«ZO`R-TV» бош муҳаррири «Севги изтироби» сериали намойишидан кўзланган мақсадни айтди

0

ЎзАда журналист Воҳид Луқмоннинг «Мамлакат чегаралари миллат маънавиятидан бошланади» номли мақоласи эълон қилинди.

Мақолада юртимиз телеканалларида намойиш этилаётган, «ZO`R-TV» телеканали орқали эфирга узатилган «Севги изтибори» сериали ҳақида томошабинлар ҳамда зиёлиларнинг фикрлари берилган. Қуйида уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Жаббор Эшонқул, адабиётшунос:

— Глобал жамиятда оломон маданиятини тарғиб қилишнинг энг мақбул йўли санъат бўлиб қолмоқда. Сохта «санъат»га бугун майл кўрсатсак, эртага маҳлиё бўла бошлаймиз, кейин эса унинг асирига айланамиз.

Биз қанча китобхонлик ҳақида, улуғ аждодларимизнинг илмий, адабий мероси ҳақида гапирмайлик, миллионлаб томошабинларга очиқдан очиқ фаҳшни, хиёнатни, зулм ва зўравонликни тарғиб этиш имкониятлари мавжуд экан, бизнинг саъй-ҳаракатларимиз ҳеч қандай самара бермайди.

Мамлакат чегаралари қандай муҳофазага муҳтож бўлса, миллатнинг эстетик диди, савияси, маънавият ҳудудлари ҳам худди шундай муҳофазага муҳтождир. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, мамлакат чегаралари миллатнинг онгу тафаккури, маънавиятидан бошланади. Чегарани бузганларга қандай қонуний жазо кўрилса, миллатнинг диди, савияси, маънавиятига талофат етказувчиларга ундан оғирроқ жазо белгиланиши шарт.

Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи:

— Ўтган асрнинг 90-йилларидан кейин телесериаллар дунё бўйлаб урф бўла бошлади. Эслайман, менинг ўзим ҳам бир неча Мексика сериалларини кетини узмай кўргандим. Лекин улғая бориб, бундай сериалларнинг инсонга фойдасидан кўра кўпроқ зарари борлигини фаҳмлай бошладим.Бу нарса нималарда кўринди? Назаримда, аввало, сериаллардаги воқеаларнинг чучмаллиги ва ҳаддан ташқари чўзилиб кетганлиги оқибатида улардан олинадиган бадиий-эстетик завққа путур етганида.

Кейинроқ сериаллар ҳақида бир қанча жаҳон режиссёрларининг фикрларини ўқиб қолдим: уларнинг эътироф этишича, сериаллар телетомошабинни банд қилиш учун ишлаб чиқилар экан. Товар сифатида. Ўйлай-ўйлай, ахийри, шундай хулосаларга кела бошладим: тўғри-да, жаҳон миқёсида олганда ҳам яшаш шароити тобора яхшиланиб, одам дегани кўпайиб боряпти. Аслида, яшаш шароитининг яхшиланиши, медицина хизматининг йўлга қўйилиши натижасида ўртача умр кўриш даражаси ўсди, ўлим камайди, туғилиш эса ортди. Ҳозирда ер шарида қарийб 7.5 миллиард аҳоли истиқомат қилмоқда. Бошқа томондан урбанизация даражаси кўтарилиб боряпти. Аҳолининг катта бир қисми эса нафақада – уйда, яна бир қисми ишсиз – уйда, яна бир қисми сменадан келган – уйда, яна бир қисми касал – уйда, яна бир қисми эса болалар – уйда… Тап-тайёр аудитория дегани бу! Демак, уйдаги одамларнинг бўш вақтлари бор, уларни нима биландир банд қилиш керак. Натижада кимларнингдир ғоялари билан сценаристу режиссёрлар енг шимариб ишга киришиб кетади: 100, 200, 300, 400 ва ҳатто 500 қисмли сериаллар ишлаб чиқарилиб, истеъмолга тақдим қилинади. Бу ёқда оч томошабинлар армияси ҳам уларни ямламай ютади. Ютмаса бўлмайдими? Йўқ! Сабаби – томошабиннинг ҳаёт тарзи, савияси шу сериалларни қабул қиладиган даражада. Бу ҳақда ҳам ўйланган.

Бу билан мен ҳамма сериаллар бирдек сифатсиз демоқчи эмасман. Асло! Яхшилари бор. Ҳамиша яхши сериаллар ишласа бўлади. Фақат бунинг учун шу ишга бош-қош бўлаётганларнинг профессионаллик савияларидан ташқари, одамлар ҳаётини яхши билиши, катта билимга эга бўлиши ва албатта, у эзгу ниятли бўлиши керак. Бундай сериаллар томошабинни аввалги ҳолидан озгина бўлсин яхшироқ бўлишга ундаши, ёшларни эса чинакам инсон ўлароқ шаклланишида кўмаклашиши лозим.

