Ўйлаб кўрдингизми? 2018 йил 6 март куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?..

0

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Бугун сиз учун анча мураккаб кун бўлади. Агар йўлингизда дуч келадиган тўсиқлардан бардош билан ўта олсангиз, кўзланган эзгу мақсадингизга албатта етасиз. Акси бўлса, пешона-да, бошқа кунлардан умид қилишдан бўлак чорангиз қолмайди. Асосийси, ҳар бир масалага мукаммал режа тузган ҳолда ёндашинг. Шахсий ҳаётда ҳам қувонтиришга арзийдиган воқеалар кўзга ташланмайди. Жуфтингиз етакчиликни ўз қўлига олганига гувоҳ бўлишингиз билан кайфиятингиз тушиши мумкин. На илож? Ўзингиз қачонлардир шундай бўлишини хоҳлагандингиз.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

6 мартда бошингиздан шундай бир вазиятни кечирасизки, бу йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин. Лекин қўрқманг, бу нари борса, маънавий йўқотиш бўлиб чиқади. Ишхонада ўз вазифангизга жиддий муносабатда бўлинг. Акс ҳолда раҳбарингиз мукофотдан маҳрум этгани етмай, маошингизнинг ярмини ҳам қирқиб ташлаши кутилмоқда. Агар шовқин кўтариш, рашк, принципиалликдан воз кечсангиз, муҳаббатда омадингиз келади. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг. Саломатлигингизни асранг.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

Кайфиятингиз баҳорий кўринишда бўлади. Шунинг натижасида бўлиб ўтаётган ҳодисаларга тийрак назар билан боқа бошлайсиз. Руҳий ҳолатингиз тез-тез ёмон тарафга ўзгариб бориши мумкин. Депрессияга тушиб қолишни хоҳламасангиз, бу муаммонинг ечимини топинг. Жуда бўлмаса, жуфтингиздан ёрдам сўранг. Севса албатта ёрдам беради. Молиявий жиҳатдан яқин дўстингиз ёрдам қўлини чўзиши мумкин. Айтишларича, унинг ўзи ҳам бир пайтлар сизнинг ҳолатингизда бўлиб кўрган экан.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

6 март куни яқинларингизга ёмонлик қилиб қўймаслик, улар ранжийдиган гапларни гапириб қўймаслик учун ўзингизни қўлга ола билишингиз керак. Фикрларингизни ўзингизга нисбатан ёши улуғ, тажрибали шахслар фикридан юқори қўйманг. Жуфтингизнинг ўтмишини ковлаштириш, рашк қилишдан сақланинг. Моддий масалада ҳеч ким сизнинг йўлингизни тўса олмайди. Юз фоиз муваффақиятга эришасиз. Айниқса, кечки пайт ишхонангизда мукофот берилиши сизни жуда қувонтириши тайин. Омадингизни берсин!

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

Бугун масъулиятли, тўғрисўз бўлишингиз ҳар жабҳада сизга ёрдам бериши мумкин. Бу раҳбарларингиз зиммангизга юклаган янги вазифаларни адо этишда намоён бўлади. Ишхонангиздаги юмушлар билан боғлиқ бир неча синовлар йўлингизда кўндаланг туриши кутилади. Худонинг бундай синовларини бажонидил қабул қилишингиз ва Яратганга шукроналар айтишингиз керак. Муҳаббатда мустақил бўлишга зинҳор ҳаракат қила кўрманг. Бу ишингиз жуфтингизга ёқиб тушмаслиги аниқ.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

6 мартда биринчи навбатда қиладиган ишингиз пулни тежаб ишлатишдан иборат бўлиши лозим. Бу масалани асло унутиб қўйманг. Йўқса, кечга қадар киссангиз қуриб қолиши турган гап. Шахсий ҳаётда жуфтингиз билан ўзаро муносабатларда кўнгилсизликлар пайдо бўлишига йўл қўйманг. Жуда бўлмаганда, камроқ мулоқот қилинг. Балки шу нарса орангиздаги муносабатга путур етказмас. Қўллаб кўринг. Ҳеч нарса йўқотмайсиз. Кечқурун овқатни танлаб-танлаб истеъмол қилишни унутманг.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

Эрталабданоқ тушкун кайфиятингиз сабабчиси пул ва яна пул бўлиб чиқиши кутилади. Агар тушкун кайфият домига тушмай десангиз, пул билан боғлиқ режаларни яна бир карра кўздан ўтказинг. Йўл қўйилган хатоликларни бартараф этинг. Рўзғор икир-чикирларини ҳисобга олмаса, жуфтингиз билан муносабатларингизга қора булутлар раҳна солмайди. Атрофдагилар билан мулоқотда эҳтиёткор бўлинг. Ҳар бир гапирадиган гапингизни мулоҳаза қилиб кейин тилга кўчиринг. Бахтингизни берсин!

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

6 март куни то кечга қадар ёши улуғ қариндошларнинг муаммоларини бартараф этиш билан шуғулланишингиз мумкин. Яқиндагина танлагани билан муносабатларга нуқта қўйганлар бугун ростакамига ёлғизлик нелигини ҳис этишга мажбур бўлишади. Тез фурсатда ёлғизликка барҳам бермасангиз бўлмайдиган кўринади. Агар руҳиятингиз тушиб кетаверса, таваккал кўчага чиқинг-да, сайр қилинг, ёруғ дунёни томоша қилинг, чалғийсиз. Ёки дўстлар билан учрашиб, тоғ ён бағирларига дам олиш учун жўнаб кетинг. Кечқурун оилангиз даврасида дам олишингиз тавсия қилинади.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

Юлдузлар бугун беихтиёр ўзингиздан ўзингиз шубҳалана бошлашингиз кутилаётганини башорат қилишмоқда. Айниқса, ишхонадаги раҳбарлар босим ўтказиб, сизга ёқмайдиган юмушларга жалб эта бошласа, ўзингиз ким эканингизни сира англай олмай қийналишингиз мумкин. Саломатлигингиз бугун панд бермайди. Лекин спортнинг экстремал турлари билан шуғулланишингиз тавсия этилмайди. Жиддий жароҳат олишингиз хавфи бор. Ҳасадгўйлардан нарироқ бўлинг. Шуниси тинчроқ. Кунни яхши ўтказинг!

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

 

6 март куни нуқул олдинга талпинасиз, талпинаверасиз. Ҳозирингизни эса унутиб қўяверасиз. Тўхтамасангиз бўлмайди. Ўзлигингизни йўқотишингиз эҳтимоли бор. Шахсий ҳаётингиз жаннатдагидек тотли кечади. Сиз тотли туйғулар асирига айланасиз. Лекин жуфтингизнинг кўнгли барибир тўла қолмайди. Кўп вақтингизни ишга сарфлаб қўяётганингиз жаҳлини чиқара бошлаши мумкин. Кечқурун мактабда бирга ўқиган дўстлардан бири меҳмонга таклиф этиши кутилади.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

Бугунги кунингиз ҳийла оғир кечиш эҳтимоли бор. Бунга ўзингизга бўлган ишончсизлик туйғусидан сира воз кеча олмаётганингиз сабаб бўлиши мумкин. Кўп бор ўзингизни ўзингиз таҳлил қиласиз, руҳиятингизни ковлаштириб, туб сабабни қидирасиз. Аммо ҳадеганда ишингиз ўнгидан кела қолмайди. Муҳаббатда фақат ўзингизни ўйлаш балосидан воз кечсангиз, омадингиз келиши тайин. Кечқурун айримлар хизмат сафарига отланишлари кутилмоқда. Саломатлигингизни кўз қорачиғи каби жуда эҳтиёт қилинг. Худо хайрингизни берсин!

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

6 мартда бошингизга қандай оғир кунлар тушишидан қатъи назар ўзингизни дунё барибир гўзал эканига ишонтира бошлашингиз керак. Кун давомида оммавий тадбирда иштирок этишингиз кутилади. Бу профессионал касбингиз билан боғлиқ ишда кўп нарсаларни ўзгартириб юбориши мумкин. Жуфтингиз билан муносабатда аввал ўйлаб кейин сўзлаш қоидаларига амал қилинг.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

О. ҲАЙИТ тайёрлади

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: