Менда намозга хоҳиш йўқ…

0

“Намоз исломнинг биринчи шарти эканини биламан. Аммо негадир ичимда бу амалга мойиллик йўқ. Нима учун менга намоз ўқиш бунчалик қийин туюларкин?”

Танишимнинг бу саволидан ҳайрон бўлмадим. Чунки одамни қизиқиш, эҳтиёж ва манфаатлари ҳаракатга ундайди. Мусулмон киши олдин ўзини ношаръий қизиқиш ва манфаатлардан тийиши, ундан кейин ўзига бундай сўз бериши керак: “Ҳозиргача нафсим буюрганини қилдим, бундан буён фақат Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунаман”. Бу қарор одамнинг дунё ва охирати жаннатга айланишига кифоя қилади. Аллоҳнинг буюрганини оғишмай адо қилишга эса кучли ва таҳқиқий имон керак.

Инсонга дўстлари, ёру биродарлари ва кўп вақтини ўтказадиган муҳити таъсир қилади. Фикримча, намоз ўқий олиш учун одам аввал яшаб турган муҳитини ўзгартириши керак. Тўғри, бу қийин, аммо жаннатга эришиш осонликча бўлмайди.

Ўзим саксонга кирдим. Ҳали ҳам маънавий ҳаётимга яхши таъсир қиладиган одамлар олдига бориб тураман. Чунки доим ҳам тафсир, ҳадис китобларини ўқий олмаймиз. Бироқ шундай инсонлар бор, юриш-туриши, ҳаёт тарзига Қуръондан андоза олган. Улардан фойдаланиш ақлли одамнинг иши.

Эътибор берсангиз, намоз ўқимаган, масжидга қадам босмаган кимса шу дунёдаёқ азоб чекади. Зеро, масжидлар Нуҳ (алайҳиссалом) кемаси кабидир. Маълум, бу кемага барча мўминлар, ҳатто ҳайвонлар ҳам чиқарилди, аммо ҳазрат Нуҳ (алайҳиссалом)нинг ўғли чиқмади. Турли баҳоналарни рўкач қилиб, намоз ўқимаганларни ҳам нажот кемасидан қолиб кетганлар дейиш мумкин.

Намоз ўқиш “Менинг қадрим Аллоҳ таолонинг буйруқларига қанчалик амал қилишимга қараб ўлчанади”, дея жисмонан эълон қилишдир.

Гоҳо сўраб қолишади: “Болаларимиз қалбига намозга рағбатни қандай жойласак бўлади?” Бу саволнинг жавоби шу: исломни, энг олдин, ўзимиз яшайлик. Энг яхши чақириқ амал, ибрат кўрсатиш билан бўлганидир. Мен фарзанду набираларимга ҳеч қачон “Намоз ўқинг!” демаганман. Бироқ улар азон чақирилиши билан ишларимни ташлаб, ибодатга шошишимни кўриб улғайишган.

Менинг ҳам баъзида намоз ўқигим келмай қолиши мумкин. Кексаман, ҳолим қурийди. Аммо истамасам ҳам, ибодат қилолганим Аллоҳ таолонинг лутфидир. Чунки хоҳламасдан намоз ўқиган киши бу амални Аллоҳ таоло розилиги учун бажарган – ихлос қилган бўлади.

Бир дўстим сўради: “Хоҳишсиз намоз ўқиш ибодат сиҳҳатига зарар етказмайдими?” “Йўқ, аксинча, ибодат савобини орттиради”, дедим. Жавобимдан ҳайрон бўлди, изоҳ бердим: “Агар шавқ ва маънавий лаззат учун намоз ўқисангиз, уни ўша лаззат учун адо этган ҳисобланасиз. Аммо ўзингиз хоҳламай турсангиз ҳам, буюрилгани туфайли қилсангиз, Аллоҳ таоло учун ўқиган бўласиз”.

Ҳар бирини шу охиргиси бўлиб қолиши мумкин, деган туйғу билан адо этсак, намоз бизга оғир келмайди. Пешинни ўқидингизми, асрни ўйламанг. Чунки унгача етишингизни билмайсиз. Бундан ташқари, ўйлаш керак, ҳеч бир иш ибодатимиздан муҳим эмас, намоздан қийматли иш йўқ.

Қабристон ёнидан ўтганда бундай овоз келгандек бўлади: “Дунёда ҳеч ким абадий қолмаган. Сен ҳам бир куни бағримга келасан”. Шундай экан, йўлга озуқасиз чиқилмаганидек, биз ҳам сафар тадоригини кўришимиз керак. Энг асосий “озуқа” эса, шубҳасиз, намоздир.

 

manba: azon.uz

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: