КИЛЛЕР… (22-қисм. ИККИНЧИ ФАСЛ. ОХИРИ)

0

 

 

***

Атроф кимсасиз эди. Ҳавонинг иссиқлигини ҳам, совуқлигини ҳам билиб бўлмасди… Осмон қонга бўялган кўйи қип-қизил…

Вали қаерга келиб қолганини англай олмай, анча вақт кимсасиз биёбонда туриб қолди. Танаси қизиб, нафас олиши қийинлашаётганини, чанқагандан томоқлари қуриб бораётганини ҳис этган сари юрагини ваҳима босарди…

— Қизиқ, оёқ қайдан кеп қолди менга? — энгашиб тиззаларини чимдиб-чимдиб кўраркан, ўзича сўзланди Вали. — Боягина чўлоқ эдим… Аравача қаерга гумдон бўлди?.. Қаердаман ўзи?.. Ким келтириб қўйди бу ерларга мени?..

Шу тахлит туравериш ҳам бефойда. Томоғи қуриб, боши айлана бошлаяпти… Агар яна бирпас турса, ўқчиб юбориши ҳеч гапмас…

Вали эса, болаликдан қусишни ёмон кўради. Қусса, гўёки ўлим топадигандек бўлаверади…

— Э, Худонинг раҳми келди шекилли менга! — кўнглидан ўтказди у узоқ-узоқларга синчковлик билан тикилиб. — Тақдирим шундай экан, демак, бу кимсасиз жойлардан чиқиб олишим зарур. Балки, қаерлардадир одам зоти бордим…

Оёқ остидаги қумлар негадир босган сари одамнинг ғашини келтириб ғижирларди. Айниқса, Вали яланг оёқ бўлгани сабабми, товонига майда-майда тошсимон зарралар ботиб баттар асабини қўзғатарди…

Билмайди, чамаси икки чақиримлар йўл босди-ёв!.. Олис-олислардан учбурчак шаклидаги бино кўзга ташланди. Вали жонланиб чанқаганиниям унутди ва ўша томонга чопди…

Товонлари оғриётганига ҳам қараб ўтирмади. Не қилиб бўлса-да, ўша бинога етиб олиш илинжида бўлди…

Узоқдан кичкина кўринган экан. Аслида бу бино улкан қасрлардан кам эмасди. Дарвозада бўйи икки-икки ярим метр келадиган девсифат эркаклар қўлларида чалғи ушлаганча қотиб туришарди.

Вали қўрқа-писа уларга яқин борган эдики, худди анчадан бери кутиб туришгандек, иккала эркак ҳам унга пешвоз чиқиб қўлларидаги чалғиларни ташлашди-да, қўлтиғидан олишди.

— Сени пушти паноҳимиз қачонлардан бери кутаяпти! — деди эркакларнинг бири. Овози қандайдир ёқимсиз, беўхшов чиққани Валининг шубҳасини баттар оширди.

— Сизлар кимсизлар ўзи? — гавдасини орқасига олишга уринди у. Аммо кучи етмади. Узун, бақувват қўллар билакларини янада қаттиқроқ қисиб олдинга етаклади.

— Сен бизнинг юртларда хор бўлмайсан. — давом этди эркак. — Эҳ, бу ерлар шунчалар яхшики… Мана кўрасан, бир-икки кун яшасанг, умуман кетгинг келмай қолади…

Дарвоза очилгани ҳамоно Валини титроқ босди. Ҳовли умуман йўқ. Ўрнида бир одам сиққулик сўқмоқ. Икки томони баланд ғиштин деворлар билан ўралган…

“Ана энди тамом бўлдим. — кўнглидан ўтказди Вали. — Бир балодан қутулдим, Худо менга қайтадан оёқ ато этди деб қувонганим бир пул экан. Энди мени ростакамига балога гирифтор қилишлари аниқ манави маҳлуқсифатлар…”

Ўйлаганидек, уни темир эшиклардан бирининг рўпарасига олиб келишди.

— Ҳозирча шу хонада ўтира турасан. — деди эркакларнинг бири. — Пушти паноҳимиз чорламагунча индамай ўтириб кутасан. Билиб қўй, бизда бақир-чақир қилиш, тўполон кўтариш мумкин эмас. Жазоси оғир кечади…

Вали индамай хонага кирди. Ичкари ним қоронғи эди. Қандайдир қўланса ҳид келарди…

Эшик шарақлаб ташқаридан ёпилгач, эҳтиёткорлик билан ён верини кузатди. Бурчакда соқоллари ўсиб кетган, елкаси туртиб чиққан бир қария ўтирар, юз-кўзлари қонга бўялган, нуқул йиғларди…

— Нега йиғлаяпсиз, бобо? — эҳтиёткорлик билан қарияга яқин бориб сўради Вали. — Қаер ўзи бу жойлар?..

Қария йиғлашдан тўхтаб Валига боқди.

— Сен нимага келдинг?.. Бор, тез кет!.. Ўш жонингга жабр бўлади, болам!..

У шундай деб полга энгашди-да, қўлига ҳассасини олди.

— Нега қараб турибсан, йигит?.. Кета қолсанг-чи!..

Вали ҳеч нарсага тушунмай елка қисди.

— Қайга борай?.. Ҳозиргина олиб келишди мени!..

— Шунақами?.. Ваҳшийлар!.. Буларда раҳм-шафқат йўқ!.. Менга қара, сен шайтонлар мамлакатидасан… Агар кетишнинг иложини топмасанг, бекорга жувонмарг бўп кетасан.

— Мен ўлганман-ку!.. Яна…

— Бекорларни айтибсан!.. Ўлмагансан. Шунчаки… Қаттиқ ухлаб қолганингдан фойдаланиб, бу ерга келтириб қўйишган сени… Агар айтганимга қулоқ тутмасанг, ростакамига ўласан… Биласанми кейин нима бўлади?..

— Йўқ.

— Ана, кўрдингми, ҳали ғўрсан, ғўрсан!..

Валининг кулгиси келди. Қизиқ, бу қария қаердан олиб гапираяпти бу гапларни?.. Ўзи-чи? Ўзи нега бу ерда ўтирибди йиғлаб?.. Демак, ўзиям ўлган эмас… Хўш, ўзи кетиш ўрнига нега уни ҳайдаяпти?..

— Бобо, сиз-чи? — ниҳоят юрак ютиб сўрашга журъат этди Вали. — Ўзингиз ҳам ўлмаганмисиз?..

— Ҳа, ўлмаганман. Бироқ менга энди барибир. Ўшимни яшаб бўлганман… Ҳали замон жонимни олишга келишади. Шунга… Яқинларимминан хаёлан видолашаётгандим…

— Нимага ҳаммаёғингиз қон?..

— Э, бунинг тарихи узун. Яхшиси, сўрама!..

Қария бир муддат сукутга чўмди. Афтидан, дардини қаршисидаги Валига барибир айтмоқчи бўлдими, асабий қўл силтаб давом этди.

— Болам-ей, мен қиморбоз эдим… Шу… Қиморга кириб ҳали ютқазиш нималигини билмаган одамман… Афсус… Кўролмайдиганлар кўп экан… Ўзимминан шунча йил ошиқ тепиб, ошимни мақтаб-мақтаб еганлар, ароғимни ичган улфатлар ўласи қилиб калтаклашди… Мана, шунинг касрига манави ерда-а ўтирибман…

Бу гапларни эшитиб Валининг нафрати қўзғалди. Ахир, қандай ифлос одамларки, саксондан ошган чолни калтаклаб пулини шилиб олишса?!.

— Бобо, сиз ҳам менминан кета оласизми? — секин сўради Вали. — Айтинг, кета оласизми?..

— Йўқ, нафасим етмайди, болажоним!.. Бўғиламан мен, бўғиламан… Бир ўзинг кетишинг керак…

— Мен қаерга боришни билмасам… Қандай кетаман?..

— Мен сенга йўл кўрсатаман… Ўрдам бераман… Майли, умримда ҳеч бўлмаса сенга яхшилик қилай. Йўқса, армон билан ўлиб кетаман… Қулоқ сол, ҳали замон қоронғи тушади. Ана ўшанда менинг орқамдан юрасан. Ишқилиб, шайтоннинг малайлари сезиб қолишмаса бас… Уёғи яхши бўлади… Тўхта, оёғингга нима қилган?..

Вали ҳайрон бўлиб оёқларини кўздан кечирди.

— Ҳ-ҳеч нима… Мана, жойида турибди… Оёқларим бутун.

— Йўқ, иккала оёғинг ҳам негадир кўринмаяпти.

— Мана турибди-ку, бобо!..

— Э, жа қайсар бола экансан ўзинг ҳам!.. Сенга шундай туюлаяпти холос… Бўпти, пешонага ёзилгани бўлади-да! Қўлингдан нимаям келарди. Оллоҳнинг инояти буям!.. Сабр қилиб яшайверасан энди…

— М-менинг оёқларим бутун… Бутун… Мана, ўзим кўриб турибман…

— Гапни кўпайтирмай, буёғига қулоқ сол!.. — жеркиб берди қария. — Ё кетишни истамайсанми?..

— Билмасам. — Вали бўшашиб полга ўтириб қолди. — Худо изн бермаса-чи?.. Боягина ўзингиз айтдингиз-ку!..

— Изн бериб турибди, ўғлим, бериб турибди!.. Фақат… Ўзинг ҳам ҳаракат қилишинг лозим. Бўшашиб ўтираверсанг, сени кўтариб олиб бориб қўйишмайди…

— Қаерга боришим лозим?..

— Уф-ф…

Қария аччиқланиб Валининг билагидан тутиб турғазди.

— Қаерга бўларди? Асфалософинга эмас ҳарқалай! Ёруғ дунёга қайтасан…

— Йўқ!!! — Вали кутилмаганда силтаниб қариянинг қўлидан чиқиб кетди. — Уёққа қайтишни истамайман!.. Яна… Оёқсиз яшашни истамайман!!!

— Ким сендан сўраб ўтирарди?.. Яшашинг зарурми, вассалом!.. Қани, юр, ана, қоронғи тушиб қолди. Энди орқамдан юравер! Фақат димингни чиқарма!..

Қария уни хона бурчагига судраб борди. Қўли билан деворни сийпалаб-сийпалаб чиққанди, девор икки томонга сурилиб, қаршиларида бепоён кенглик пайдо бўлди. Вали ҳовлиқиб осмонга тикилди. На юлдуз бор, на ой. Бутун осмонни қоп-қора булут қоплаб олибди чамаси…

— Ҳов анави томонни кўраяпсанми? — қария Валига олис-олисларни кўрсатди. — Ўша ёққа қараб югурасан. Бораверсанг, бир кўприк чиқади. Олд томони баланд деворлар билан ўралган. Деворга яқин бориб “Бисмиллаҳир раҳмонир роҳийм!” дейсан. Девор ўз-ўзидан иккига бўлиниб сенга йўл беради. Шошил, анграймай, тезда ўтиб олгин. Чунки, девор бир дақиқагина очиқ туради холос… Уёғини ўзинг тушуниб олаверасан… Чоп, кечикма! Йўқса, ҳадемай анави ярамас малайлар уйқудан уйғониб қолишади!..

Қариянинг “оёқларинг йўқ” деган гапи ҳали кўнглидан чиқмаганди. Вали ишонқирамай, оҳиста югуриб кўрди. Ҳаммаси жойидадек кўринди…

Шундан сўнг орқа кетига қарамай чопиб кетди…

Югурган сари яшашга бўлган иштиёқ кучайиб бораверди…

Ярим йўлга етганда нафаси тиқилиб сал қурса йиқилиб тушаёзди. Аммо ўзини тутиб олиб чопишда давом этди…

Фақат деворга яқин келгандагина кўнгли ағдарилиб ерга юзтубан йиқилди…

 

***

 Вали инқиллай-инқиллай кўзларини очишга уринди. Негадир кўзлари очилмади… Атроф фақат зулматдангина иборат эди… Бирпас нималар бўлганини англашга уриниб кўрди. Ҳеч нарсани эслай олмади… Фақат… Қулоқлари остида кимнингдир майин овози янграгандек бўларди…

Ўнг ёнбошига ўгирилиб олмоқчи бўлди. Аммо оёғи шу қадар чимиллаб оғриди-ки, беихтиёр қичқириб юборди:

—А-а-а-а!..

—Сизга нима бўлди?.. Ўзингизни қўлга олинг!.. Кўзингизни очсангиз-чи!..

Бу овоз унга жуда таниш туюлди. Ҳа, қаердадир эшитган…

Лекин қаерда?.. Анави… Қария… Йўқ, унинг ёнида ҳеч ким йўқ эди… Унда қаерда эшитган…

—Очинг кўзингизни!.. Илтимос, оча қолинг!..

Вали яна кўзларини очиш учун ҳаракат қилиб кўрди. Йўқ, ҳеч нарсани кўрмаяпти. Кўз ўнгида қоронғиликдан бўлак ҳеч нарса йўқ…

—М-мен кўрмаяпман!.. — деди инқиллаб. — Ҳеч нарсани кўрмаяпман!!! Сиз кимсиз?.. Айтинг, кимсиз?..

—Менми?.. Наҳотки, овозимни танимаётган бўлсангиз? Момохолман мен, Момохол!..

—Қайси Момохол?.. Мен бунақа исмни эшитмаганман…

—Ахир… Мерган аканинг қизи…

—Нима?..

Вали қўллари билан пайпасланиб овоз соҳибини қидира бошлади.

—Сиз  бу ерларга қаердан кеп қолдингиз? Кетинг!.. Тез кетинг!.. Бу ерлар шайтон малайларининг макони, тушунаяпсизми?!. Кетинг, ҳали яшашингиз керак!..

—Йўқ, ундай деманг, Вали ака!.. Сиз шунчаки ҳушдан кетгандингиз холос… Жодулаб қўйишганди холос… Унақа гапларни гапириб мени қўрқитманг!.. Мана, муздай сувдан ичинг, ўзингизга келасиз!..

Вали Момохол тутқазган сувдан бир-икки ҳўплагач, ҳақиқатан ўзини таний бошлагандек қўллари билан оёқларини ушлаб кўрди.

— Момохол, оёқларим йўқ, оёқларим қани?!.

Қиз оғир хўрсиниб Валининг тепасига ўтирди.

—Мени қийнаманг!.. Илгариям йўқ эди оёқларингиз. Аварияга учраганингизда кесиб ташлашган экан.

—Кўзларим-чи? Нега кўрмаяпман ҳеч нарсани?..

—Бунисига билмадим… Билмадим…

—Менга қара, Момохол, адашмасам, сен мени ёқтирмасдинг! Нега мени сизлаяпсан?.. Йигитим бор демаганмидинг?.. Нимага ёнимдасан? Мерган акалар қани? Нега улар йўқ?.. Қаердаман ўзи?

—Сиз бизникидасиз… Аввалги гапларимни миянгиздан чиқариб ташланг!.. Аҳмоқ эдим илгари, ҳа, аҳмоқ эдим, Валижон!.. Мана, ўзим сизни айвонга жой қилиб ётқизганман.

—Й-йўқ… Тўхта, менга нима бўлганди ўзи?.. Ҳеч нарсани фаҳмлай олмаяпман!..

—Сиз жоду балосига учрадингиз. Ўша ярамас ҳушингизни олиб қўйган. Сиз… Ўмон одамларнинг қўлига тушиб қолдингиз!.. Базўр опкелтириб олдим бу ерга сизни.

—Қачон?.. Қачон кеп қолдим бу ерга?..

—Бир ҳафта бўлди. Бир ҳафтадан бери ўзингизга келтиролмай ҳалакман. Дўхтир чақирай десам, қўрқдим… Топиб олишларидан қўрқдим!..

—Даданг-чи? Қани Мерган ака?..

Момохол бир муддат жим қолди.

