“Ғаройиб ҳодисалар изидан…”

0

 

 

«РАҚСЛАРДА ҚОЛГАН ҲИСЛАРИМ…»

 

… Дўмбира жўрлигида раққоса саҳнага чиқди. Елкаларини, кейинроқ бутун қоматини ҳаракатлантирганча аввалига аста-аста, бора-бора эса, чарх уриб рақсга туша кетди…

Рақснинг энг авж нуқтасига етганда кутилмаганда қаттиқ қичқириб юборди-ю… бирдан ғойиб бўлди!

 

ЭКЗОТИКА

 

Ирина рақс тушишни болалик йилларида бошлаганди. Аввалига оддий рақс билан шуғулланди. Кейинчалик спорт, акробатик рақсларга ўтди. Танловларга борди, эстрадада рақс тушди, Лотин Америкаси рақсларини ижро этиб, пул ишлади.

Кейинроқ фожиа юз берди. Ўн тўққиз ёшида оёғидан жиддий жароҳат олиб, эстрададан кетишга мажбур бўлди…

Бундай кўнгилсизликлардан Ирани дугонаси қутқарди. Машанинг айтишича, яқинда Мисрга бориб арабча рақс ўрганибди.

— Қорин рақсими? — сўради Ира ундан.

— Жиннимисан? Қанақа қорин?.. Бу рақсда бутун гавдангни қимирлата билишинг лозим бўлади. Қанчалар қийин эканини билсайдинг…

Машанинг қистови билан Ира уникига дарс олиш учун борди. Дугонаси намойиш этаётган ҳаракатларни қайтариб кўраркан, баданида яна… Ўша танловларда қатнашиб юргандаги ғалати ҳолатни сезди. Бадани рақс тушгани сайин тобора қизиб борарди…

«Демак, ҳали рақс тушишим мумкин экан», — кўнглидан ўтказди Ира ва кейинги машғулотга анча тетик кўринишда келди…

Ярим йил ичида Ира арабча рақсларнинг ҳақиқий устасига айланди. Икки дугона аста-секинлик билан тунги клубларда рақс тушиб, ёшларнинг олқишларига муяссар бўлишди. Ира қўшиқ ҳам айта бошлади…

 

ЙЎҚОЛИШ

 

Баъзан рақс тушаётиб Ира ғалати ҳолатга тушиб қолар, ўзини ҳавога кўтарилиб одамлар кўзидан йироқлашаётган каби ҳис этарди. Гоҳида эса тунги клубда рақс тушяпти-ю, лекин ўзини араблар орасида кўрарди. Лекин бу ҳолатларини дўмбирачи эри Вадимдан бўлак ҳеч кимга айтмаган. Айнан эрининг қистовлари билан психотерапевтга учрашди. Афсуски, врач ундан ҳеч қандай руҳий хасталик тополмади.

Кунларнинг бирида Ира рақс тушадиган гуруҳ аъзоларини Екатеринбург маданият уйига таклиф этиб қолишди. Директорнинг туғилган куни экан. Ира навбати етгач, саҳнага чиқиб рақс тушишни бошлади. Дўмбиралар тобора қаттиқроқ чалинар, томошабинлар Ирани қарсаклар билан олқишлашарди…

Бир маҳал у қаттиқ қичқириб юборди… Ва тўсатдан ғойиб бўлди. Даҳшатдан қотиб қолган мусиқачилар ва томошабинлар ҳозиргина Ира рақс тушган саҳна ўртасига қарашди. Лекин ҳавода оппоқ тутунгина муаллақ турар, ҳеч қанақанги Ира йўқ эди…

Томошабинларнинг кўпчилиги қўрққанларидан ўзларини ташқарига уришди. Мусиқачилар эса маданият уйи директорини ёнларига олиб, саҳна ўртасига чопишди. Кимдир пардани тушириб юборди…

Бу ҳолат чамаси йигирма сония давом этди, холос. Ира тўсатдан яна ўша рақс тушган ерида пайдо бўлди…

 

ШАРҚОНА ЭРТАКЛАР

 

Ира пайдо бўлиши билан мусиқачилар контсерт тамом бўлганлигини залдагиларга эълон қилишди. Даҳшатдан дағ-дағ титраётган Ирани микроавтобусга ўтқазишди. Қўлига қайноқ қаҳва бериб, бўлган воқеани айтиб беришини илтимос қила бошлашди.

— Мен рақс тушаётиб беихтиёр ўзимни бегона бир жойда кўрдим, — дея сўз бошлади Ира. — Уерда бир неча чиройли кийинган араб эркаклари бор эди. Менинг эгнимдаги кийим эса буткул бошқача: бўйним тўла турли тақинчоқлар; ҳарир, юпқа кийимларда эдим… Ишонасизларми, араб эркакларини кўриб «Минг бир кеча» эртагини эсладим… Ўзимни тўхтатишга, илгариги ҳолатимга, залга қайтишга уриниб кўрдим. Аммо танам менга бўйсунмас, араб эркакларидан узоқ кетолмасдим… Исмимни Смарагда деб аташди. Ҳа, эсладим, бир араб ўрнидан туриб олқишлаганда мени шундай деб чақирди. Биттаси қўлимга манави тангани тутқазди… Ишонмасанг, кўр, бу арабларнинг тангаси!

Ира тангани эри Вадимга тутқазди. Танга ҳақиқатан арабларники эди.

Ўша-ўша Ира рақс тушганда жуда эҳтиёт бўлади. Кўзига бегона нарсалар кўрина бошладими, дарров рақсни тўхтатади.

Экспертлар эса, Иранинг қўлида пайдо бўлган тангани текшириб кўришганда, бу танга бир ярим минг йилча аввал Арабистонда ишлаб чиқарилгани маълум бўлди!

Ира ҳамон ўз ҳолатини тушуна олмайди. Ҳар эҳтимолга қарши шогирдларига ҳам тайинлаб қўйган.

— Қизлар, шарқона рақс тушаётганда жуда эҳтиёт бўлинглар!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here