Юзни табиий парваришлаш

0

Қаримаслик ўз қўлингизда, яъни ёшингиз 30 дан оша бошладими, дарҳол уни парваришлашга киришишингиз лозим. Ана шундагина сизни ёшлик тарк этмайди. Бугунги сонда шу ниятда бўлган аёлларимизга асқатадиган тавсияларни бермоқчимиз.

Биз тавсия этаётган табиий пардоз ва ниқоб турлари ёз фаслига мўлжалланган бўлиб, албатта, ундан тўғри фойдалансангиз, самарали натижага эришасиз. Бу ниқоблар терига ижобий таъсир кўрсатибгина қолмай, балки даволаш хусусиятига ҳам эга. Ниқоб  — юзни парваришлашнинг безарар ва фойдали усули. Улар юзнинг табиий ёрқин тусини тиклаб, терини соғломлаштиради. Тўғри танланган ниқоб юз терисига майинлик бахш этиб, уни керакли даражада озиқлантиради ва майда доғларни кетказишга ёрдам беради.
Масалан, лимон суви қўшилган ниқоб ёғли юз териси ва юздаги майда қора нуқталарни кетказиш учун фойдали.

Дўконларда, дорихоналарда сотиладиган тайёр ниқоблардан кўра уй шароитида тайёрланган ниқобларнинг афзаллик тарафи шундаки, улар, энг аввало, бир қатор табиий хусусиятларга эга. Ҳеч қандай кимёвий воситалар қўшилмаган, янги сабзавот ва мевалардан тайёрланган ниқоб юз териси учун жуда фойдали. Негаки булар юзда салбий асорат қолдирмайди.

Савдо расталаридан харид қилган тайёр ниқобларни узоқ муддат сақлаш учун уларнинг таркибига, албатта, кимёвий воситалар қўшилади. Бу эса юзингизга салбий таъсир этиши мумкин.

СУЮҚ ЛОЙЛИ НИҚОБ ЮЗНИ

ТОЗАЛАЙДИ

Суюқ лойли ниқоб турли рангда бўлади. Мисол учун, оқ тупроқдан тайёрланган ана шундай ниқоб юзни тиббий жиҳатдан тозалайди. У олий сифатли, қимматбаҳо микроэлементларга бой. Лой (гил) нафақат терини юмшатади, балки дағал терининг устки қаватини майинлаштиради. Оқартирувчи хусусиятга ҳам эга. Юз терисидаги ёғ безлари фаолиятини мўътадиллаштиради. Шу боис лойли ниқоб юз териси ёғли бўлган аёллар учун тавсия этилади.

ЛИМОН ШАРБАТИЛИ НИҚОБ

100 грамм асалга бир ош қошиқ лимон суви (шарбати) қўшинг. Ушбу ниқобни юзга бир текис қилиб суртинг. 30 дақиқа давомида ушлаб туриб, сўнг юзингизни илиқ сувда ювиб ташланг.

ГЛИЦЕРИНЛИ НИҚОБ

Бир дона тухум сариғини енгилгина кўпиртиринг ва унга 1 чой қошиқ асал, кейин 1 чой қошиқ глицерин қўшиб аралаштиринг. Ушбу ниқобни юзга суртиб, икки соат давомида шундай сақлаб туринг. Ёзнинг иссиқ кунларида ушбу ниқоб юзингизга жуда яхши фойда беради. Қуруқ юз терилари учун глицерин ва лимон қўшилган ниқоблар тавсия этилмайди. Терини қуритиб юборади.

ЗАЙТУН МОЙИЛИ НИҚОБ

Битта тухум сариғига 1 ош қошиқ асал қўшиб аралаштиринг. Унга 1 ош қошиқ зайтун мойи ва ярим пиёла сули ёрмаси солинг. Ҳаммасини қориштиринг-да, сўнг тайёр бўлган ниқобни юзингизга суртиб, 15-20 дақиқа ором олинг, кейин юзингизни илиқ сувда ювиб юборинг.

ТИРНОҚГУЛДАН НИҚОБ

Майдалагичга (блендерга) 1 чой қошиқ тирноқгул ўсимлигининг қуруқ гуллари ва 1 чой қошиқ майда ялпиз соласиз ҳамда майдалайсиз. Ушбу майдаланган аралашмага 1 ош қошиқ асал ва битта тухум оқи қўшасиз. Тайёр маҳсулотни ниқоб сифатида юзингизга суртиб, 20 дақиқа ушлаб турасиз. Кейин илиқ сув билан ювиб ташлайсиз.

ПОМИДОРЛИ НИҚОБ

Ярим пиёла сули ёрмасига 3 ош қошиқ ёғсиз, қуруқ сут солиб аралаштиринг. Майдалагичга 1 дона майда помидор солинг. Тайёр бўлган аралашмага сутли қоришма қўшинг ва аралаштиринг. Ушбу ниқоб юзда 10 дақиқа ушлаб турилгач, илиқ сувда ювиб ташланади.

БОДРИНГЛИ НИҚОБ

Бир донадан бодринг билан бананнинг ярмини майда тўғраб, кесиб, майдалагичга солинг. Унга 1 ош қошиқ асал ва ярим пиёла лимон сувидан қўшинг. Юзга бир текис қилиб суртинг. Ярим соатдан кейин эса ювиб ташланг.

ФРАНЦУЗЧА НИҚОБ

Ниқоб тури: озиқлантирувчи. Барча турдаги юз териси учун.

Керакли маҳсулотлар: 100 грамм суюлтирилган қаймоқ, 1 дона тухум, 1 дона лимон, 1 чой қошиқ глицерин. Сирли идишга ярим пиёла янги суюлтирилган қаймоқ, кўпиртирилган тухум, битта лимоннинг шарбати ва 1 чой қошиқ глицерин қўшиб, аралаштиринг. Ушбу ниқобни музлаткичда бир ойгача сақлаш мумкин. Тавсияларимизга амал қилсангиз, албатта, чиройингизга чирой қўшилиши шубҳасиз.

ҚОВУНЛИ НИҚОБ

Қовунни мунтазам истеъмол қилиб юришнинг сепкил, қотган қон ва доғларни йўқотишда фойдаси бор. Шуниндек, унинг етилиб пишган этидан эзиб тайёрланган малҳамни юз терисига ниқоб қилиб тортсангиз, юзингиз тозаланади ва таранглашиб, ёрқин рангга киради.

ДЕНГИЗ ПИЎЗИ СЎГАЛНИ

ЙЎҚОТАДИ

Агар юзингизда сўгал чиқиб, ҳуснингизга путур етказса, кечаси ухлашдан олдин денгиз пиёзини қирғичдан ўтказинг ва ундан бир чимдим олиб, сўгал устига босинг-да, елим қоғоз билан ёпиб, боғлаб қўйинг. Бу амалиётни 2-3 марта такрорласангиз, сўгалдан халос бўласиз. Денгиз пиёзини туз билан аралаштириб истеъмол қилсангиз, сўгални йўқотиб, унинг чиққан жойини текислаб қўяди.

АЧЧИҚ БОДОМ ДОҒ ВА СЕПКИЛНИ ЙЎҚОТАДИ

Аччиқ бодом мағзига сирка аралаштириб, доғ ва сепкил бор жойга суртсангиз, уларни тезда кетказади.

ДОЛЧИН  — ДОҒ ВА СЕПКИЛНИ КЕТКАЗУВЧИ ВОСИТА

Долчин юздаги доғ ва сепкилларни кетказувчи энг яхши воситалардан саналади. Бунинг учун уни кечаси ухлашдан олдин юзингизга суртинг. 20 дақиқа ўтгач, юзингизни илиқ сувда хўжалик совуни билан ювиб ташланг.

ТУХУМ  — МЎЪЖИЗАВИЙ

МАҲСУЛОТ

Тухумнинг сариғини асалга қўшиб юзга суртсангиз, ундаги доғларни кетказади, оқини суртсангиз, юзингизга қуёш нури асло таъсир қилмайди.

АРПА ҲАМ ЮЗНИ ТОЗАЛАЙДИ

Арпани эзиб, ундан юзингизга тортсангиз, юздаги доғ ва қўтирга барҳам беради.

ОТ СУТИ ЮЗ РАНГИНИ

ҚИЗАРТИРАДИ

Отнинг пиширилган сутини истеъмол қилиш юз рангини қизартиради. Агар юзингизга ҳафтада бир марта от сути суртиб, 20 дақиқа ушлагач, ювиб ташласангиз, юзингиз қизғиш тусга кириб, ёрқинлашади.

БАҚЛАЖОН ЮЗ ТЕРИСИНИ

ТОЗАЛАЙДИ

Бақлажон суви юзга суртилса, ундаги доғларни камайтиради ва юз терисини майинлаштиради.

Агар юзингиз терисини доимий равишда майин ва доғсиз бўлишини истасангиз, юзингизга бақлажон сувидан суртиб туринг ёки етилиб пишган бақлажонни паррак-паррак қилиб кесиб, юзингизга териб чиқинг. 25 дақиқа ўтгандан кейин эса уларни олиб ташлаб, юзингизни илиқ сувда чайинг.

ЮЗДАГИ ДОҒГА ҚАРШИ ТУРПЛИ НИҚОБ

Юзингизда доғ бўлса, ажин тушиб, хиралашса, турп уруғини майдалаб, сирка билан аралаштиринг-да, юзингизга ниқоб қилиб тортинг ва 20 дақиқа ушлаб, ювиб ташланг. Бундай ниқобни ҳафтада бир марта қилсангиз етади.

ЖИЙДА ГУЛИ ВА САРИМСОҚ ЮЗ ФАЛАЖЛИГИГА ҚАРШИ

Юз фалажи бор одам ёшига қараганда қарироқ кўринади. Бундай кишиларнинг қайта ёшариши учун халқ табобатида Абу Али ибн Синодан қолган ажойиб рецепт бор. Бундай кишилар жийда гулини ҳидлаши ва кун давомида ҳар 2-3 соатда 2-3 бўлакчадан саримсоқ еб юриши лозим.

ЮЗИНГИЗ САРҒАЙИБ

ҚОЛГАНМИ?

Агар юзингиз сарғайиб, рангингиз бўғилиб қолган бўлса, ясмиқни пишириб, қовун уруғини майдалаб, унга аралаштириб, юзингизга суртинг. У рангингизни тиниқлаштириб, юз сариқлигини бартараф этади.

ТЕРИ САЛОМАТЛИГИГА ДОИР

МАСЛАҲАТЛАР

Гўзал терига эга бўлиш учун, албатта, қиммат косметик воситалар харид қилиш ёхуд гўзаллик салонларига қатнаш шарт эмас. Энг асосийси, ҳаёт тарзини ўзгартиринг.

Юқорида берган тавсияларимиз сизу биз учун ташқи томондан теримизни парвариш қилишимизга қўл келади, бироқ унинг кўриниши фақат ташқи парваришга боғлиқ эмас. Албатта, кремлар терининг ҳолатини яхшилайди. Лекин шуни унутмангки, юз терисига уйқу, кайфият, овқатланиш тартиби-ю, таркиби ва ҳоказолар ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Шунинг учун қуйида соғлом терига доир бир неча маслаҳатлар берамиз. Унга риоя қилиш эса ўзингизга боғлиқ.

7 Мўъжиза газетасидан олинди

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: