«Миллион» жамоасидаги ўзгаришларга ойдинлик киритилди

0

«Миллион» жамоаси ўзининг янги концерт дастурини тақдим этишни режалаштирмоқда. Аммо жамоа таркиби ўзгарган. Бу ҳақда ушбу жамоа бошловчиси Даврон Кабулов Instagram’даги ўз саҳифасида маълум қилмоқда.

«Улар ҳақида яхши ёки ёмон фикр билдирмайман. Ҳамманинг ўзига инсоф берсин. Асосийси, жамоанинг Миркомил ва Алишер каби устунлари, тирикчилик баҳона виждонига қўшиб дўстини сотиб юбормайдиган Умидлар ҳамон «Миллион»ни янада ривожлантириш йўлида изланишмоқда» , – деб ёзган эди у Instagram’даги ўз саҳифасида.

Кун.уз нашри маълумотларига кўра, «Миллион» жамоаси таркибига ўзгаришлар киритилган, олдинги резидентлардан айримлари турли сабабларга кўра жамоани тарк этишган. Булар Умид Умаров, Отабек Мирзаҳолов, Шаҳло Зоирова ва Аҳмад Темуровлардир. Шу билан бирга «Қувноқлар ва зукколар» Республика кўрик-танловининг 2017 йилги мавсуми чемпиони – Навоийнинг ТБТ жамоаси аъзоси, «Энг қувноқ йигит» номинацияси ғолиби – Маъруф Носиров жамоанинг янги аъзосига айланган.

Даврон Кабулов билан боғланиб, бу ўзгаришлар ҳақида сўраганимизда қуйидагилар маълум бўлди.

– Мен ҳозир бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтмоқчи эмасман. Чунки бу ичкаридаги нарса, ичкарида қолиши керак. Биз бир жамоа эдик. Аммо саҳнада мукаммал кўринган инсон ҳаётда ҳам Худди шундай бўлади, дегани эмас экан. Миллионлаб одамларни севдириб, ичи тўла кир бўлиши мумкин. Биз турли-туман қийинчиликлардан, босимлардан, “запрет”лардан ўтдик, эндигина ўз ижодимизни кенгроқ, эркинроқ олиб бориш даври келганда, «Миллион»нинг иккига ажралиб кетиши жуда алам қиларли ҳолат бўлди.

Мен бу жамоа билан узоққа боришни ният қилган эдим. Лекин ҳаётда инсон ўйлаган, у режа қилган ҳамма нарса ҳам бўлавермас экан. “Даврон жамоадан болаларни чиқариб юборди”, деган гап-сўзлар ҳам учраши мумкин. Аммо аслида бундай бўлмади. Мен ҳар хил гап-сўзлардан хотиржамман. Одамларнинг гап-сўзи эмас, бизнинг қандайлигимиз муҳим.

Бир мисол келтираман: Футболга қизиқаман. Дэвид Бекҳэм энг севимли футболчим эди. У «Манчестер Юнайтед»ни тарк этгач, иккиланиб қолдим, жамоами ёки футболчими? Бу ҳолат, менимча, жуда кўп мухлисларда кузатилган. Ўшанда ҳеч ким билмаганди-ки, МЮда янги юлдуз – Криштиану Роналду етишиб чиқаётган эди. Айтмоқчи бўлганим, жамоа ҳар доим қолади, жамоанинг ўрни бўлак.

Жамоа таркибига келиб қўшилган Маъруф жамоани тарк этганларнинг ўрнини тўлдириш учун таклиф этилмади. У ўзи эркин ижодкор, «Миллион»да, албатта, унинг ўз ўрни бўлади, – деди Даврон Кабулов KUN.UZ’га маълумот берар экан.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: