Ўйлаб кўрдингизми? 2018 йил 9 март куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?..

0

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Бугун сизни ҳали тушликкача етмай, мўмай даромад кутади. Шубҳасиз, бу пулларни ёқтирган буюмингизни сотиб олиш учун сарфлашга шошиб қоласиз. Ишхонангизда бошлиқ билан бўлиб ўтадиган жиддий суҳбат кўп нарсаларни жой-жойига қўйиши мумкин. Кейин эса сиз аслида қандай ишлаш зарурлигини, қай йўл билан арзимас ишдан ҳам мўмай даромад олиш мумкинлигини англаб етасиз. Куннинг иккинчи ярмида организмингизни жисмоний зўриқишларга учратиш тавсия этилмайди. Овқатланишда эҳтиёткор бўлинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

9 мартда нафақат ишда, балки рўзғорда ҳам ҳақиқий профессионализм қандай бўлишини барчага кўрсатиб қўйишингиз керак бўлади. Саломатлигингизда муаммо пайдо бўлиши мумкин. Чамаси, аллергия ва грипп сизни безовта қила бошлаши кутилади. Куннинг иккинчи ярмида баъзилар хизмат сафарига отланишлари мумкин. Кечқурун дўстлар билан учрашиб, биргаликда завқланишингиз, қувноқ суҳбатлар қуришингиз эҳтимоли бор. Кечқурун тоза ҳаво сайрини ҳам ёддан чиқарманг.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

9 март куни ишхонангизда шу қадар ишчан ва уддабуронга айланасизки, ҳамкасблар кўриб ҳасаддан ёқасини тишлайди. Уларга келгуси режаларингизни асло ошкор этманг. Бу сирларни раҳбарлар ҳам билмагани маъқул. Муҳаббатда эса аксинча, қалбингизда йиғилиб қолган туйғуларни ошкор этиш вақти етди. Бу ҳолатни жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингиз анчадан бери интиқ кутади. Шошилинг. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Ўз йўлингизни, ихтиёрингизни, орзу-истакларингизни ўзингиз бошқаришингизга тўғри келади. Йўллар равон, аммо бурилишларда жуда сергак бўлинг. Ўзингиз учун жимжилоғингизчалик қадрга эга бўлмаганлар билан ош-қатиқ бўлманг. Бу ҳаракатлар сизни йўлдан оздириши мумкин. Кечқурун вақтингиз хушчақчақликда ўтиши кутилмоқда. Спиртли ичимликлар истеъмолидан қатъиян бош тортинг. Йўқса, ҳар тарафлама омадсизликка учрайсиз.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

9 мартда муҳаббатда алданиб қолишдек хавфли балодан сизни Оллоҳнинг ўзи асрайди. Кимлардандир қарзингиз бўлса, бугундан қолдирмай қайтаришингиз тавсия қилинади. Оила қуришга улгурмаганлар бугун бир кўришда муҳаббат деганлари ҳақиқат эканини англаб етишади. Бунинг учун сизга қулай имконият рўбарў келади. Оилалилар кечқурун уйга шошилишлари зарур. Уйда оилангиздагилар учун ажойиб байрам уюштириш, уларга кутилмаган совғалар ҳадя этиш масаласида жуда қулай вазият юзага келиши мумкин. Саломатлигингизни авайланг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Кунингиз баҳслар ҳамда жанжалли вазиятлар билан бошланмасин десангиз, табиатингизга хос қайсарлик, қизиққонликдан юз ўгира туринг. Кўпчилик сизга ўзининг ҳақлигини исботлашга уринади. Сиз бу уринишларга ҳурмат бажо айласангиз, кам бўлмайсиз. Жамиятдаги қоидаларга амал қилинг, давлат қонунларини қўпол равишда бузманг. Жарималарга тортилишдан сақланинг. Сурункали хасталикка чалинган бўлсангиз, соғлиғингизга алоҳида эътибор қаратинг.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

 

9 март куни кайфиятингиз, ички оламингизда ғалати ҳолатлар пайдо бўлиши мумкин. Кимларгадир ниманидир беришингиз зарурдек туюла бошлайди. Банкдан кредит олган бўлсангиз, тўлаш фурсати етди. Қариндошларингизга нисбатан мулойим муносабатда бўлинг, керак бўлса, ён беринг. Акс ҳолда улар сизни қайсидир бўлмағур ҳодиса содир бўлишида айблаб қўйишлари ҳеч гап эмас. Жуда кайфиятингиз бўлмаса, севимли хоббингиз билан шуғулланинг. Чалғийсиз. Ҳамиша омон бўлинг!

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Эрта тонгдан ёқимсиз хабарлар эшитишингиз эҳтимоли бор. Шу сабаб билан кайфиятингиз тушиб кетиши мумкин. Оила қурмаганлар сўнгги бор танишиб, ишониб кўнгил қўйган одами аслида ишончсиз эканини пайқаб қолишади. Шундай экан, маълум муддат янги танишувлардан юз буринг. Руҳий аҳволингизни яхшилаш пайида бўлинг. Куннинг иккинчи ярмида мартабангиз, лавозимингиз ошиши, мўмай мукофот пулига эга чиқишингиз ҳақиқатдан йироқ эмас.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

9 март куни кайфиятингиз шу даражада яхши бўладики, ўзингизни осмондаги юлдузларга менгзай бошлайсиз. Бу албатта кўпроқ қизлар ва аёлларга тааллуқли. Профессионал касбингиз билан боғлиқ ишингиз бароридан келиб, ҳамкасблар олдидаги ҳурмат-эътиборингиз икки ҳисса ортади. Ижод, сураткашлик ва санъат соҳасида тер тўкадиганлар учун бугунги кун ростакамига қайноқ кечади. Кечқурун айримлар хизмат сафарига жўнаб кетишлари мумкин. Муҳим ҳужжатларни олиш эсингиздан чиқмасин.

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

 

Кун давомида муваффақият қозонишга, зафар қучишга, омад денгизида сузишга тўлиқ ҳақлисиз. Омадга эришишингиз йўлида чек-чегара бўлмайди. Вазиятлар бир-биридан шу даражада қизиқарли, ёрқин, тотли бўладики, уларни назорат қилишга-да улгурмай қийналасиз. Ишхонадаги ишларингизни бошқаларга қараганда, анча эрта якунлашингиз раҳбарларни ҳайратда қолдиради. Яқин ўтмишда йўл қўйган хатоларни тез-тез ёдга олиб, улар такрорланмаслигининг тадоригини кўринг.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

9 мартда гўёки авлиёга айланасиз. Бу рамзий маънода албатта. Лекин ниманидир хаёлан орзулашингиз билан ўша заҳоти орзу ҳақиқатга айланиши-чи? Ишда ҳамкасблар фикри билан ҳисоблашган ҳолда ҳаракатлар содир этинг. Шунда кўнглингизни шубҳа булути босмайди. Кечқурун ўтган кунлари бажарган ишингиз учун мукофот пули олишингиз кутилади. Пулларингизни эҳтиёт қилинг. Ҳасадгўйлар таъсирига тушишдан сақланинг.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Керагидан ортиқ даромад олиш пайига тушманг. Боридан ҳам айрилиб қолишингиз мумкин. Ишда ўзингизни барчага яна бир бор кўрсатиб қўйиш учун қулай вазиятлар юзага келади. Бошқаларга ёрдам қўлини чўзишдан тийилманг. Шахсий ҳаётда сокинлик, аҳиллик ва хотиржамлик ҳукм суради. Тақдирда борига шукр қилинг. Бугун ҳеч кимнинг кўнглини оғритманг.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

О. ҲАЙИТ тайёрлади

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: