёнда бошимни силаб қўярди. Отасиз фарзанд учун бош силаш нималигини сен билмайсан-да. Мен тоғаларим буюрган ишлардан ортиб, унинг ёнига ҳадеб келолмасдим. Бир гал тоғам «Устозликка шу соқовдан бошқа қуриб қолганми? Сени ўша кишига фарзандликка бериб юборсамми?» деганида ундан астойдил ранжиганман. Калтакларнинг дастидан ҳамма жойим моматалоқ бўлганда баъзан хаёлимда устозим билан бирга яшасамми, деб ўйлаганман ҳам. Мен унга бўлаётган янгиликларни етказиб турардим. Бир кун уйга бормадим. Ғамга ботган онам устахонага кириб келди. У мени сўраб кирганида сен унинг этагига ойи, деб ёпишдинг. Шу-шу у сени ташлаб, бу уйдан чиқиб кетолмади. Тоғаларим роса жанжал қилишди, лекин биз қайтмадик. Биз бахтимизни топгандик», дея гапираркан, ёшларим юзимни ювганини сезмабман ҳам.

Мен учун ҳаммаси ойдинлашди, бироқ онамни бир марта олисдан кўриш хаёлидан қутулолмадим. Ўзимни қўярга жой тополмай юрганимни сезган акам мени бир уйга олиб борди. Дарвоза ҳовлини кўчадан тўсиб турарди. Бироқ унинг дарвозалик шакли-шамойили қолмаган деса ҳам бўларди. Темирдан ясалган бу матоҳ айни чоғда кўнгилни оздирар даражада беўхшов ва бутунлай занглаган эди. Ичкарини эса хароб ҳамда афтодаҳол, десак бўларди. Бу манзарага фақатгина ачиниш мумкин эди. Дарвозанинг ёнида энсиз ва эскирган омонат ўриндиқ бўлиб, унда қорамтир юзига ажинлар соя солган, кўзлари киртайган ва ичига чуқур ботган бир қари кампир ўтирарди. Аёл қоқ суяк қўлига ҳассасини тутиб олган, кўриниши ҳам ниҳоятда хароб. У ҳассасига таяниб жуда эҳтиётлик билан ўрнидан турди ва тусмоллаб, юриб кетди. У бозор яқинига бориб тўхтади. Тўрвасидан кўримсиз, пастак бир курсича олиб ерга қўйди-да, унга омонатгина чўкди. Бир зум у ёқ-бу ёққа аланглади-да, сўнг рўмолини аввал пешонаси, кейин кўзларигача тортиб олди. Акам мендан аёлга яхшилаб разм солишимни сўради. Унинг юзи қаримсиқ ва сепкил билан қопланганди. Бу қусурлари унга баттар кўримсиз тус берар ва бу ҳолат кишининг раҳмини келтирмасдан қолмасди. Аёлнинг шалвираган узун енглари учидан қўлларидаги оқ доғлари кўриниб турарди. Бироздан сўнг аёл олдига кир ва эски бир рўмолчани ёзиб қўйди-да, кўзлари атрофни кўрар даражада бошини кўтарди. Бирров кузатиб турди, сўнг ўтиб-қайтаётган одамларга қараб қалтироқ қўлларини хиёлгина чўзганча тиланди.

У айтмаса ҳам, бу аёлнинг кимлигини англадим. Ўша аёл мени дунёга келтирган экан. Унга кўзим тушиши ҳамон бир сескандим ва кўзларимни шошганча олиб қочдим ҳамда тез-тез юриб кетдим. Хаёлларим айқаш-уйқаш бўлиб кетди.

Отамнинг олдига бу сафар югуриб бордим. Унинг бағрига ҳеч қачон отилмаганман. Мен доим уни ўзимдан итарардим. Бугун эса болалик меҳри билан уни қучоқлаб, узоқ йиғладим. Отам меҳр билан бошимни силади. У ҳеч нарса сўрамади. Унинг ҳамма нарсадан хабари бор эди. Бугун мени ташлаб кетган бўлса ҳам, онамга раҳмат айтмоқчиман. Чунки шу аёл туфайли мени улғайтирган онам кимлигини, отамнинг нақадар буюк одамлигини англадим. Фарзанд ота-онани танлашга ҳуқуқига эга эмас, бироқ улар биз учун еган уқубатлари туфайли асраб-авайлашга арзийди.

САРДОР

Фарғона вилояти,

«Ҳордиқ плюс» газетасидан