ҚАРЗ КАСОФАТИ… (воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

* * *

 

Мол бозорида даллоллик қилиб кун кўрадиган Самин «семиз» (қишлоқдагилар унга шундай лақаб қўйишган) икки маҳалла наридаги молфуруш Қўчқоралининг кўкимтир дарвозасига яқин келгач, бироз нафас ростламоқ ниятида ўнгдаги харсанг устига чўкди ва чўнтагидан оқ чит рўмолини чиқариб елпина бошлади.

— Бугун эрталабдан қиздиряпти-я! — деб қўйди дарвоза томонга нафрат билан қараб қўяркан. — Бу баччағарни нима қилсам бўлади ўзи? Ўн биринчи марта келишим. Уч юз минг сўм пулимни ҳалигача ололмайман-а!.. Ҳар сафар баҳонаси тайёр. Қаёқданам пул бердим шу пасткашга…

Шу орада дарвозанинг бир қаноти секин очилиб оқ яктак кийган Қўчқорали чиқиб қолди. У Самин семизни кўрди-ю, бирдан ранги-қути ўчиб турган ерида қотиб қолди.

— К-келинг, Самин ака!.. — дея олди зўрға. — Н-нимага бу ерда ўтирибсиз?.. Ичкарига киравермабсиз-да!..

Самин семиз афтини бужмайтирганча шошилмасдан ўрнидан турди ва Қўчқоралига яқинлашди.

— Эшитишимча, кеча бозоринг чаққон бўлганмиш? — гапни узоқдан бошлади Самин семиз. — Бир оғиз айтсанг, даллоллик қилиб берардим!..

— Ачитаверманг-да энди, ака!.. — қовоғини уйиб норози оҳангда тўнғиллаб қўйди Қўчқорали. — Чўнтагим тўла пул бўлатуриб бермаётгандек гапирасиз-а!.. Э… Бераман ўша пулингизни!

— Қачон берасан? Мана шунисиминан ўн биринчи келишим. Қачон берасан ўзи?..

Қўчқорали бошини қаший-қаший жавоб қилишга тутинди.

— Яна бир ҳафта сабр қилиб туринг, бераман!

— Йўқ, — деди Самин семиз гапни калта қилиб. — Бугун топиб берасан пулимни. Агар бугундан қоладиган бўлса, мендан хафа бўлма!

Бу гапни эшитган Қўчқорали қошлари чимирилиб, кўзларини қисган кўйи Самин семизга яқинроқ борди.

— Нима?.. Хафа бўласан?.. Мени қўрқитманг, ака!..

— Ие, ҳали сакрайдиган одатинг ҳам борми?

— Сакраётганим йўқ!.. — беихтиёр бақириб юборди Қўчқорали. — Қаёқдаги уч юз минг сўмни деб тепкилайверманг-да! Менам эркакман!..

— Эркак бўлсанг, тўлаб қўй қарзингни! Нимага чўзиб юрибсан?..

Қўчқорали қўл силтаганча нари кетди.

Бу гал ҳам бирор иш чиқишидан умидини узган Самин семиз ортга қайтаркан, Қўчқоралига эшиттириб сўкинди:

— Ҳезалак!..

 

* * *

 

Самин семиз хит бўлганча чойхонага борди. Чойхонада ҳар куни уч-тўрт улфат йиғилиб, ош дамлашади. Ош пишгунча зерикмаслик учун қарта ташлаб ўтиришади.

Бугун Зият «нўноқ» (уни бир ишни кимнингдир маслаҳатисиз уддалай олмаслиги боис шундай деб чақиришади) нинг гали шекилли, елкасига сочиқ ташлаб олиб гоҳ ўчоқбошига, гоҳ сўрида қарта ўйнаётган улфатлар томон чопқилларди.

Улфатларни кўриб Самин семизнинг сал бўлса-да чеҳраси очилган бўлди.

— Ие, семиз, кел, — Зият нўноқ уни кўрди-ю, югуриб келиб тирсагидан тутди. — Қани, сўрига чиқ! Манавиларга битта ўйинчи етмай турганди.

Самин семиз сўрида ёнбошлаб ўтирган Фаёз тракторчи, Мўмин мироблар билан қўл учида сўрашиб бир четга чўкди.

— Нега қовоқ-тумшуғингни осилтириб олдинг? — тепакал Фаёз тракторчи қўлидаги қарталарни дастурхонга қўйиб Саминга ҳайрат аралаш боқди. — Биронтаси арпангни хом ўриб қўйдими?

Олдинига Самин семиз индамади. Чойнакдаги кўк чойдан пиёлани тўлдириб қуйди-ю, бир кўтаришда симириб, ёстиққа ёнбошлаб олди.

— Гапир, оғайни, нима бўлди? — сўради Мўмин мироб эҳтиёткорлик билан. — Бирор муаммо чиққан бўлса, ёрдам берармиз балки?!.

— Э, сенлар ёрдам беролмайсанлар. — қўл силтади Самин семиз уф тортиб.

— Қўйсанг-чи шунақа гапларни! — уни жеркиб ташлади Фаёз тракторчи мой артилавериб қорайиб кетган қўлини пахса қилиб. — Нима, биз одам эмасмизми? Эркак киши гапиради-да мундоқ бор гапни!

— Кел, ҳозир сенам ярамга туз сепмай тур! — деди Самин. — Ундан кўра, ароғинг бўлса опчиқ!

Фаёз тракторчи Мўмин миробга маъноли қараб олди-да, сал нарида гуруч тозалашга ўтирган Зият нўноққа бақирди:

— Вей, ҳадеб нўноқланавермасдан оби замзамни опчиқмайсанми энди? Ё ўтираверайликми томоқларимиз тақиллаб?

— Хўп, хўп, ҳозир!

Зият нўноқ қўлидаги гуруч тўлатилган тоғорани ерга қўйди-да, пилдираганча бориб сумкалардаги ароқларни олиб келиб Фаёзга узатди.

— Сизлар бемалол ичаверинглар! Мен ошни дамлаб қўяй!

— Сен бугун ичмасанг ҳам бўлаверади. — ҳазил аралаш луқма ташлади Мўмин мироб ёнидагиларга кўз қисиб. — «Гап» берган одам одатда ҳушёр бўлиши керак!

Фаёз тракторчи шоша-пиша шишани очиб пиёлаларни тўлдирди. Биринчи қадаҳни оқибат бузилмаслиги учун кўтаришди.

Ҳаш-паш дегунча битта шиша бўшатилди. Самин семиз сўнгги пиёладаги ароқни ичиб битиргач, газак ўрнида товоқчадаги кўкатлардан тишлаб-тишлаб еган бўлиб, бир Фаёзга, бир Мўмин миробга савол назари билан кўз ташлаб олди.

— Менга сенларнинг маслаҳатинг керак бўп қолди. — деди ниҳоят ичкилик туфайли қизариб кетган юзларидаги терни чит рўмолига арта-арта. — Бир ярамас анчадан бери хит қилиб юрибди.

— Ана энди ўзингга келдинг! — деди Фаёз тракторчи. — Қани, гапир! Ким ўша хонасалот?..

— Э, анави Қўчқор бор-ку! Молфуруш! Ўша ит уч юз минг пулимни бермасдан юрибди.

— Қўчқор-а?.. — Мўмин мироб сал ўрнидан қўзғалган бўлди. — Бунақа одати йўқ эди-ку!

— Бор экан-да! Бугунгисиминан ҳисобласа, ўн бир марта бордим. Яқинда бир йил бўлади. Бермайди. Ҳар борганимда ҳар хил баҳона ўйлаб топади. Яқинда бир йил бўлади, ахир!

Икки улфат бирпас жим қолишди. Ора-сирада бир-бирларига қараб елка қисиб олишди.

— Гирибонидан олмадингми? — Мўмин мироб лаб буриб тилга кирди. — Бўғиш керак, вассалом! Бошқачасига олиб бўлмайди.

— Ўзим ҳам бугун бўғмоқчи бўлдим. — деди Самин муштларини тугиб. — Локигин тағин орқага ташловдим. Инсоф кириб қолар девдим.

— Бир йилдан бери кирмаган инсоф энди кирармиди?!. — дея Фаёз тракторчи иккинчи шишани очишга тутинди. — Яхшилаб «қамчила»санг, эси кириб югургилаганча опчиқиб берарди пулингни. Ё ёрдам берворайликми?..

Самин семиз улфатларига бир-бир қараб олди.

— Унақаларнинг адабини беришга ўзимниям кучим етади. Фақат… Қаттиқроқ уриб қўяманми деб қўрқаман.

— Нима бўпти? Сени қаматармиди? Тили қисиқ бўлса. Сузилган ошни совитмай иссиғида оша-да!.. Ҳарқалай, уч юз минг ҳазилакам пул эмас.

Мана шу гаплар Самин семизга туртки бўлди. Иккинчи шишадан бир пиёла ичкилик қуйдириб ичди-ю, хайр-маъзур қилиб Қўчқор молфурушникига жўнади.

 

* * *

 

Кайфи таранг Самин Қўчқорникига етиб келганда вақт асрга яқинлаб қолганди.

Ичкиликнинг кучи сабаб инсоф, иззат-ҳурматга тупуриб қўйган Самин зарб билан дарвозани бир-икки тепди. Шу заҳоти аввал аёл кишининг, кетидан Қўчқорнинг ҳай-ҳайлагани эшитилди.

— Қўчқор, ҳов молфуруш! — бақира бошлади Самин. — Пусиб ўтиргунча чиқмайсанми? Ё қўрқяпсанми?

Дарвоза оҳиста очилиб рўпарасида Қўчқор пайдо бўлгач, Самин баттар тутоқди.

— Қани пул? Келдим ўн иккинчи марта! Нега бўш қўлминан чиқдинг, ҳезалак?..

— Вей, Самин ака, оғзингизга қараб гапиринг! — Қўчқор бу ҳақоратдан сўнг азбаройи ғазабланса-да, базўр ўзини тутиб турарди. — Намунча ўша пулингизни пеш қилавердингиз?

— Нима?.. — Самин белбоғидаги пичоқ солинган қинни бир қўли билан текшириб олган бўлиб Қўчқорга яқинлашди. — Нима дединг, ит эмган?..

Қўчқорнинг ҳам тоқати тоқ бўлганди. Самин семизнинг бўлиқ елкаларидан маҳкам ушлаб олди.

— Ҳақорат қилма дедим, тушундингми? Ҳозир…

— Нима қиласан? Эркакмисан? — Самин Қўчқорнинг қўлларини силтаб ташлашга уринар, аммо кучи етмасди. — Эркак бўлсанг, юр, четроққа ўтайлик! — деди бироз овозини пастлатиб. — Эркак одам уйининг ёнида муштлашмайди.

— Э, юр, кўрай-чи!..

Қўчқор куч билан уни тортқилаб кўча томон судради.

Шу зайл улар Қўчқорнинг уйи орқасидаги кенг томорқага ўтишди.

— Хўш, қўлингдан нима келади? — ўдағайлади Қўчқор. — Нега жим турибсан?..

Самин семиз совуқ тиржайганча қинга қўл юборди ва кутилмаганда пичоқни чиқариб Қўчқорнинг томоғига тиради.

— Хўш, кимлигимни кўрсатиб қўяйми? — хириллади у.

Саминнинг қўллари, тиззалари билинар-билинмас титрарди.

— Кўрсат! Зўр бўлсанг кўрсатасан!

Самин иҳлаганча бир амаллаб қўлларини бўшатиб олди-да, Қўчқорнинг қорни аралаш пичоқ солди. Афсуски, бу гал ҳам ожизлик қилди. Қўчқор унинг пичоқ тутган қўлига тепиб, кетидан юзи аралаш мушт туширди.

Кўргулик экан. Қарздордан ўч олиш ниятида келган Самин кетма-кет келиб тушган тепкилар оқибатида ҳушини йўқотди.

Унинг мияси чайқалиб, икки-учта қовурғаси синиб кетган экан. Икки ой деганда зўрға оёққа турди.

Қўчқор бу айби учун икки йиллик аҳлоқ тузатиш жазосига эгалик қилди.

Олимжон ҲАЙИТ