Лой теккан девор воқеаси

0

Боязид Бастомий ёмғирли ҳавода жума намозига бориш учун уйидан чиқди. Шаррос қуяётган ёмғирдан тупроқ йўл лой бўлиб кетган эди.

Бир уйнинг девори остида паналаб, ёмғир пасайишини кута бошлади. Сўнг лойли пойабзалини деворга суртиб тозалади. Ёмғир секинлашгач, масжид сари юрди. Кетаётиб, бировнинг деворини кир қилгани хаёлига келди-да, юришдан тўхтади. «Ҳовли эгасидан узр, рози-ризолик сўрамай туриб, қандай қилиб жума намозини ўқийсан? Бировнинг деворини лойга белаб, Аллоҳнинг ҳузурида қандай турасан?!» — дея ўз-ўзини сўроқ қиларкан, ортига қайтди ва эшикни қоқди. Уни қаршилаган мажусий:

— Келинг, хизмат? — деди.

— Сиздан узр сўрашга келдим…

— Мен сизни танимайман, нима учун узр сўрайсиз? — деди уй эгаси.

— Ҳозиргина лойга беланган оёқ кийимимни деворингизга суртиб, тозалаган эдим. Аслида, бу жудаям нотўғри иш. Девор кир бўлди. Ёмғирнинг шиддатидан нима қилаётганимни билмай қолибман…

Ҳайратга тушган мажусий:

— Ҳечқиси йўқ. Шундоқ ҳам деворларимиз лой ичида қолган. Оёғингиздан теккан озгина лой унга ҳеч қандай зарар бермайди, — деди.

Боязид Бастомий:

— Балки, аммо бу ерда қул ҳақи бор. Қилган ҳаракатим учун эгасидан ризолик сўрашим лозим эди. Шунинг учун эшигингизга келдим, — деди.

Мажусий:

— Бу қадар ҳақ-ҳуқуқ ва адолатни сизга ким ўргатган? — дея сўради.

— Динимиз ҳамда Муҳаммад
пайғамбаримиз ўргатганлар, — дея жавоб берди Бастомий.

Шунда мажусий:

— Шундай адолатли дин бор экан, у ҳолда биз нега уни қабул қилмайлик? — деганча калима келтириб, мусулмон бўлди.

«Ҳордиқ плюс» газетасидан

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: