Нонушта учун кунжутли кулчалар пиширамиз

0

Уйда тайёрланган кунжутли кулчаларни бутун оила бемалол нонуштада ҳам тановул қилиши мумкин. Кулчаларнинг мазаси худди нонларга ўхшайди.

Кўрсатилган миқдордаги масаллиқлардан ўртача катталикдаги 16 дона кулча чиқади.

Хамири учун:

сув 300 мл

зайтун ёғи 2 ош. қ.

шакар 1 ош. қ.

туз 1 ч. қ.

янги хамиртуруш 20 г

1-нав ун 500 г

Кулчаларни мойлаш учун:

тухум сариғи 1 дона

сув 1 ош. қ.

Кулчаларга сепиш учун:

қора кунжут 2 чимдим

кунжут 2 чимдим

1-қадам

Илиқ сув солинган идишда хамиртуруш, туз, зайтун ёғи ва шакарни аралаштирамиз, унинг устига 500 грамм унни бўлиб-бўлиб элаймиз. Бироз унни элаймиз — хамирни аралаштирамиз, яна элаймиз — аралаштирамиз, 500 грамм ун тамом бўлгунча шу тарзда давом эттирамиз.

2-қадам

Энди хамирни тахта устига қўямиз, бир-икки чимдим ун сепамиз ва 10 дақиқа қориймиз. Қориш жараёнининг охирида хамирнинг қайишқоқ, жуда юмшоқ бўлганини сезасиз.

3-қадам

Хамирни пишитгандан кейин яна идишга қўямиз, устини сочиқ билан ёпамиз ва яхшироқ кўтарилиши учун иссиқ жойга 1,5-2 соат қўйиб қўямиз.

4-қадам

Хамир кўтарилгач, уни яна пишитамиз ва бўлакчаларга ажратамиз (16 дона).

5-қадам

Бу бўлакчалардан кулчалар ясаймиз, това ичига тўшалган пергамент устига жойлаштирамиз ва иссиқ жойга 30 дақиқа кўтарилиш учун қўямиз. Бу вақт ичида духовкани 180°С да ёқиб қўямиз. Кулчалар кўтарилгунча, духовка қизийди.

6-қадам

Кулчалар ҳажми катталашгани учун улар бир-бирига тегиб қолади. Бу қўрқинчли эмас, пишиб чиққандан кейин бир-биридан осонгина ажралади.

7-қадам

Энди тухум сариғини 1 ош қошиқ сув билан аралаштирамиз ва кулчаларга сурамиз. Кунжут сепамиз, баъзиларига оч рангли, баъзиларига эса қора кунжут сепамиз.

8-қадам

Духовка ичига қўямиз ва 30—35 дақиқа давомида пишириб оламиз.

Ёқимли иштаҳа!