Қизларни алдаб кетган хонандалар

1

Бугун 8 март — аёллар байрами. Ҳар доимги эътибор, меҳр, деган сўзлардан қочиб жавоб беринг-чи, сизнингча, аёллар учун энг яхши совға нима? Кўпчилик бир даста гул, деяётган бўлса керак. Аммо орангиздаги шоирлар: «Аёллар учун энг яхши совға унга атаб ёзилган шеър», дейишаётган бўлса, санъаткорлар: «Унинг номига куйланган қўшиқ», деб жавоб бераётган бўлса, ажаб эмас. Дарҳақиқат, инсон учун дунёдаги энг ёқимли сўз — унинг исми. Шундай экан, исмига атаб қўшиқ куйланса, бунга ҳеч бир аёл бефарқ бўла олмаслиги аниқ.

 

Маҳмуд НАМОЗОВ ваъдасини бажармади!

Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозовнинг миллионлаб мухлислари бор. Мухлисларининг 80%ини аёллар ташкил этади. Энг қизиғи, мухлисаларнинг исмини сўрасангиз, аксариятининг исми ё Махфира, ё Дилрабо бўлиб чиқади. Нега дейсизми? Агар сизнинг ҳам исмингизга атаб қайсидир санъаткор қўшиқ куйласа, унинг мухлисасига айланишингиз аниқ эди.

Қолганлари эса хонанданинг:

«Истасанг бу фалакдан ойни олиб бераман,

Юлдузлардан бўйнингга маржон тақиб қўяман…»

деган ваъдаларига ишонган аёллар бўлади. Маҳмуд Намозов бу ваъдаларни анча йиллар илгари берган бўлса-да, аммо гувоҳи бўлганингиздек, ҳали-ҳамон бу гапининг устидан чиқа олгани йўқ. Ёки хонанда «Айтдим, қўйдим-да», деб ўша пайтдаёқ берган ваъдаларини унутиб юбордимикан?..

 

«Райҳонлар, алдовларга ишонманг!»

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековни барча аёллар яхши кўради, десак, муболаға бўлмайди. Чунки бу хонанданинг деярли барча тароналари аёлларни шарафлаб куйланган. Бироқ ҳаммадан ҳам кўпроқ Озодбек Назарбековга Райҳон исмли қизларнинг ҳурмати чексиз бўлса керак. Ахир

«Райҳон, сенга уйланаман…»

деб турган санъаткорни ёмон кўриб бўладими?!

 

Қизлар ҳам анойи эмас, Адҳам Солиев!

Воҳанинг мард ўғлони Адҳам Солиевни ҳам қизлар орзусидаги шаҳзода дейиш мумкин. Бироқ охирги пайтда бу хонанда «Ҳамма нарсани ҳам пулга сотиб олиб бўлмайди», деган гап нақадар тўғри эканлигини чуқурроқ англаб боряпти, назаримизда. Кўзига йўл тиккан санамларга қиё боқмай, суймаганга суйкалган Адҳамнинг севгиси маҳбубалар томонидан қабул қилинмади. Хонанда отасидан сўрамай, қўрадаги юзта қўйни аввал Лайлога, кейин Сайёрага, ундан сўнг кетма-кет Шаҳзода орқали Зиёдага ва ниҳоят, Моҳирага ваъда қилиб юборди. Бироқ омадсизлиги сабабми ёки ҳадеб бойлигини кўз-кўз қилгани учунми, ҳар сафар севган ёридан айрилиб қолаверди. Бизнингча, хонанданинг қизлардан қуруқ қолаётганига ҳам сабаб бор. Ҳозирги қизлар ҳам анойи эмас. Бугун битта санамнинг ишқида ёниб куйлаган хонанда, эртасига дарров ўзгариб, бутунлай бошқа қизнинг номига қўшиқ куйласа, унга ишониб бўладими?

Бироқ, нима бўлганда ҳам, бугун Адҳам Солиев Лайло, Сайёра, Шаҳзода, Зиёда ва Моҳираларнинг севимли хонандаси бўлиб юрибди. Ҳа, дарвоқе, бу қанчалик тўғри билмадиг-у, хонанданинг айтишича, қайсидир севгилиси вақт ўтиб, ўғлига Адҳам деб исм қўйган эмиш.

 

Рўмолли Зуҳраларнинг мақсади нима?

«Ҳамиша баҳор» дея таъриф бериладиган Алишер Файз мухлиса қизларнинг ёқимтойи ҳисобланади.

Охирги пайтларда бу хонанда қўшиқларида ҳадеб рафиқасини саволга тутаётган бўлса-да, аммо бир неча йиллар олдин барча Дилафрўз ва Зуҳрахон исмли қизларни қувонтириб юргани ҳақиқат. Эҳҳе, унинг қўшиғидан сўнг нималар бўлмади, дейсиз?! Алишер Файзнинг ёнидан ўтаётган барча Зуҳра исмли қизлар бошига рўмолни номига тандиб ўтадиган бўлди. Шамол бўлиб рўмол учиб кетса, унинг ортидан хонанданинг югуришини кўриш мақсадида. Киши йиллар ўтиши билан босилади, дейишади. Бугун Алишер Файзнинг қизлар исмига қўшиқ куйламаётгани сабаби ё босилиб қолгани, ёки бўлмаса, олдидан оқаётган сувнинг қадрини англаб етгани бўлса керак.

 

Ноёб исмли қизлар эркатойи

Жасур Умиров ҳар доим миш-миш ва ғавғолар марказида бўлишига қарамай, қизларнинг бу хонандага бўлган меҳр-муҳаббати чексиз.

Айниқса, Жасурни ноёб исмга эга бўлган қизларнинг ҳақиқий эркатойи, десак, адашмаймиз. Бугун Жасур Умировнинг қўшиқларини Биллура, Ойша, Ҳанифа, Жумагул, ҳатто Ойсара опалар ҳам маза қилиб тинглашади. Айтгандек, эшитишимизга қараганда, хонанданинг россиялик мухлисалари сони ҳам анчагина экан. Улар Жасур Умировни:

«Маша, Маша, юр кетамиз, Маша,

Маша, Маша, гул бераман, Маша.

Маша, Маша, қийнамагин, Маша,

Маша, Маша, сени севаман, Маша…»

деб куйлаганидан сўнг мухлис бўлиб қолишган бўлса ажаб эмас.

Аммо хонандадан ранжиган, қўшиқларини умуман эшитмайдиган қизлар ҳам йўқ эмас. Ахир қизларга «Ўғри» деб туҳмат тошини отган хонанданинг бу гапларига чидаб бўладими?!

 

Куйга солинган қизлар исми 

(машҳур қўшиқлар):

Устоз санъаткор Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимов — «Наргиз»;

«Байрам» гуруҳи — «Лола-ю, Дилдора, Муқаддас»;

«Болалар» гуруҳи — «Малика»;

Ёдгор Мирзажонов — «Гулноза»;

Шоҳруҳхон — «Гуллола»;

Сардор Мамадалиев — «Фарангиз»;

Фаррух Комилов — «Тарам-тарам» (бу қўшиқда 18 та қизлар исми бор)…

Хуллас, баҳор байрамида қизларнинг бирортаси хафа бўлиб қолмайди. Сабаби, гувоҳи бўлганингиздек, бугун деярли барча қизлар исмига қўшиқ куйланган. Бу тароналарда ўз исмини учратмаган қизлар эса кейинги йилни интизорлик билан кутаверсин. Чунки тиниб-тинчимас, янгиликка ўч хонандаларимиз, бу йил бўлмаса, келаси йил, албатта, бу орзунгизни амалга оширишади. Байрамингиз муборак бўлсин, лобар аёллар!

 

ФАРИНАБОНУ

(“Ҳордиқ плюс” газетаси хазинасидан)

1 ТА ФИКР

Comments are closed.