Ислом Каримовни бошқа давлат раҳбарларидан нима ажратиб турарди?

0

1998-2000 йилларда Ислом Каримовнинг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган ва у кишини яхши таниган Нарзулла Жўраев биринчи президентни хотирлади. Facebook’нинг Ислом Каримов фонди саҳифасида у Ислом Каримовни бошқа давлат раҳбарларидан ажратиб турадиган хусусиятларига тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра,  биринчи президент билан музокарага киришадиган одам олдиндан тайёрланиб бирор нарсага эриша олмасди. Ислом Каримовда прогнозлар салоҳияти шу қадар кучли эдики, муайян жараёнларнинг бориши натижасини олдиндан кўра билар эди. Дунё воқеаларини ҳам, мамлакатнинг ички ҳаётидаги ислоҳотлар жараёнларини ҳам бевосита олдиндан пайқар эди ва прогноз қила оларди. У ана шу фазилати билан бошқа давлатлар раҳбарларидан фарқ қиларди.

«Масалан, 1995 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Ашхобод саммити бўлди. Бу саммитни Туркманистон раҳбари Сафармурод Ниёзов бошқарарди. Эндигина мустақил бўлганимизга 4 йил бўлган Озарбойжон, Марказий Осиё давлатлари – ёш давлатлар раҳбарлари иштирок этаётган саммитда ном чиқарган давлатлардан Эрон билан Туркия раҳбарлари ҳам иштирок этишган. Уларда гўёки катта оғалар сингари бошқа республикаларга раҳнамолик қилиш, уларнинг қандайдир кўрсатмалари асосида яшашмиз керак қабилидаги ўзаро манфаатлар рақобати пайдо бўлганди ва икки давлат раҳбари сиёсий таъсир ўтказиш ҳамда сиёсий имидж борасидаги ўзаро курашлар давом этаётганида бирданига Ислом Абдуғаниевич «Бир оғиз гапирсам, майлими?» деган ва албатта унга сўз берилган.

«Бу ерда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти давлатлари раҳбарлари тўпландик. Демак, биз фақат иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишимиз керак ва ана шу ҳамкорлик доирасида ижтимоий-маданий ҳамкорлигимизни йўлга қўйишимиз керак, деб ўйлайман. Агар бизнинг учрашувимизга кимдир сиёсий тус бериб, аллақандай сиёсий имиджлар, сиёсий рейтингларни даъво қиладиган бўлса, бутун масъулиятни зиммамга олиб айтаманки, Ўзбекистон делегацияси зални тарк этади».

Бу жуда катта жасорат эди. Бу ҳар қандай давлат раҳбари айтишга жазм қилавермайдиган гап эди. Ислом Каримовнинг ана шундай фавқулодда жўшқинлик қудратини намойиш қила оладиган имкони бор эди. У киши адолат тарафдори эди».

Нарзулла Жўраев яна бир қизиқ воқеани ёдга олди: «Толибонларга қарши кураш коалицияси фаолият юритаётган бир пайтлар стратегик шериклик тўғрисидаги шартномага мувофиқ, Қашқадарёнинг Хонободидан АҚШнинг қароргоҳига бир жой берилди. Ана шунда бирданига Москванинг НТВ телевидениеси «Толибонлар Амударёдан ўтиб, Термизни эгаллаб олишди. Ўзбекистонда уруш бошланиши муқаррар», деган иғво тарқатди.

Ислом Каримов бу воқеага гўёки мутлақо эътибор бермагандек бўлди. Эртаси куни махсус самолётда Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий журналистлардан иборат катта делегацияни Термизга олиб борди. Уларни ҳам меҳмон қилди, ҳам Термизни саёҳат қилдирди ва ўша ердан тўғридан-тўғри баёнот берди: «Қани толиблар? Топиб беринглар менга…» Ўша ерда Россия дипломатик корпуси ҳам турибди, ўша НТВ вакили ҳам турибди. Мана сизга сиёсий дипломатия! Бу энг таъсирчан, энг самарали усул. Кейин меҳмонларни қолдириб, ўзи чегарачилар билан учрашувга борди. «Бутун Ўзбекистон болалари – менинг болаларим» деган гап унинг ҳаётининг мазмуни эди. Бақувват чегарачиларни кўриб, «Менинг шундай полвонларим бор экан, чегарамиздан пашша ҳам хатлаб ўта олмайди» деган. Сўнгра Ҳайратон кўпригига борган. Ҳайратон – Ўзбекистон билан Афғонистонни боғлаб турувчи ягона кўприк. Шу ерга келиб «Хўш, толиблар шу кўприкдан ўтадими? Ўтиб кўрсин-чи, мен кўрай ўтганини! Агар толиблар шу кўприкдан ўтадиган бўлса, мен унга кўндаланг ётиб оламан – олдин мени босиб ўтсин, кейин юртимга киради» деди. Мана президентнинг ватанпарварлик туйғуси!».

Бундан ташқари, собиқ давлат маслаҳатчиси Ислом Каримовнинг мақтовни ёқтирмагани ҳақида айтди: «Бир маърузани кўздан кечириш давомида матнда ўзига берилган таърифлар орасида «академик» сўзини ўқиб, «Яхши ёзибсиз, лекин мендан доҳий ясаманг, сизлардан илтимос – мен доҳий эмасман, халқ сайлаган президентман» дедилар. У кишига ана шундай камтарлик хос эди, унда «Бу дунёга бир хизматчи бўлиб келганман» деган фикр етакчилик қиларди. Бу барча давлат раҳбарида учрайдиган хусусият эмас. Ислом Каримов феноменида камтарлик билан улуғворлик, мулойимлик билан қатъиятлилик, талабчанлик, қаттиққўллик ва принципиаллик билан мурувватлилик, меҳрибонлик қоришиб кетган идеал сиймо мужассам эди».

Ислом Каримов деган исм-фамилия – битта паспорт ва бир фуқаро доирасидан чиқиб кетган, “ўзбек”, “Ўзбекистон”, “Мустақиллик” деган тушунчалар билан қоришиб кетган бир қадрият. “Ўзбекистон” сўзидан “Каримов”ни ажратиб бўлмайди. Мустақиллик деганда албатта Ислом Каримов тушунилади, дейилади видеода.

“Президент Каримов халқимиз учун янги цивилизация даврини бошлаб берди. Цивилизация чўққига чиқиши учун камида 200-300 йил вақт керак бўлади. Миллат қачонки мустамлакачиликдан озод бўлиб, ўзини қадрият сифатида тушуна бошладими, бу цивилизациянинг бошланиши ҳисобланади. Янги ўзбек цивилизациясини бошлаб берган буюк тарихий шаҳс сифатида Ислом Каримовнинг номи ҳеч қачон ўчмайди”, – дея фикрига якун ясайди Нарзулла Жўраев.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: