Май ойида Тошкент шаҳри яна бир катта ўзгаришни қарши олади. Бу…(+Фото)

0

Ҳукумат фармойиши билан пойтахтимизнинг Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида умумий узунлиги 667,5 метр бўлган замонавий йўл ўтказгични қуриш ишлари бошлаб юборилган эди. Қисқа фурсатда тажрибали кўприксозлар ушбу иншоотда кенг кўламдаги ишларни амалга оширди. Бу ҳақда жума куни «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар тарқатди.

Маълумки, Бунёдкор шоҳкўчаси Тошкент шаҳрининг энг узун, жанубий ва шимолий қисмларини боғлайди. Мазкур йўналишда доим автомобиллар қатнови тирбанд. Магистралда жами 9 та йўл ўтказгич мавжуд бўлиб, май ойида уларнинг сони яна биттага кўпаяди.

“Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган режага кўра, бунёд этилаётган иншоот 6 та йўлакдан иборат. Замонавий йўл ўтказгич эстакада қисмининг узунлиги 488,5 метр бўлиб, баландлиги 8, кенглиги эса 24,5 метрни ташкил этади.

Йирик иншоот жами 23 та устун оралиғида барпо этилади. Умумий узунлиги 124 метр бўлган иккита пиёдалар ўтиш кўприги қурилади. Янги бунёд этилаётган йўл ўтказгичнинг ёритиш тизими ҳам жаҳон андозаларига мос равишда барпо этилади.

Ҳозирги кунда 10 та таянч устунининг пойдевор ишлари тугатилди. Айни пайтда устки каркас ўрнатиш жараёнлари амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар бу ерда 2 625 куб метр тупроқ, 12 070 куб метр бетон ишлари бажарилди. Бунёдкорлик жараёнига 30 дан ортиқ техника, 250 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи жалб этилган.

Жорий йилда “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси томонидан 7 та кўприк ва йўл ўтказгич қуриш режалаштирилган. Дастлабки бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган.

 

manba: UzA

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: