ГЎР АЗОБИ… (8-қисм)

0

 

 

* * *

 

Насронийлар қабристонидаги манзара бизникидан-да баттарроқ эди. Айримлар худди маймун каби тўрт оёқлаб чопганча қаёқдаги қилиқларни намойиш этар, бошқалари эса шер, йўлбарс каби пишқириб уларни қувлаб кетарди. Анча нарида қайсидир насроний чўчқанинг бир оёғини қўлида баланд кўтарганча қолганларга кўз-кўз қилар, аммо унга ҳеч ким эътибор қилмасди. Ҳафсалам пир бўлиб ортга қайтдим. Ҳа, ўзимизнинг маконлардан қўймасин экан. Биздагилар ҳеч қурса ўзидан нур таратишяпти. Ўшаларнинг нури баҳонасида ҳатто ярим тунда ҳам ёруғ дунёнинг жамолини томоша қилса бўлади. Бироқ… Очлигим ёдимга тушди дегунча аламим келарди. Ўзимдан ўзим нафратлана бошлардим. Бироқ сал ўтиб нафрат ўрнини яна мағрурлик, калондимоғлик эгаллаб, теваракдагиларга гўё бир поғона юқоридан қарай бошлардим. Шу нарса очликдан асрагандек бўларди. Гарчи бировларнинг нимадир ея бошлаганини кўрсам ҳам калондимоғлик нафсим эшикларига қулф соларди…

Кеза-кеза, охири зерикдим. Жонимга тегди қабристонда айланавериш. Аммо бошқа марҳумлар юришдан, ҳаракатланишдан тўхтамасди. Баъзилари барзанги олиб келганда қандай бақир-чақир қилиб атрофни бошига кўтарган бўлса, ҳозир ҳам тинмаган.

Мен аста юриб бориб паканадан келган, эгнидаги оқ либосидан мовий нурлар таралаётган қариянинг ёнига келиб ўтирдим. У мени кўрди, лекин қарши бир оғиз сўз демади. Хурсанд бўлиб кетдим. Чунки кўп бора марҳумлар билан ёнма-ён ўтиришга уриндим. Афсуски, мени талаб ташлайверишди. Ёки зарда аралаш ўринларидан туриб бошқа тарафга бориб ўтириб олаверишди. Шунчалар жирканч ва ҳеч кимга кераксизлигимдан безиб бўларим бўлаёзганди. Қариянинг амали кўнглимни кўтариб юборди.

— Ота, сизга ҳамма ҳавас қилса арзийди, — дедим таваккал.

Аниқроғи, худо кўрсатмасин, агар қария мен билан суҳбат қуришни хоҳламаса, аста ўрнимдан қўзғалиб жўнаб қолишга тайёр турдим. Бахтимга қария ундай ҳаракат ё ишораларни содир этмади. Аксинча, менга ачиниш аралаш қараб бир неча маротаба норози бош чайқади.

— Нега ундай деяпсиз, бўтам? — сўради у. — Менинг бошқалардан ортиқ ерим йўқ эди шекилли?..

— Фақат сиздангина мовий нур тараляпти. Бунинг сири нимада, ота?..

— Аслида оқми, сариқми нур таралишини хоҳлагандим, — жавоб қилди қария кулимсираб. — Локигин худойимнинг хоҳиши шундай бўлибди. Мовий рангли нурни менга раво кўрибди Яратган эгам.

— Нега?

— Эҳ, бўтам, мовий ранг осмон-у фалак, арши аъло рамзи. Қарасам, шу қабристон бўйича ҳисоблаганда, фақат мен эканман бир умр тақвода яшаган. Ана шу амалларим эвазига худойим менинг баҳоимни, унвонимни ўзгалардан фарқлашни лозим топибди.

— Ҳа-а, шунақами? — дедим отахонга янада ҳавасим келиб. — Бахтли одам экансиз, ота!..

Қария бир жилмайди-ю, кўкка боқиб, дафъатан безовталанганча ўрнидан турди.

— Тинчликми, ота? — сўрадим мен ҳам ўрнимдан қўзғалиб. — Нима бўлди?

— Намоз вақтим бўлибди. Юринг, биргалашиб намоз ўқиймиз!..

— Мен-а? — дедим ҳайратдан кўзларим чақчайиб. — Менга айтяпсизми?

— Албатта сизга айтяпман. Юринг, жамоа бўлиб намоз ўқишнинг хосияти кўп бўлади.

— Й-йў-ўқ, — дея беихтиёр ортга тисландим. — Мен… Ҳали… Ундай амалларга тайёр эмасман, ота!..

— Майли, у ҳолда сиз сайр қилиб юра қолинг! Мен бу амални адо этмасам бўлмайди!..

Мен анча вақт бир жойда қотганча қолиб кетдим. Қариянинг боқий дунёдаги шунчалар обрўлилиги, қадрланиши, унга худонинг марҳамати, мовий нурни ҳадя этиб қўйиши, намоз ўқиши ҳавасимни келтирар, қайта-қайта ҳайратланар, у билан ўзимни таққослаганим сайин ичимдан зил кетардим.

— Нега менинг ҳақимга дуо ўқишмаяпти? — ўзимга ўзим савол бердим ниҳоят ўрнимдан қўзғалиб. — Қара, Даминбой, ҳатто ҳов анави кўримсиз қабрдан чиқиб келганлар ҳам нуқул кавшанишдан бўшамаяпти. Сенинг қабрингни кўр! Саттанг-а манаман деган мармардан ёдгорлик ўрнатилган. Атрофи гулзор, ҳаммаёғи ёғ тушса ялагудек тоза. Лекин оч-наҳор кезмоқдасан. Агар анави барзанги келгунча шу тахлит юрсанг, ҳолдан тойиб йиқиласан. У эса шафқатсиз. Тепа-тепа мажбурлаб ўрнингдан турғазади-ю, хоҳишига бўйсундиради. Бирор йўлини топмасанг, абгор бўласан…

Шуларни ўйлардим-у, аммо каллам умуман ишламаётгандек эди. Шартта бориб кимнингдир қўлидагини тортиб олиб тановул ҳам қила олмасдим. Бу оламнинг ўз қонунлари бор. Ўғри, зўравонни тинч қўйишмайди. Кўплашиб ё тошбўрон қилишади, ё очиқ гўр, илонлари бор қабрга қамаб ташлашади. Жуда бўлмаганда барзангини чорлаб арз қилишади…

Нима қилай? Қани менга емиш? Очма-ан!.. Емиш қани-и-и???

Шу тобда анча наридаги бир кимсага кўзим тушиб қолди. У озғиндан келган, мендан анча ёш йигит эди. Нуқул кимларнидир сўкар, телбаларча айланар, ора-сирада бирдан рақс тушиб ҳам қўярди.

Уни дарров танидим. Бу Ўрин ўғри. Киссавурлик қилиб кун кўрарди. Менинг йигитларимдан наркотик ҳам сотиб оларди тез-тез. Демак, у ҳам ўлган экан-да! Ҳозир нега безовта? Кимни сўкяпти?..

Ҳовлиққанча бир сакраб унинг қаршисида ҳозир бўлдим. Таниди баччағар. Чопа келиб салом берди.

— Ассалому алайкум, Даминбой оға, — деди у менга яқин келиб. — Нега хомушсиз?

Мен ҳаёт пайтимда ҳам биров салом берса, ҳеч қачон алик олмасдим. Бош қимирлатиш билан чекланардим. Ҳозир ҳам ўғрига шундай жавоб қайтардим.

— Нега хафасиз? — саволини такрорлади у. — Биров нариватса қилдими? Айтинг, тишини тўкиб қўяман!

Оҳ, бор экан-ку ҳақиқат! Мен ўзимга жуда қадрдон бўлган жаргонли гапларни ўғридан эшитишим билан кайфиятим бир баҳя кўтарилгандек бўлди. Хурсанд бўлиб кетдим. Лекин сир бой бергим келмади. Қолаверса, очлик мени безовта қилишдан тийилмагани сабабми, дарров қайтадан қовоғимни уйдим.

— Ўринбой, — дедим атрофга аланглаб олиб. — Бу ерда қандай қорин тўйдирса бўлади? Очлик забтига оляпти.

— Тушундим, — деди ўғри жиддий тортиб. — Афсуски, ёрдам бера олмайман. Ўзимизнинг дунёда бўлса…

— Э, — жеркиб ташладим уни. — Ўзимизнинг дунё бўлса, сендақаларга мурожаат қилиб ўтирмасдим.

— Ҳақсиз, — деди ўғри. — Сизнинг қандай одам бўлганингизни биламан. Нима қилай? Бу ер қабристон. Мурдалар, марҳумлар, руҳлар, арвоҳлар макони. Бу маконда биров бировга кўмак бера олмайди. Ҳамма ўз тинчини ўйлайди, ўз муаммосини ҳал этиш пайида юради. Бироқ мен ака-укачилигимиз ҳурмати, бир маслаҳат беришим мумкин.

— Бер ўша маслаҳатни! Нима демоқчисан?

— Аввало духни кўтаринг, оға! Кейин очликка барҳам бериш учун уйдагиларингизни оёққа турғазишингиз керак.

— Қандай қилиб?

— Борасиз, уларнинг кўзига кўринасиз.

— Кўзига кўринаман? Бўладиган гапни гапирсанг-чи! Тириклар ўликларни ҳеч қачон кўра олишмайди. Мени аҳмоқ деб ўйлаяпсанми?

— Йўқ, — деди ўғри. — Агар чин кўнгилдан хоҳласангиз, кўришади. Лекин арвоҳингизни кўришади. Бу уларни жуда қўрқитиб юбориши аниқ. Ана шундан кейин тафаккурлари уйғониб қорнингизни тўйдириш пайига тушишса ажабмас. Шундан бўлак маслаҳат бера олмайман, кечиринг! Мен кетишим керак. Бир-иккитасининг духини синдиришим зарур. Жиғимга тегяпти!..

Билдимки, ўғри телбага айланган. Акс ҳолда бир қирдан, бир сирдан келмасди. Лекин маслаҳатида жон борга ўхшаяпти. Телевизорларда ўзим ҳам кўп кўрганман. Арвоҳлар тирик одамнинг кўзига кўринса, албатта ваҳима кўтарилади. Тириклар жонсарак бўлиб қолишади. Ҳаракатга тушишади. Менам бориб бир қўрқитаман. Худодан сўраб кўраман. Бир марта кўзларига кўринишимга изн берса кошкийди. Улар ҳам менга емиш юбориш ҳаракатига тушишарди. Шундай қўрқитаманки, туғилганларига, мени унутганларига минг пушаймонлар ейишади. Худди кинолардагидек олдинига пардаларни қимирлатиб қочаман. Сезишмаса, шундоқ пешонасида арвоҳим намоён бўлади. Турқим совуқлигини биламан. Демак, жуда қўрқинчли арвоҳга айланишимга ҳам шубҳа йўқ. Яшавор ўғри, калланг ишларкан телба бўлсанг ҳам! Қани, Даминбой, ҳаракатингни қил! Бу дунёсидаям ўзинг учун ўзинг югурмасанг, биров бери кел демаскан. Йўлга туш!..

 

* * *

 

Барзанги алдамаган экан. Олдинига у қаршимдан чиқиб тағин башарамга мушт тушириб қолмиасмикан деган ўйда қўрқа-писа олдинга юра бошлагандим. У ҳам, вужудимни чирмаб олгувчи елим ҳам кўрина қолмагач, қадамимни тезлатдим…

Ҳозир айни пайти. Тун чўкишига ҳали вақт бор. Уйимдагилар ухлашмагандир. Улгурсам, марра меники. Ниятга етаман. Барзангининг етагида қолгунча ўзимни тиклаб оламан, сергак тортаман, куч йиғаман. Ана ундан кейин билган қандини есин. Менга деса дунёнинг нариги бурчагига елимлаб етакласин…

Ўлган куним итлар марҳумларни кўра олишига амин бўлгандим. «Рекс»ни қўйиб юборишган шекилли, дарвозага яқинлашишим билан безовта ҳура бошлади. Мен эса қўрқиб ўтирмадим. Билардим, менга кўзи тушгани ҳамоно ит думини тукканча ура қочади. Арвоҳдан шу жонивор ҳам қўрқади…

Аста ҳовлига қадам қўйдим. Ичкарида чироқлар ёқиб ташланган, телевизор варанглаганча қайсидир яллачининг ашуласини намойиш этарди. Шу орада хотинимнинг кимгадир қаттиқ-қаттиқ гапираётгани қулоққа чалинарди.

Ёпиқ эшик орқали ичкарига ўзимни урдим-у, хотинимнинг қаршисида пайдо бўлдим…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди «Телеграмм» даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t. me/olimjonhayit

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: