РАҚҚОСА… (7-қисм)

0

 

 

* * *

 

Халқда раққосалар ҳақида гап кетдими, ёшу-қари дарҳол тусини ўзгартириб, уларга паст назар билан қарашини ошкор қилиб қўяди. Қиз-жувонларнинг биринчи иши эса қарғашдан иборат бўлади. Улар яллачиларни ҳеч қачон оқлаб гапиришмайди. «Бу ўзига тўғри, жуда одобли, нафс домига тушмаган, худога ширк келтирмайди, худо йўлида юради», дейилган тақдирда ҳам барибир ишонишмайди. Раққосами, яллачими, тамом, демак, у кўзлари ўйнаб, олмами-анорми териб турадиган, эркакнинг қўлида даста пул кўрса, кўз сузишдан бўшамай қоладиган бир кимса деб тушунишади. Улар ҳақ. Шаҳарда куну-тун бурчак-бурчакда туриб олганча тўйга олиб кетадиган отарчиларни кутувчи ўша яллачилар аслида раққосаликнинг яқинига ҳам бориб кўришмаган, устоз қўлида тарбия топишмаган, онадан раққоса бўлиб ҳам туғилишмаган. Уларни пул қизиқтиради. Агар талаб қилса, пули бор эркакнинг оёғини ўпишади, керак бўлса, ўзларини ҳар кўйга солишади. Ўша кўзни қамаштираётган, юракдан ҳаловатни қизғонаётган пуллар чангалига тушса бас.

Афсуски, Манзура шуларни била туриб раққосалик кўчасини танлади. Бу кўчанинг ботқоқликлари борлиги, ҳар қадамда юз-у кўзига лой чаплана боришини хаёлига ҳам келтириб кўрмади. Мана, ўша кўча бошидаёқ таҳқирнинг илк балосига тўқнаш келди. Бу бало кўксини кемириб, муштдек юрагини тилка-тилка қилмоқчи. Қўйиб беришса, балога чап беришни, шу кўчадан чиқишни, узоқ-узоқларга бош олиб кетишни ихтиёр этмоқда. Надоматлар бўлсинки, бу кўчадан чиқиш жуда оғир. Чиқиб кетишнинг сира имкони йўқ. Ҳар тарафи тўсиқлардан иборат. Чиққан тақдирда ҳам юз-кўзларига чапланиб улгурган ботқоқ лойини ҳеч бир сув билан ювиб тозалай олмайди. Умри ҳам етмайди тозалашга…

 

* * *

 

Манзура йўловчи машинада маҳалла кўча бошисигача етиб, шошилмасдан, эзгин қиёфада уйи томон кетиб борарди-ю, шуларни хаёлидан қайта-қайта ўтказар, ўтказаверарди. Яллачилик кўчасидан эсон-омон чиқиб олишни хоҳларди. Жон деб бировларнинг моллари тагини тозалаш, идиш-товоқларини, ҳатто ит ялоғини ювиб артиши муқаррарлигини қалбан ҳис этарди. Аммо қалби қайсарлигини қўймасди. Ҳадеганда ҳали чимилдиқ нелигини билмаган, шу ёшида бир олам иссиқ-совуқни кўриб улгурган қизни койиб ташлар, уни бўшангликда, қўрқоқликда, иродасизликда айбларди.

«Сен ҳали йўл бошидасан, — дерди қалби унсиз инграниб. — Олдинда сени яна қанча-қанча Дурдоналар кутиб турганини худо билади. Агар бугунги гап-сўзларни таҳқирга йўйсанг, ҳақиқий таҳқирни кўтара олмас экансан-да! Бозоргул сени не кўйларга солмаган. Томорқадан у айтган семиз ўтмас, ажриқ териб келганингда хивчин олиб савалаганлари эсингдами? Сен бир йили куз бўйи юз килолаб пахта териб ишлаб топган пулларингни қўлига тутқазганингда бозорга йўрғалаб соғин сигир сотиб олганди. Сепаратор ҳам олганди. Сен мунғайганча, бўзрайганча ўтиргансан. У коса-коса қаймоқларни сепаратордан чиқариб роса кўзингни куйдирган. Сен тамшаниб-тамшаниб олишдан нарига ўта олмагансан. Бир томчисини ҳам бермаган. Ўша кунларга чидадинг, сабр қилдинг. Арзимаган айбинг учун йўғондан-йўғон ходалар билан калтакларди. Бировга чурқ этмадинг, арз қилишни хаёлингга ҳам келтирмадинг. Тағин уни яхши кўрдинг, ҳурматлайвердинг, айтган йўриғига тушавердинг. Бугун эса арзимаган гап учун ич-этингни емоқдасан. Нега? Бунинг ўрнига эртага ўша тўйга бориб Дурдонага рақс тушиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўйсанг бўлмайдими? Наҳотки, шунчалар қўрқоқ бўлсанг? Ирода кучинг қаерга ғойиб бўлди?..»

— Ҳа, сен ҳақсан, — деди овоз чиқариб Манзура ҳовлиси дарвозасини очиб ичкарига одимларкан. — Мен энди илгариги Манзура эмасман. У Манзура ўлган. Ҳозиргиси эса сен тайинлагандек йўл тутади. Ҳеч кимга бўйин эгмайди. Ҳеч кимдан кам бўлмайди. Мен ортга чекинмайман! Кимда ким менга ёмонлик қилса, адолатсизликка йўл қўйса, аёвсиз ўч оламан. Раққоса бўламан дедимми, тамом, шу кўчанинг лойлари, ботқоқларига ботиб кетсам-да, фақат олдинга юраман. Курашаман, курашавераман!..

 

* * *

 

«Телбанинг ишини худо ўнглабди» деб бекорга айтишмаган экан. Эртаси куни Мурод Манзурани ўз уйидан ўша базмга олиб кетди. Машинада Дурдона ҳам ўтирган экан. Манзура ҳеч нарса бўлмагандек у билан самимий сўрашди, ҳол-аҳвол сўради. Лекин Дурдона ғазабнок эди. Ҳар сонияда Манзурани камситишга уринар, қандайдир аччиқ-аччиқ гаплар гапириб чақиб олишга интиларди. Манзура эса парвойига келтирмасди. Муродга турли қизиқарли саволлар берар, жавоби кулгили чиқса қотиб-қотиб, мириқиб куларди.

Мурод ҳам ҳайрон эди. Манзуранинг бу қадар «очилиши», қувноқ қизга айланиб қолишини кўриб ҳайратга тушарди. Аммо қалбининг бир четида раҳми келарди, ачинарди, шундай истеъдод эгаси хўрликлар чангалидан қутула олмаётгани унга ҳам алам қиларди…

Ниҳоят тўй, отарчилар таъбири билан айтганда, базм ҳам бошланди. Стол тузалиши, тўйдаги меҳмонлар, бақир-чақир худди ўтган сафаргисини эслатарди. Фақат бу тўйдаги меҳмон эркаклар илгаригидагига нисбатан анча сиподек, хотиржамдек туйилди.

Манзура отарчилар учун ажратилган сўрининг бир четига чўкиб Мурод етаклаб келган Хурсандбек ҳофизни зимдан кузатди. Бу йигит деярли ўзи тенгига ўхшарди. Жуда ораста кийинган, доимо табассум қилишдан, жилмайишдан тийила олмас экан.

Дурдона ўзини кўрсатгиси келдими, кела солиб Хурсандбек ҳофизнинг ёнидан жой олди. Юзларга фотиҳа тортилгани ҳамоно нималарнидир гапириб ҳофизни кулишга мажбур эта бошлади. Хурсандбек ҳам тортиниб ўтирмасди. Дурдонанинг ҳар бир гапига кулги билан жавоб қайтаришга уринарди. Яллачи ора-сирада тиззасига шапатиласа ёки юзидан аста чимдиб қўйса, баттар «хохо»ларди. Дурдона эса ҳар бир ҳаракатидан сўнг Манзура тарафга кўз ташлаб олишни канда қилмасди. Ҳар қараганда, «Кўрдингми, овсар, ҳақиқий раққоса худди мен каби абжир, киришимли, гапга чечан, бети очиқ бўлиши керак» демоқчидек билинар-билинмас лаб буриб қўярди…

 

* * *

 

Манзура Хурсандбекнинг яна бир хислатига қойил қолди.

У торни жуда яхши чаларкан.

Ҳатто, илк қўшиғини бошлагандаёқ оғзи ланг очилди. Тор унинг қўлида худди булбулдек сайрарди. Қочиримларни, нолаларни икки тарафга ўрнатилган катакон колонкалар орқали юракларнинг туб-тубигача етказа олаётганди. Бунга ҳофизнинг маҳзун, баритонга яқин ёқимли овози жўр бўлгач, янада файз кирди. Манзура Хурсандбек ҳофиз то қўшиқни тугатгунча ҳайратланишдан тийила олмади.

Бироқ олдинда ўзини нималар кутаётганини тасаввур ҳам этмасди. Дурдонанинг ўзига ярашмаган қилиқлар кўрсатиб ўртага чиқиши илк аламини қўзғади. Ҳа, у ўзи сезмаган ҳолда яллачи ҳамроҳига ҳасад қила бошлаганди. Негадир унинг тутриқсиз рақслари жаҳлини қўзғай бошлаганди. Рақс санъатига буткул ёт бўлган ҳаракатлари жиғига тегиб, ҳайрати ҳам сўнди, бир неча марта беихтиёр ўрнидан туриб ҳам кетди.

Бу ҳолатини Мурод аллақачон пайқаган, шу базмда кутилмаган рақобат пайдо бўлишини, бу эса ўртага кутилганидан-да мўмайроқ пул ёғилиши учун сабаб бўлиши муқаррарлигини ҳис этиб турарди. Баъзан гоҳ Дурдонага, гоҳ Манзурага ер остидан боқиб кулиб қўярди.

Ва ўша кутилган лаҳзалар яқинлашди. Ўртакаш Манзура рақс ижро этишини эълон қилди. Хурсандбек «Лазги»ни бошлаб қолди. Манзура ўртага чиқди-да, худди янги келинлар каби меҳмонларга обдон салом қилди. Бу усулни тунда ўйлаб топганди. Чиқишини шу билан бошласа, барчанинг эътиборини тортишига ишонганди. Адашмабди. Ширакайф эркаклар ҳали рақс бошламасиданоқ қичқириб уни олқишлай кетишди. Нуроний онахонлар эса Манзуранинг бу қадар чиройли саломини кўриб астойдил дуо қилишди.

 

* * *

 

Манзура бу қадимий қўшиқнинг ҳар бир оҳангига йўл-йўлакай алоҳида қочиримлар ўйлаб топарди. Биларди, Дурдона айтганидек эркакларнинг қўлидаги пулларни беўхшов муқом эмас, ана шундай қочиримлар ёрдамида ҳам тортиб олса бўлади.

Ашула ярмига етмай, ҳофизга буюртма берадиганлар кўпайиб қолди. Барчалари ўзлари суйган қўшиққа Манзура рақс тушишини хоҳлашарди. Дурдона ҳам бу манзарани отарчилар сўрисида ўтирган кўйи ҳиссиз кузатарди. Йўқ, буни ҳиссиз ҳам деб бўлмайди. Негаки, у рақибасининг ҳар бир ҳаракатидан сўнг беихтиёр қимирлаб кетар, лаблари бурилиб-бурилиб қўярди.

Шу тобда ўртага ўтган сафардагидек бир эркак чиқиб келди. Бу шаҳардагидан фарқли ўлароқ калбош эмасди. Қиёфасида ҳам уришқоқлик, зўравонлик, калондимоғлик белгилари сезилмасди. Аксинча табассумга мойил, хушчақчақ одам экани кўриниб турарди.

Эркак кулимсираганча келиб Муродга юзланди.

— Ука, — деди у овозини ҳийла пасайтириб. — Бир илтимос чиқиб қолди. Нима дейсиз?

— Биз хизматда, ака, — деди Мурод ҳам суҳбатдошига жавобан жилмайиб. — Нима қилишимиз керак?

— Мана шу ўртада рақс тушаётган қизингиз бизга жуда маъқул кеп қолди-да! Агар малол келмаса, базм тугагандан кейин бизгаям алоҳида рақс қилиб берсалар! Харажатига гап йўқ!

— Хўп бўлади, — деди Мурод сездирмайгина Дурдона томон кўз ташлаб оларкан. — Бир оғиз гапингиз-да, ака! Аммо…

— Тушундим, — Муроднинг сўзини кесди эркак. — Ишонинг, биз интеллегенция вакилларимиз. Ортиқча ҳаракатлар, гап-сўзларга йўл қўйилмайди. Санъатидан баҳра олсак бас.

— Тушундим, — деди Мурод. — Базм тугаши билан қайга юришни шипшитсангиз бас, қизимиз киради ҳофиз билан бирга.

— Йўқ, ҳофиз шарт эмас. Магнитофонга биз суйиб эшитадиган қўшиқлар ёзиб қўйилган. Ўша қўшиқларга раққоса қиз ўйнаб берсалар бўлди.

— Иккала раққосаям киришсинми, ё…

— Фақат ўртадагиси.

— Бўпти…

Орадан тахминан бир соатча вақт ўтгач, базм якун топди. Бу гал ҳам Муроднинг кўнгли тўлди. Манзура ҳовуч-ҳовуч пул ишлаб берди. Пуллар дойра ғилофидан тортиб, тор ғилофигача тўлиб, сиғмаганини алоҳида қора сумкага ҳам жойлашди Қолаверса, Манзура эркак айтган хонага кириб чиқса, яна пул тушади…

Манзурани Ҳусан усилителчи эркак айтган уйгача кузатиб қўядиган бўлди. Қолганлар кутиб туришига келишишди.

Хона эса беш-олтита уй нарида экан. У ерга катта кўча бўйлаб борилади. Ҳусан Манзурани тайин этилган дарвоза томон бошлади. Атроф зим-зиё, бу кўчада машиналар қатнови ҳам ҳаминқадар эди. Базм бўлиб ўтган уй атрофига қўйилган машиналаргина аҳён-аҳёнда қимирлаб қоларди.

Шу пайт олд тарафдан бир машина ўқдек учиб келиб, Манзура ва Ҳусаннинг тўғрисида тўхтади. Орқа ва олд эшиклар очилди-да, кимдир Ҳусанни тепиб юборди. Бошқа биров Манзурага ёпишди. Кўз очиб юмгунча Ҳусан ҳушини йўқотиб асфальтга думалади. Манзурани бўлса, ўша машинанинг орқа ўриндиғига куч билан ўтқазишди.

Машина гўё кинолардаги каби ўрнидан қўзғалиб, олдинга талпинганда баллонлари чийиллаб-чийиллаб кетди.

Манзура бақира олмасди. Оғзини скотчлаб ташлашганди. Шунда ҳам бу машинада неча киши борлигини тахминлай олди. Ҳайдовчини қўшмаса, машина салонида уч барваста эркак ўтирган эди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: