«Билайн» ва «Юселл»га огоҳлантириш хати берилди

0

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан Хоразм вилояти ҳудудида мобил алоқа операторлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати юзасидан келиб тушаётган мурожаатлар белгиланган тартибда ўрганилиб, кўриб чиқилмоқда, дейилади инспекция хабарида.

Хабарда келтирилишича, аҳоли кам истиқомат қиладиган ҳудудлар мобил алоқа билан тўлиқ қамраб олинмаганлиги, бу эса ўз навбатида, ушбу ҳудудлар аҳолиси томонидан бўладиган мурожаатлар сонининг кўпайишига олиб келаётганлигини инобатга олган ҳолда мобил алоқа операториларга мазкур ҳудудларда янги таянч станцияларини ўрнатиш юзасидан таклифлар киритилган.

Инспекцияга келиб тушаётган мурожаатлар бўйича 2017 йил давомида мобил алоқа операторларига, жумладан «Unitel» МЧЖ (Beeline) га иккита кўрсатма, битта огоҳлантириш хати ва корхона айби билан юзага келган мурожаатлар бўйича 9 та хат чиқарилган, «Coscom» МЧЖ (Ucell)га битта огоҳлантириш хати ва 6 та хат тақдим этилди ва уларнинг ижроси таъминланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ва меъёрий ҳужжатлари талаблари бузилганлиги учун «Unitel» МЧЖнинг Ғарбий ҳудудий филиали масъул ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 153-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасидаги энг кам ойлик иш ҳақининг 1 (бир) баробари миқдорида жаримага тортилди.