Нега Юлдуз Усмонованинг концертига оддий мухлис киролмайди?

2

«Истиқлол» санъат саройи раҳбарияти эътиборига!

Уйимдагилар телевизорда ўзлари мухлислик қиладиган бирор хонанданинг концерти берилаётганини эшитса, дарҳол сим қоқиб, билет олишимни тайинлайди. Шу боис “Истиқлол” санъат саройида бўладиган халқимизнинг суюкли санъаткорлари концерти арафасида телефон қурғур тинмайди…

Сарой кассасидан билет нархларини суриштириб, баъзан хурсанд бўлсангиз, баъзида нархлар чўнтагингизни анча қийнаб қўяди. Концертга яқин қолганда-ку, олдинги қаторлар билетидан умид узсангиз ҳам бўлаверади. Лекин, умид узишга ҳали эрта, касса бўлмаса кўчада ҳар қандай хонанданинг концертига исталган қатордан билетни нақд қилиб берадиган чиптафуруш шоввозлар бор. Фақат нархига чидасангиз бўлди.

Яқинда уйдагилар Юлдуз Усмонованинг концертига олдинроқ қатордан бўлсин, деб иккита билет “буюртма” қилишди. Сарой кассасига етиб боришим билан доимгидек турнақатор навбатга дуч келдим. Чипталар нархи қаторига қараб 25 мингдан 250 минг сўмгача.

Кассадан чиқар эканман, яна ўша чиптафурушлар атрофимни ўраб олишди, “Чипта керакми? Истаган жойингиздан қилиб бераман. Қайси концертга тушмоқчисиз ўзи?”. Ҳар қандай концертга билет топиб бериш қўлидан келишини айтган шоввозларнинг биридан Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова концертига олдинроқ қатордан билет олмоқчи эканимни айтдим.

– Нечанчи қатордан керак? 5-қатор бўладими?

– Қанча?

– 450 минг сўм, 440 мингдан қилиб бераман.

– Сал орқароқ қаторлар-чи?

–Ўзига қараб-де. 250 минглик жойлар ҳам бор.

–Биринчи қатор қолмаганми?

–Қиберамиз.

–Қанчадан қиберасиз?

–Икки кишилик таклифнома бор. Ҳозиргина келди, мен “окам”дан сўрай, деб четроқда қарта ўйнаб турган “ока”лари ёнига югуриб бориб келди ва 600 мингдан қилиб берамиз, деди.

–Икки кишига 1 миллион 200 минг сўм бўладими шунда, – дедим ҳайратимни яширмай.

–Ҳим.

– 4-5 дона олса ҳам шу нархми?

–450 минглик билетни 440 минг қилиб бера оламан. Бизга нари борса, 20 минг сўм қолади.

–Йўғ-е, деганимни биламан, чиптафуруш ҳам дарди ҳол қилиб кетди.

–Нимага ҳамма кўчадагиларга кўп қолади деб ўйлайди-а? Биз ўз нархида олмаймиз-ку.

–Билетда бошқача нарх ёзилган бўлади-ку, дейишим билан озғинроқ шериги ҳам гапга аралашиб, дардини айта кетди.

-Биз “шапка” бериб оламиз. Сизлардек 4-5 та эмас, 20-30 та оламиз. Пластик картадан ёки пул кўчириб эмас, фақат нақд пулнинг устига “шапка” берсаккина билет беришади. Биз жойни ҳам танлаб оламиз, “каропка” жойларни, яъни ўрта, энг зўр кўринадиган жойларни. Кассага ўтсангиз фақат ён томонларини сотишади. Бизга тағин олларинг деб “нагрузка” ҳам беришади, балкон, ён қаторлар, тепалардан. Мажбур оламиз-де, илож йўқ.

Чиптафурушларнинг «дарди»ни тинглаб, э, буларга ҳам осон эмас экан, деган ўй ўтди хаёлимдан.

Яқинда бир танишимнинг қариндошлари узоқ вилоятдан Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг концертига келишаётганини айтди. «Истиқлол»га борсак, кассада одатдагидек билет йўқ. Кўчадаги чиптафурушлар 7-қатордан иккита билетни бир миллионга «баҳолашди» . Олмайин деса, меҳмон отангдек улуғ деган гаплар бор, олай деса… Иложсиз олдик ва не кўз билан кўрайликки, ҳар икки билетга 200 минг сўмдан (!) нарх ёзилган. Дардингни кимга айтишни ҳам билмайсан.

Ўзингиз ўйланг, 500-600 минг, э боринг ана, бир миллион сўм маош оладиган киши рўзғоридан орттириб концертга туша оладими? Энг аввало, Халқ артисти, Хизмат кўрсатган артистларнинг концертидаги нархлар халқнинг чўнтагига оғирлик қилмайдиган бўлиши керак эмасмикин? Биринчи навбатда, улар халқпарварлиги билан барчага ўрнак бўлиши лозим назаримизда…

Шу ўринда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни ижодкор зиёлилар билан учрашувда айтган қуйидаги сўзларини эслаш жоиз. «Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз. Кимда-ким бу соҳаларга фақат пул ишлаш, фақат иқтисодий фойда кўриш мақсадида кираётган бўлса, улар, марҳамат, тадбиркорлик, бизнес соҳасига борсин».

Айтай десангиз, муаммолар бисёр. “Истиқлол” санъат саройининг телефон рақамларига кун бўйи телефон қилсак ҳам бир бор бўлсин кўтаришмайди, муассасанинг www.istiqlolsaroyi.uz сайтидан эса керакли маълумотларни олишга уриниш бефойда. Сайт маълумотлари мунтазам янгилаб борилмайди, интерактив хизматлар йўлга қўйилмаган.

Бугун ҳамма соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилмоқда. Шунга монанд сарой маъмурияти ҳам чиптани сайт орқали онлайн сотишни йўлга қўйса, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинармиди. Сарой атрофида автомабиллар учун тураргоҳ ҳам муаммо. Узоқ вилоятдан машинада келган юртдошларимиз ортиқча ноқулайликларга дуч келади. Умид қиламизки, мазкур мақолада кўтарилган муаммоли масалалар сарой маъмурияти томонидан бартараф этилади ва бизнинг бу мавзуга яна қайтишимизга ҳожат қолмайди.

 

manba: UzA

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

2 ФИКРЛАР

  1. ўзи ўша қўлда билет сотувчиларни хам уларга билетни пуллаган кассирларни хам, бошлиғи билан қўшиб оёғидан осиш керак. буларни качон назоратга олишади?? демакки кимдир коттарок мансабдор шахс бундан манфаат кўради. шунинг учун хеч ким хеч нарса демайди. пул топиб акл топмаган одамларимиз эса уша ахмокларни айтган нархига билет сотволишади.

  2. 2000 мингга хахлаган хонандани дискини оламан тинмай куйлайди кейин.

Comments are closed.