Мақсуд Жонихонов, журналист:

— Хориж, айниқса, замонавий турк сериалларидаги тасвирларни кўриб, одам уялиб кетади баъзан. Масалан, «Севги изтироби»нинг бир-икки қисмини кузатиб, ҳайратда қолдим. Қиз ака-укаси, ота-она даврасида бемалол очиқ-сочиқ ўтиради. Ҳаётидаги муаммоларини икир-чикиригача айтади.

Оилага хиёнат – бу сериалнинг асосий мавзуси. Фильм қаҳрамони эри бўла туриб, бемалол унинг кўз олдида бошқа билан хилватларда юриши, кўнглига сиққанини амалга ошириши, бир ишнинг тайини йўқ, аммо ҳашамат ичида яшаши бизнинг ёшларимизга қандай таъсир қилаяпти экан? Шундан бўлса керак, бугун мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари ўртасида қиз талашишлар ортидан пичоқлашишлар келиб чиқмоқда, бир кишини гуруҳ-гуруҳ бўлиб дўппослаш авж олаяпти.
Экранга олиб чиқилаётган ҳар битта тасвирда тарбия ва ибрат бўлмас экан, у бузғунчиликка хизмат қилаверади.

Мана шу сериалларнинг ўрнига бир пайтлар ўзимизда ишланган «Гирдоб», «Ичкуёв», «Абадият қонуни» каби машҳур видеофильмларни берса бўлмасмикан, деб ўйлаб қоламан.

Муҳайё Йўлдошева, филолог:

— Сериаллар мунтазам, бир неча ой давомида бир вақтда қўйиб борилгани учун инсонни бошқара олиш, ўзига эргаштириш, дунёқарашни ўзгартириш имконига эга. Ҳар бир сериал телевидение ходимлари томонидан жуда эҳтиёт бўлиб, минг чиғириқдан ўтказилиб танланиши шарт!

Афсуски, яқин ўн йилдан бери бу олтин қоида унутилди. Телеканалларимизни Лотин Америкаси, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Покистон, Туркия сериаллари эгаллаб олди.

Мен турк сериалларига тўхталмоқчиман. Нега? Чунки бу миллат бизга ҳам тили, ҳам дини жиҳатдан яқин – қардош ҳисобланади. Биз Бразилия ёки Мексика сериалларидаги удумларга эргашмаймиз. Аммо илдизимиз бир бўлган турклар ишлаган сериаллар ҳақида бундай енгил гапира олмайман. «Зерда», «Келин», «Ишкомли уй», «Хиноли қор», «Осиё», «Истанбуллик келин», «Севги изтироби»… Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Афсуски, мана шу сериаллар севги деб ота-онаси юзига оёқ босадиган қизлар авлодини, бу йўлда оридан-да кечадиган йигитлар сафини шакллантириб бўлди. Сериаллар нимага ўргатяпти – севдингми, севгинг учун ҳар қандай усул билан бўлмасин кураш, бу мумкин, бу уят, номус, зино эмас, демоқда!

Абдулҳай Отахўжаев, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Кинотеатр» телеканали бош муҳаррири:

— Сўнгги йилларда ишланаётган турк сериаллари туркиялик томошабинларнинг ўзларини ҳам қониқтирмаяпти. Кино – ижод маҳсули. Унда бўрттириб, ошириб кўрсатиш ҳолатлари бўлиши табиий. Туркия Европага яқин давлат. Табиийки, бу сериалларда ҳам сезилади. Аммо Туркияда яшаётган одамларнинг ҳаёти кинодагидек эмас.

Инсон кино кўрганида ўша мамлакат ҳақида унда тасаввур пайдо бўлади. Ранг-баранг сериалларни намойиш этиш яхши албатта. Чунки уларни кўриб, яшаш тарзимизда, маданиятимиз, маънавиятимизда фарқ борлигини ҳис қиламиз.

Айни кунларда бизнинг каналимиз орқали «Жасур ва Гўзал» сериалини намойиш қилиш бошланди. Иложи борича ихчамлаштириб, ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилмайдиган жиҳатларини беришга ҳаракат қиляпмиз. Аммо баъзида хусусий каналларга отилаётган тош бизларга ҳам келиб тегаётгани одамни ранжитади.

Наврўза Бийназова, «ZO`R-TV» телеканали бош муҳаррири:

— Айни кунларда бизнинг телеканалимиз орқали «Севги изтироби» номли турк сериали намойиш этилмоқда. Ушбу сериал сюжети жуда ҳам қизиқ бўлганлиги боис томошабинлар меҳрини қозонди. Сериал бизгача Россия, Қозоғистон сингари мамлакатларда намойиш этилган, тўлиқ варианти интернет тармоғига ҳам жойлаштирилган.

Бу фильмни «Ромео ва Жульетта»га ўхшаш томонлари бор. Яъни, икки ёшнинг севгисини деб, иккита оиладаги инсонлар тақдири вайрон бўлади. Тўғри, севги ёқимли туйғу, ҳар бир инсон севган кишисига етишишни истайди. Бу сериални намойиш этишдан мақсадимиз, мухлисларга ҳаётда севгидан ҳам кучли туйғулар, қадриятлар борлигини англатишдан иборат.