Андижонда яна битта табиий газ кони аниқланди

0

Яқин кунларда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида яна бир газ қудуғи ишга туширилади. Маълумки, ўтган йил ноябрь ойида Булоқбоши тумани Учтепа қишлоғи ҳудудида табиий газ кони топилгани ҳақида хабар тарқалган эди, деб ёзмоқда ЎзА.

Мамлакатимизда нефть, табиий газ захираларини аниқлаш, геология-қидирув ишларини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса янги-янги ер ости бойликлари захираларини аниқлаш имконини бераётир.

“Ўзнефтгазқазибчиқариш” акциядорлик жамиятининг “Андижоннефть” ҳамда «Қўқон пармалаш ишлари» акциядорлик жамиятлари мутахассислари томонидан олиб борилган геология-қидирув ишлари натижасида Булоқбоши тумани Учтепа қишлоғи ҳудудида табиий газ кони мавжудлиги аниқланиб, белгиланган тартибда қазиш ва пармалаш ишлари амалга оширилди.

4.JPG

– Ҳудудда тўртта қудуқ қазилди, – дейди “Андижоннефть” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси М.Давлатов. – Бугунги кунга келиб, 3-қудуқ ишга туширилди. Мазкур қудуқ орқали айни кунда 80-90 атмосфера босими миқдорида газ қазиб олинмоқда. Яна бир қудуқни ишга тушириш бўйича зарур ишлар олиб борилаётир.

Қазиб олинаётган газ эса, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг Андижон вилояти газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

Ҳудудда мавжуд ер ости табиий газ захираларини аниқлаш мақсадида геология-қидирув ишлари давом эттирилмоқда.