Фокачча (италянча нон)

0

Фокачча – ичи ва устига турли хил асослар солинадиган, жуда мазали италянча нон. Асос сифатида сабзавотлар, қўзиқоринлар, пишлоқ, хушбўй ўсимликлар ва денгиз маҳсулотларидан фойдаланса бўлади.

Фақат фокаччага кўп зайтун ёғи қуйилиши ва аямасдан денгиз тузи қўшиш усулигина ўзгармайди.

Фокачча учун хамирни италян ошхонасининг таниқли бош ошпази, Жейми Оливернинг устози ва дўсти – Женаро Конталъдо ретсепти бўйича пиширамиз.

Хамиртуруш совуқ сув билан аралаштирилади. Тўғри, сув совуқ бўлса хамирнинг ошиши бироз қийинлашади, аммо бу нонга ўзгача таъм беради.

Элаб олинган унга туз ва бир ош қошиқ зайтун ёғи қўшилади.
Сўнгра ачитқи солинган сув қуйилиб, хамир қорилади.

Хамир ун сепилган юза ёки стол устига қўйиб 10 дақиқа давомида яхшилаб муштланади.

Хамир усти озиқ-овқат пелёнкаси билан ёпилади ва устидан сочиқ ёпиб қўйилади.
40 дақиқага тиндиришга қўйилади. Бу вақт мобайнида хамир икки ҳиссага кўтарилиши керак.

Тўртбурчак шаклдаги газ патниси олиниб, зайтун ёғ суртилади ва устидан буғдой ёрмаси сепилади.
Хамир патнис устига солиниб, бир текисда ёйилади.

Хамир устининг ҳамма жойи ўйиб чиқилади ва қолган зайтун ёғи сепилади.
Устига ўртасидан кесилган помидорчалар, зайтун ва розмарин баргчалари чиройли териб чиқилади.
Ошхона сочиғи иссиқ сувга ботириб олинади ва пишириқ усти 45 дақиқага ёпиб қўйилади.

Сўнгра нон устига йўғон денгиз тузи сепилади ва 200 C даражагача қиздирилган печда 20-25 дақиқа давомида пишириб олинади.
Пишган нон устидан яна зайтун ёғи қуйилади ва кесиб тановвул қилинади.

 

manba: zira.uz