КИЛЛЕР… (15-қисм. ИККИНЧИ ФАСЛ)

0

 

 

***

Энди барибир бу милтиқни ишончли ерга беркитиб қўйгани маъқул. Ўнида милтиқ билан юриш нақадар хавфли эканини у яхши биларди.

Узоқ изғиб жой қидирди. Ниҳоят топди. Анҳор ёқалаб юрганда эллик қадамча наридан. Ўша ерда бетондан қурилган ташландиқ уйча бор экан. Ҳеч ким кирмагани учунми, ичкариси қумурсқа-ю хас-хашакка тўлиб кетибди. Айни муддао бўлди. Вали милтиқни кимдир ташлаб юборган эски костюм топиб ўради-да, хашакларни бир ерга тўплаб ўша ерга беркитди. Ҳар эҳтимолга қарши устига қўлида тупроқ ташиб сепиб чиқди. Ана энди бу ерда милтиқ борлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаслиги аниқ. Қолаверса, ўзиям ахлатхонада яшайди. Барибир ҳар куни кўз ташлаб туради. Биронтаси яқинлашиб кўрсин-чи!..

Секин уйчадан чиқиб ахлатхона томон йўл олганди, идишлар рўпарасида турган нотаниш эркакни кўрди. Эркак уни узоқдан кузатиш билан овора эди. Индамай, ҳеч нарса бўлмагандай бораверди…

— Ҳой бола, қани, яқинроқ кел-чи! — буюрди эркак мулойимлик билан.

Вали аввал унга синчковлик билан тикилиб қаради. Соқоллари ўсиқ, эгнида эскириброқ қолган чарм куртка. Кўз қарашлари бойқушники каби совуққон. Бўйи жуда ҳам баланд…

Ҳар эҳтимолга қарши тагига тўшалган кўрпача остидан рогаткасини олволди. Билиб бўладими, бирдан ташланиб қолгудай бўлса…

— Оббо, жавр бўпти-ку сенга, бола!.. — негадир бош чайқаб аравача четидан тутди у. — Қаерда турасан?

— Ҳеч қаерда. — совуққонлик билан жавоб қилди Вали.

— Бу нима деганинг? Уйинг, ота-онанг бордир?

— Йўқ.

— Бай-бай-бай-й!.. Унда… Кўчада ётиб юрибсан экан-да-а?..

Вали индамай бош эгди.

— Ҳалитдан кузатиб турибман… Ҳа майли, хафа бўлма. Бу дунёда етим битта сен эмас… Мана, менам сендан қолишмайман!..

— Сиз… Сизам етиммисиз?

— Ҳа энди… Етим бўлмасам ҳам, ҳарқалай, сенга ўхшаб уйим, бола-чақам йўқ…

— Қаерда турасиз? — қизиқсиниб сўради Вали бироз жонланган кўйи.

— Қаерда турасиз дейсанми?.. Ҳов анави кўчанинг бошида бир уй бор. Э, зўр жой. Ўша ерда… Агар ишонсанг, шоҳлардай ҳаёт кечираман. Ўша ерга сениям оборайми?..

— Э, менга шу ер ҳам бўлаверади.

— Унақа дема!.. Менминан юрсанг, кам бўлмайсан. Катта қиморлар ўйналади у ерда, аҳмоқ!..

— Қимор?.. — бирдан Валининг кўзлари чақчайди. — Ростданми? Мен қиморга жуда қизиқаман.

— Ана, кўрдингми? Кўнглингдагидай уй экан демак!.. Кел, танишиб қўяйлик! Мени Толмас амаки деб чақирасан. Ўзингнинг исминг нима?

— Вали.

— Оббо Валижон-эй, Худо сени оёқдан қисгани ёмон бўпти!.. Хафа бўлма, ҳаммаси ўткинчи. Буниям йўлини топса бўлади.

— Нимани, амаки?

— Оёғингни айтаман…

— Оёғимни тузатса бўладими?

— Албатта бўлади. Фақат сен менинг айтганимдан чиқмай юрсанг… Хўш, розимисан?

Ҳеч қачон оёғи соғайиши мумкинлигини тасаввур қилмаган боланинг юраги тезроқ уриб ҳаяжонга тушиб қолди.

Наҳотки? Наҳотки, унинг оёғи соғайса? Ўз оёқлари билан юра олса?..

