“Ғаройиб ҳодисалар изидан”: “АЖИНАНИНГ ҚАЛТИС ҲАЗИЛИ…”

0

 

Тоштемир ака бутун умр тракторчилик қилиб кун кечирди. Дастлабки йилларда колхознинг пахтасини пунктга ташиди. Кейинроқ раиснинг назарига тушдими, унга янги трактор беришди. Экин майдонларини культивация қиладиган бўлди. Ҳар бир куни, ойи, йили тинчлик-хотиржамликда, шириндан-шакар фарзандларининг оғушида кечди. Аммо Олтой беришгандан сўнг…

Боши ташвишдан, юраги ваҳимадан аримай қолди. Чунки, бу трактор туну-кун ерни ағдариб ҳайдаши, молага тап-тайёр қилиб улгуриши лозим. Ер майдонларининг аксарияти эса, қишлоқдан четда.

Бир-икки маротаба трактор чироғи ёруғида олдидан қора мушуклар тўдаси ўтиб кетганини кўрди. Кейинги гал итга ўхшаган-у, тумшуқлари беўхшов, қулоқлари узунроқ, калта дум жониворга рўбарў бўлди. Аҳамият бермади. “Кўзимга кўринди шекилли” деб хаёл қилди-ю, ишини давом эттираверди…

Афсуски, сўнгги бор йўлиққан нарса…

Якшанба куни эди. Тоштемир ака тунги соат иккиларга қадар катта бир майдонни ҳайдаб тугатди. Эртанги кунга қолдирса, гап тегарди. Шу сабабли кечки овқатни ҳам йиғиштириб қўйиб ишлади…

Ниҳоят иш тугаб уйқу элта бошлаган Тоштемир ака тракторни майдон четида қолдирди-да, чит рўмолини бўйнига солганча уйга жўнади.

Ҳовлиси майдондан тахминан беш чақиримлар келар, йўлнинг икки ёни қалин тутзор эди…

Бир маҳал юз қадамлар нарида тутлар орасидан қўлида ҳасса тутган, қадди букчайган бир кампир чиқиб келди. Тоштемир ака бир муддат тўхтаб кампирни кузатган бўлди. У ҳам ҳассасига таянганча жим турарди.

—   Ким бўлдийкин? — ўйлади Тоштемир ака чўнтагидан сигаретини чиқариб тутатаркан. — Ярим кечада бу кампр нима қилиб юрибди далада?..

—   Ҳой, болам, қўрқма, келавер! — кампир кутилмаганда сал қаддини ростлаб бир қўли билан Тоштемир акани чорлай бошлади. — Кела қолсанг-чи!.. Нафасларим бўғилиб кетди, болажоним!.. Қўрқма!..

—   Қўрқиб ўлибманми? — ғудранди ўзича Тоштемир ака. — Қўрқсам, шунча йилдан бери кечалари дала кезармидим?..

У шошилмай кампирга яқин борди.

—   Мен адашиб қолдим, болам! — деди кампир. — Узоқдан келаётгандим. Қоронғи кўчаларда адашиб қолдим!..

—   Кимникига келаяпсиз, эна? — сўради Тоштемир.

—   Э, икки қишлоқ нарида бир қиёматли ўртоғим бориди. Шуникига келаяпман.

—   Юринг, мен ёрдамлашаман. — Тоштемир ака кампирнинг қўлтиғидан олишга тутинди. — Чарчабсиз чоғи!

—   Ҳа-а, чарчадим. Лекин оёқларим юришга ярамайди. Барваста йигит экансан, мени кўтариб қишлоқ бошигача олиб бориб қўймайсанми?..

Тоштемир ака кампирнинг мўлтираб турганини кўриб раҳми келди. Шартта опичиб олди-да, йўлга тушди…

Улар чамаси юз метрлар йўл босишди. Кампир ўзича нималардир дея жавраниб борар, Тоштемир аканинг қулоғига бу гаплар негадир кирмаётгандек, бепарво қадам ташларди. Бир маҳал кампир қандайдир бегона тилда гапира бошлади. Қайси тиллигини Тоштемир ака тушунмади… Шунчаки кампирни “Ўзбек эмасга ўхшайди” деб хаёл қилди.

Бу ҳам майлийди. Оёқлари худди лойга ботиб бораётгандек, ўзи кўтариб кетаётган кампир тобора оғирлашиб кетаётгандек туюлиб кетди…

Орқа-олдига қараб кўрди. Ўша дала йўли. Тўғри кетаяпти…

Лой тиззагача етганда чидай олмади. Таққа тўхтади. Азбаройи зўриққанидан пешонасидан қуйилиб келаётган маржон-маржон терлар бўйни оша кийимлари орасига оқиб тушарди.

Тўхтагани ҳамоно устидаги зил-замбилга айланиб қолган кампир овозининг борича кула бошлади.

—   Ха-ха-ха-ха-ха!..

Қўрқиб кетган Тоштемир ака уни жонҳолатда ерга ташлаб юборди-ю, беихтиёр кўзлари мошдек очилган кўйи “Бисмиллоҳир раҳмони раҳим” деб юборди…

Шундан сўнг не кўз билан кўрсинки, йўл бўйидаги суви қуриб қолаёзган зовурда тиззасига қадар лойга ботиб турар, ён-атрофида ҳеч қанақанги кампир йўқ эди…

Тоштемир ака шу кеча уйга бир амаллаб етиб келди-ю, тўшакка михланиб қолди. Турай деса, тиззаларини қимирлата олмас, гавдаси ўзига бўйсунмасди…

Хотини уни бир неча ой дами ўткир домлаларга ўқита-ўқита бир амаллаб оёққа турғазди. Аммо шу кундан эътиборан Тоштемир ака кечалари трактор ҳайдамайдиган бўлди…

У қайтиб ажинага дуч келишни истамасди.

Олимжон ҲАЙИТ