Ҳинд киноюлдузи Шри Деви ваннага чўкиб кетгани маълум бўлди

0

Болливуд юлдузи – актриса Шридевининг ўлимига нима сабаб бўлгани айтилди, деб хабар қилмоқда India Todayга асосан Даракчи нашри.

25 февраль куни қариндошининг тўйида қатнашиш учун Дубайга келган машҳур ҳинд актрисаси Шридеви 54 ёшида юрагининг тўхтаб қолиши натижасида оламдан ўтди.

Ўлим ҳақидаги гувоҳномада кўрсатилган маълумотларга кўра, Шридеви бахтсиз ҳодиса натижасида ҳаётдан кўз юмган – у чўкиб кетган. Баъзи ОАВнинг аниқлик киритишича, актриса ваннага йиқилиб тушганидан сўнг юраги тўхтаб қолган. Шунингдек иддао этилишича, Шридевининг қонидан алкоголь излари топилган.

Шридеви 50 йиллик ижоди давомида 300 та фильмда суратга тушган. 2013 йилда Ҳиндистоннинг нуфузи жиҳатидан тўртинчи ўринда турувчи Падма Шри олий мукофоти билан тақдирланган.

Шридевининг Болливуддаги дебюти – 1979 йилда тасвирга олинган “16чи баҳор” фильмидаги ролидир. 1983 йилда эса у “Шок” фильмида суратга тушиб, Ҳиндистон киносаноатида ўз изини қолдирди.

Актриса вафоти муносабати билан Болливуд юлдузлари ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳамдардлик билдиришди.