Толмас аканинг кетидан тез-тез кетиб бораркан, шу саволлар миясида қайта-қайта айланаверди. Лекин орқада қолган бетон уйчага ора-сирада кўз ташлаб қўйишни ҳам унутмади…

 

***

Ҳовли жуда тор эди. Тўрт томонида кичкина-кичкина хоналар. Уларнинг ҳам сувоқлари кўчган. Анчадан бери таъмир кўрмаганини Валидек ёш бола ҳам тез англаб етди…

Хоналардан бирига киришди. Остонага бетон қуйилгани боис баландроқ экан. Толмас ака аравачани даст кўтариб ичкарига киритиб юборди…

Ўртага хонтахта қўйилган. Хонтахта атрофида икки эркак мудраб ўтиришарди.

Бири эллик ёшлар оралиғида. Соқол қўйиб олган. Гоҳи-гоҳида иягини силкиб-силкиб қўяди.

Иккинчи эркак ёшроқ. Борган бўлса, қирққа боргандир. Бироқ унинг ҳам сочлари шеригиники каби оқариб кетган. Фақат соқоли йўқ. Билаклари йўғон, кенг елкали…

 Кўз қарашлари хунук экан.

Кирганданоқ ўшаниси Валига ёқинқирамади.

— Қани, оқсоқол, танишинглар! — баланд овозда уларни уйғотди Толмас ака. — Манави болани ахлатхонадан топиб олдим. Бир кунимизга яраб қолар дедим-да!.. Э, раҳмим келди аҳволини кўриб!.. Уйингизда… Бизминан яшаб турса…

Вали шундан кейин оқсоқол деганлари уй эгаси эканини билди.

— Хў-ўш, қани, қўлни бер-чи ота ўғил! — соқолли эркак ўрнидан туриб Валига қўл узатди. — Маладес! Отинг нима?

Вали исмини айтди.

— Яхши, мени Оқсоқол амаки деб чақиравер! Бу амакинг эса, Полвон!..

Танишув онлари ниҳоя топгандан сўнг Толмас ака Валини авайлаб аравачадан тушириб олди ва орқасига болиш қўйиб кўрпачалардан бирига ўтқазди.

— Аввал қорнингни тўйғаз! — деди у дастурхондаги қотган-қутган нонларни, пиёладаги шакарни яқинроқ қўйиб. — Ҳозир чой ҳам дамлаб бераман…

Вали нонлардан пича тотинган бўлиб пиёлага қуйилган чойни ичди.

Ичкаридаги бадбўй ҳид нафас олишига халал берарди. Буни энди-энди ҳис эта бошлади. Шунга қарамай, хўриллатиб-хўриллатиб чой ичаётган Толмас акага мамнун қараб қўйди. У ҳам пайқаган каби Валига баъзан жилмайиб қўяр, шерикларига “Қара, зўр бола экан!” дегандек сўзсиз ишора қиларди…

 

***

Кечга бориб уй одамга тўлди. Дастурхон устига аввал ичкилик, турли газаклар қўйишди. Албатта, ҳамма ишни Толмас ака бажарар, Оқсоқол ёнбошлаб олганча, йиғилганлар билан астойдил суҳбат қурарди…

Ҳаммаси тайёр бўлгач, ичкилик бошланди. Валини аравачасига қайтадан ўтқазиб қўйишганди. Бир чеккада ўтирганча эркакларнинг ичкилик ичишларини томоша қилди. Баъзилари пиёладаги ароқни худди сувдай симирар, газак ҳам қилиб ўтирмай, яна қуйиб беришини сўраб пиёлани Толмас аканинг олдига суриб қўярди. Баъзилар эса, икки марта бўлиб ичарди. Кетидан помидор чайнарди…

— Вей бола, —ўтирган еридан бақирди Оқсоқол. — Озгина оласанми-а?..

Вали унга жавобан кулиб қўйди. Тўғриси, унинг ҳам шу зормандадан татиб кўргиси келиб ўтирганди. Анчадан бери қизиқарди. Шунинг учун ёнидаги йигит узатган пиёлани қайтариб ўтирмади. Шартта қўлидан олди-да, кўзларини юмиб кўтарди…

Жуда аччиқ нарса бўларкан. Етиб борган ерини куйдириб ўтди-ёв!.. Ҳатто, бир муддат нафас ололмай ҳиқиллаб ўтирди. Шунда кимдир қўлига помидор тутқазди. Помидорни чайнаб егандан кейин сал ўзига келиб пиёлани қайтадан Толмас акага узатди.

— Маладес, эркак! — қичқирди Оқсоқол. — Ҳақиқий эркак мана мундай бўпти!.. Менга қаранглар, жўралар, бу йигитчани Толмасвой ахлатхонадан топиб олибди. Энди бизминан яшайди. Чўталчи қилиб қўяман!

Бу гапи кимларгадир ёқмади шекилли, ўзларича ғудраниб қўйишди. Охири Оқсоқол тинимсиз Қийшиқ деб мурожаат қилаётган кўзлари ғилайроқ бир йигит гап ташлади.

— Энди кўпроқ пул йиғишнинг йўлини топибсиз-да-а, Оқсоқол?!.

— Вей, сенга ким қўйибди гапиришни? — кайфи ошиб қолган Оқсоқол даст ўрнидан туриб Қийшиқнинг ёқасидан бўғди.  — Ўзинг кимсан-у, яна гапирасанми? Ҳозир…

Толмас ака эпчиллик билан Оқсоқолни елкасидан ушлаб турғазди.

— Қўйинг, ака, шу мишиқиминан тенг бўласизми? Гапирса гапириб ўлмайдими?!. Ҳозир ошиқ тепганда кўрамиз тили бурро бўлишини. Биласиз-ку!..

— Бўпти, қани, ичкиликни йиғиштир ҳамманг! Ўйинни бошлаймиз!..

Кўз очиб юмгунча дастурхондаги нарсалар йиғиштирилиб, хонтахта олиб ташланди. Толмас ака югурганча нариги хонага ўтиб, тўрт дона ошиқ келтирди ва гилам устига ташлади…

Биринчи бўлиб Толмас ака тепди. Омади келмади шекилли, ошиқларнинг биронтаси ҳам тик турмади. Ў кайфи ошгани панд берди. Ишқилиб, жаҳли чиққанидан “Ҳе онангни!” дея сўкинди-ю, бир четга ўтди. Навбат Қийшиқники эди. У билдирмай турганларга кўз ташлади. Ҳаммаси кайфда. Кўзларини қисганча ошиқни кузатишарди…

Қийшиқ пайтдан фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Бунинг устига хона торлиги сабаб у бошидан бу бошигача икки-уч қадам келади холос. У деворга бориб урилиб ёнгинасига ётиқ ҳолда келиб тушган ошиқларни оёғи билан тез тикка қилди. Буни деярли ҳеч ким пайқамай қолди.  Фақат бир четда қиморни қизиқиб томоша қилаётган Вали билди. Англадики, Қийшиқ ғирромлик қилмоқчи. Бирпас индамай турди. Қараса, Қийшиқ астойдил қичқириб тикилган пулларни йиғиш билан овора.

— Ҳа-а!!! Ютдимми?!. Ютдимми?!. Ана шунақа! Қийшиқниям омади бор!..

— Ўлғон! — ўтирган ерида бақириб юборди Вали. — Толмас амаки! У оёғиминан тикка қилди ошиқларни! Ўзим кўрдим!..

— Нима? — Толмас ака ўзига келгандек Қийшиқнинг тепасига келди. — Сен ҳали ғирромлик қилишниям биласанми?..

— Қўлингни торт, қария!.. Бу мишиқи боланг ниманиям тушунарди. Ўлай агар, оёғимни теккизган бўлсам…

— Ўш бола ёлғон гапирмайди!.. Қани, буёққа юр, кунингни кўрсатиб қўяман сени!..

Толмас ака Қийшиқни судраб ташқарига олиб чиқиб кетди. Оқсоқол гандираклаб келганча, Валининг пешонасидан ўпиб қўйди. Аммо Қийшиқнинг тарафдорлари ундан кўз узмай, нафрат аралаш қараб туришарди…

Орадан ярим соатлар ўтиб Толмас ака Қийшиқни ичкарига судраб кирди. Шу жанжал баҳона қимор ҳам тўхтаб, ўтирганлар кайфи тарқаган кўйи хомуш тортиб қолишганди.

Толмас ака Оқсоқолнинг имоси билан башараси қонга бўялган Қийшиқни ўртага олиб ўтди.

— Тошканда қимор деганига ғирромлик сиғмайди. Буни билардинг-а? — Оқсоқол Қийшиққа яқин келиб елкасига қўлини қўйди. — Ўзинг ўзингга ташвиш орттирдинг, акаси! Энди бу айбингни қандай ювмоқчисан?..

Қийшиқ бош эгган кўйи шерикларига бир-бир қараб қўйди.

— Бошқатдан ўйнаймиз.

— Яхши. Бироқ… Ҳа майли, бунисини кейин гаплашармиз… Қани, ошиқларни қўлингга ол!..

Қийшиқ итоаткорона юриб бориб уй бурчида сочилиб ётган ошиқларни қўлига олди ва ҳаммасини тик ҳолда хона ўртасига ўрнатди.

— Қанча тикасан? Тикиш сендан!.. — деди Оқсоқол Толмас акага кўз қисиб. — Пулинг борми ўзи?

— Хафа қиляпсиз, ака! — ғудранди Қийшиқ. — Пулим бўлмаса, қиморхонангизга қадам босмайман. Мени ўзингиз яхши биласиз.

— Илгари билардим сени. Жуда ҳалол ўйнардинг. Билмадим, бугун нима жин урди сенга!.. Хўп, қанча тикасан?

Қийшиқ бирпас ўйланиб турди-да, ҳаммага эшиттириб тикаётган пулининг миқдорини маълум қилди.

— Бир милён!..

— Ё алҳазар!.. — ўтирганлар бирдан оҳ тортиб юборишди.

— Гапинг гапми? — сўради Оқсоқол кулимсираб. — Тағин кейин… Гапингдан қайтиб ўтирмайсанми? Ўзингга ёмон бўлади, бола!

— Гапим гап!

— Теп ошиқни!

— Ё Жамшид!..

Афсуски, ошиқлар у айтгандай тик туриб қолмади. Ҳеч бўлмаса, биттаси Қийшиқнинг ишончини оқламади…

Келишилганидек, Оқсоқол навбат олди. Унинг тепиши масалани ҳал қилади. Мабодо иши ўнгидан келмаса, Қийшиқ яна бир ошиқ тепиш имконини олади…

Йўқ, Қийшиқнинг омади чопмади. Қиморда Оқсоқол деб ном чиқарган бу одамнинг тепган ошиқлари баравар тик турди…

Қийшиқ адойи тамом бўлаёзганди… Бошини чангаллаган кўйи анча вақт тек ўтириб қолди…

Уни Оқсоқолнинг овози ўзига келтирди.

— Нимаям қилардик, ука? Буни ўйин деб қўйибди. Энди шерикларингминан маслаҳатлашиб пулнинг иложини топарсан… Сенга бир ҳафта муддат. Келаси Шанба шу вақтда пуллар менинг қўлимда бўлиши лозим. Кечиксанг, фоизи ошиб бораверади.

— Биламан, ака! — шивирлади Қийшиқ. Ва шерикларини ташқарига имлади…

Буларнинг ҳаммасини Вали бир четдан кузатиб ўтирар, қиморбозларнинг тортишишлари, бировининг ютқазиб оғир аҳволга тушиши янада қизиқишини орттирар, “қанийди яна ўйин бўлса,” деган хаёл билан ҳаммаларига бир-бир умидвор тикилиб қўярди…

Йўқ, ўйин жуда совуқ ниҳоя топди. Бунақаси баъзи-баъзида содир бўлиб туришига қарамай, барибир қиморбозлар ўртасига совуқчилик тушиб, сўзсиз, бир-бирларига нафрат билан тикилган кўйи тарқалишди…

— Хўш, болакай, ўйин сенга ёқдими? — Толмас ака уйда ёлғиз қолишгач, Валига юзланиб сўради.

— Зўр экан! — деди ҳовлиқиб Вали. — Энди қачон ўйнайсизлар, амаки?

— Эндими?.. Шошилма, бу ерда эртага бугунгисиданам зўр ўйин бўлади. Қўқонлик қиморбозлар келишади!

— Улар яхши ўйнайдими?

Бу саволни эшитиб Толмас аканинг ранги бирдан ўзгарди.

— Бекорларни айтибсан! — деди Валига қаттиқ тикилиб. — Қимор ўйнашда тошканликка етадигани йўқ. Кўрасан, уйим пулга тўлмаса, отимни бошқа қўяман!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