—Дадам қамалиб қолди. — деди ниҳоят. — Ўша… Сиз ҳушдан кетган кунингиз катта миқдорда қурол топишди уйимиздан. Бутун уйни титкилаб ташлашди текширувчилар… Айтишларича, Самад ака деган одам сотиб қўйганмиш дадамни…

—Самад ака?.. Наҳотки?..

Вали ўрнидан турмоқчи бўлди. Аммо гавдасини кўтаришга қурби етмади.

—Ўша… Ҳароми… Вадим акамниям ўлдирган!.. Мерган акани нега сотади?.. У киши ўша ярамасга… Хизмат қиларди-ку!..

—Ҳа, лекин… Охирги марта қуролларни сал қимматроқ сотмоқчи бўлган экан…

Момохол бир қўли билан Валининг сочларини оҳиста силаб, иккинчисини пешонасига қўйди.

—Вали ака, кечиринг!

—Ҳа-а, ундами? Э, мендай ногирон йигитнинг кимгаям кераги бор?.. Хафа бўлганим йўқ ўшандаям… Кўникиб кетганман… Сен… Бекор бу ерга опкелибсан мени… Кўчада қолдириб кетаверсанг, яхши бўларди…

—Иккинчи марта менинг олдимда ўзингизни ногирон деманг!.. Хафа бўламан…

—Хўш, сенга нима керагим бор?.. Мана, буям камдек, кўр ҳам бўлиб қолдим шекилли. Бошингга урасанми мени?.. Ҳа энди йигитлик устун келиб севги изҳор қилсам қилгандирман… Эътибор қилма у гапларимга!.. Ҳалиям бўлса, ўша йигитингдан қолма!..

—У менга керак эмас… Уям анави каллакесарларга ўхшаган бўлади-да!.. Отасининг йўлидан боради-да!.. Қўйинг!.. Мен қасам ичганман… Сиз билмайсиз… Энди бир умр сизнинг ёнингизда бўлишга қасам ичганман… Ҳаммасини ҳал қилиб бўлганман!

—Раҳминг келганидан бўлса керак-да! —деди Вали инқиллаб.

—Бекорларни айтибсиз… Раҳмим келганидан эмас… Сиз… Сиз… Ҳеч кимга ўхшамайсиз… Сизни жуда-жуда қадрлайман!.. Буни ўша куни… Бир ўзингиз юмалаб кимсасиз жойларда қолиб кетганингизни эшитганимдан кейин англаб етдим. Шу сабаблиям ўзингизни танладим. Менга бошқача ҳаёт керакмас… Фақат… Вали ака, қасам ичинг!.. Ортиқ одам ўлдирмайман деб қасам ичинг!..

—Сен ўйлаб гапираяпсанми? Кўр одам қандай қилиб бировни ўлдирсин!?. Кулгимни қистатма!.. Шундоғам аъзойи баданим оғриб кетаяпти. Лекин… Бундай қарорга келганинг чатоқ бўпти…

—Бўлди, бошқа гапирманг!.. Ҳали кўрмагандай бўп кетасиз… Худога шукр, отам менга ажратган пуллар иккаламизгаям бир умр етади… Узоқ-узоқларга опкетаман сизни!.. Ўлдир-ўлдирлардан, қон тўкишлардан нари бўлсак бас… Мен ҳаммасига чидайман…

Валининг кўзларига беихтиёр ёш келди…

Ўпкаси тўлиб келди-ю, шундоқ ёнгинасида Момохолни ҳис этиб ўзини додлашдан базўр тийиб қолди…

Пайпаслана-пайпаслана, қизнинг қўлларини топиб кафтлари орасига оларкан, эшитилар-эшитилмас, пичирлаб қўйди:

—Ҳаммаси яхши тугади-ку, лекин кўзларим ҳам кўр бўлиб қолгани, сенинг жамолингга тўёлмаслигим ёмон-да, Момохол!..

Момохол индамай бошини Валининг елкасига қўйиб, йиғлаб юборди.

Унақа деманг!.. Кўнгил кўзингиз очиқлигига шукр қилинг! Менга ўша кўзингизнинг ўзи етади!.. Яна бир маротаба мени кечиринг!

Тамом.

Олимжон ҲАЙИТ