РАҚҚОСА… (8- қисм)

0

 

 

* * *

 

Одам боласи бирпасдан кейин бошига не кунлар тушиши мумкинлигини билмаскан.

Ярим соат олдин ҳам Манзуранинг орзулари бир дунё эди. Бугун ҳам катта пул ишлаб Муродни мамнун этмоқчи, ўртада рақс тушиш қанақа бўлишини Дурдонага кўрсатиб қўймоқчи эди. Бахтга қарши орзулари саробга айланди.

«Мен кимга нима ёмонлик қилибман энди? — ўйларди у скотч лабларини узиб-узиб олгудек ачиштирса-да, аранг тишни-тишга босиб. — Бировга ёмон гапирмагандим. Наҳотки, Мурод аканинг душманлари бўлса-ю, мени ўғирлаб кетиб ундан катта пул ундириш пайида бўлса? Нега? Тўғри ўзига келиб айтишса, асакалари кетармиди?..»

Ўйлаб ўйларининг охиригача ета олмади. Машина қаергадир етганда тўхтади. Олд ўриндиқда ўтирган барваста эркак пастга тушди-да, атрофга яхшилаб разм солди. Кейин орқа эшикни очди.

— Тушларинг, подвалга олиб кирларинг буни!

Барзангилар куч билан тортқилай-тортқилай Манзурани пастга туширишди.

— Қани, оёғингни ишга сол, — буюрди барзангиларнинг бири Манзуранинг билагини маҳкам сиқиб. — Жадалла, жонон!..

Ҳарқалай скотчни оғзидан олиб ташлашди. Манзура анча енгил тортди. Шу лаҳзадагина ҳаёт қанчалар ширин эканини чуқурроқ ҳис этди.

Ҳа, одамга ҳаво етарли бўлмаса, юрагини ваҳима босиб типирчилай бошларкан.

Дунё шунчалар ширин экан.

Одамнинг яшагиси келаркан…

 

* * *

 

Барзангилар Манзурани подвалга судраклаб киришди. Орқада келаётганлардан бири подвал эшигига қайтадан қулф урди.

Ичкари ёруғ эди. Ерга гилам тўшалган. Ҳар ер, ҳар ерда шкаф, қутига ўхшаган нарсалар турибди.

Тўрда эса гажакдор курси турар, курсида ингичка мўйловли, юпқа лаб, сочи олиб ташланган қирқ ёш атрофидаги захил юз эркак керилганча ўтирарди.

Ҳали Манзура унга яқинлашиб улгурмай, қаердандир ўша… Рақибаси… Дурдона пайдо бўлди.

Манзура унга кўзи тушди дегунча ҳаммасини англади. Нега олиб қочганлари, мақсадлари нелигини фаҳмлаб улгурди. Фақат бир нарсага тушунмади.

Дурдона ичкарида эди-ку! Қачон етиб келди бу ит оёғи етмас ерларга? Учиб келдими қанот бойлаб?..

Афсуски, бундай саволлар билан бошини қотиришга хоҳиши ҳам, вақти ҳам йўқ. У аламдан, нафратдан, ожизалигидан, ёлғизлигидан дод солиб йиғлашни, фарёд чекиб дунёни титратишни истарди. Шундай кунларга қолгандан кўра ўлиб кетишни хоҳларди. Қаршисидаги одамбашара шайтон малайлари тезроқ ҳаётига нуқта қўйишларидан умидвор эди. Оғзини скотчлаганларидаги ҳолати, дунёнинг жуда тотли туйилгани, яшашга иштиёқи… Барчаси қаергадир зулмат қаърига ғойиб бўлганди. Улар ўрнини яна тушкунлик эгаллаб бўлганди.

— Ў, жа кетворган қиз экан-ку-а? — деди курсида ўтирган эркак аста ўрнидан қўзғалиб. — Дурдон, шумиди сенинг бизнесингни ўлдирмоқчи бўлган?

— Ҳа, худди шу манжалақи, — деди Дурдона Манзурага яқин келиб. — Ўзича зўр раққосайканмиш. Мурод аканиям қўлга олиб улгурибди бу мараз.

— Мурод аканг анави… Нимайди… Отарчиларнинг жўрабошисими?

— Ҳа, ўша нусха, — жавоб қилди Дурдона. — Ўзича продюсер бўлволган акам ҳам. Осмондан келади гаплашсангиз.

— Хўш, қизалоқ, нега менинг Дурдонимни хапа қилдинг-а? — эркак Манзурага яқинлашди-да, иягидан кўтарди. — Таъзим қилиб, унинг раҳматини эшитиш ўрнига пул талашганмишсан? Зарда қилганмишсан? Хўш, жондан тўйдингми?

— Балки… — деди совуққонлик билан Манзура. — Ўзларингча бандитлик қилмоқчимисан? Мафиямиз деб ўйлайсанларми? Ҳали шошмай турларинг, милиция хабар топади ҳадемай.

— Нима? — эркак унинг иягини қаттиқроқ сиқди. — Мени мелисаминан қўрқитяпсанми? Сен-а? Вей, ўн йил турмани гуллатиб келган боламан мен! Биласанми шуни?

— Менга нима гуллатсанг? Қўйворларинг мени яхшиликчасига! Акс ҳолда пушаймон ейсанлар!

— Қўйворамиз, — шерикларига қараб кулди эркак. — Аммо Дурдонни ранжитганингни «атрабўтка» қиб берасан. Биласанми «атрабўтка» нималигини?..

— Билмайман, нимайди?

— Жа осмонларда юраркансан-ку-а? Муҳаббатда қандайсан? «Ас»мисан?..

— Ифлос!..

Бу ҳақорати, шубҳасиз, эркакка ёқиб тушмади. Афтини бужмайтириб турди-да, дафъатан Манзуранинг юзига шапалоқ туширди. Кейин эса Дурдонага юзланди.

— Курсига ўтир, — буюрди у. — Бу ойимча ҳозир пойингда тиз чўкиб, оёқларингни ўпади. Ана ундан кейин йўлингга кўндаланг бўлмасликка сўз беради. Шу айтганларимизни қилмаса, ўлдирворамиз. Ўлигини ит ҳам топа олмайди. Коллекторга ташлаймиз-кетамиз…

Манзура аниқ сезди. Қаршисидаги совуққон бу эркакнинг муддаосини англади. Агар қотиб тураверса, бу шайтонсифатлар не кўйларга солмайди. Нимадир қилиши шарт. Токи буларнинг олдида паст кетмасин, ҳақоратланмасин, масхара бўлмасин!

«Эҳ, Мурод ака, — ўйларди Манзура хаёлан бўзлаб. — Не кунларга солиб қўйдингиз-а! Ўғирлаб кетишди, хўрлашди, барибир ўтирибсиз қўл қовуштириб. Тўғри-да, оладиган пулингизни олволгансиз. Бир етимча яллачининг нима кераги бор энди? Ўлиб кетгандаям бир тукингиз қилт этмайди…»

— Қани, тиз чўк, — буюрди эркак. — Опангнинг қаршисида тиз чўк!

— Ҳаётда тиз чўкмайман! — деди қатъий оҳангда Манзура. — Ҳали манаман деганининг олдидаям тиз чўкмаганман! Бунинг ким бўпти?!.

— Тиз чўкмай қаерга борардинг, — дея Манзурани бўйнидан маҳкам босиб чўкка тушишга мажбурлай бошлади бошқа бир барзанги. — Қани, бўл, акс ҳолда жончангни оғритиб қўямиз!..

Худо суйган бандасини хўрлатиб қўймайди. Албатта адолат қилади…

Туйқусдан кимлардир подвал эшигини тепиб бақира бошлади.

— Очларинг! Йўқса, бузиб кирамиз!..

Қўрқмаганнинг жони нечта экан.

Барзангилар милиция ходимлари келганини илғаб бўлишганди.

Барчалари жон талвасасида уёқдан буёққа чопар, Дурдона эса наридаги парда ортига беркиниб олганди.

Ташқаридан қараганда, бу саҳна мушук таъқибидан қочишга уринаётган сичқонлар тўдасининг ҳаракатларини эслатарди.

«Бу кунингдан баттар бўлларинг, — кўнглидан ўтказди Манзура типирчилаганча қўлларини арқондан бўшатишга уриниб. — Қўрқмай бўпсанлар!..»

— Ёрдам берингла-ар! — қичқирди у югурганча эшик ёнига бориб. — Ўлдиришмоқчи мени! Ўлдириб қўйишади!

— Манзура, қўрқма! — ташқаридан Муроднинг товуши янгради. — Ҳозир қутқаришади, қўрқма!..

Кўз очиб юмгунча юзларига қора ниқоб тутган милиционерлар эшикни бузиб ичкарига киришди.

Бир зумда барзангилар-у Дурдона қўлга олиниб, қўлларига кишан урилди.

Шундан кейингина Манзуранинг хўрлиги келиб йиғлаб юборди. Муроднинг елкасига бош қўйганча ўксиб-ўксиб йиғлади.

Мурод уни овутган кўйи ташқарига етаклади.

* * *

 

— Сен қўрқма, — деди Мурод Манзуранинг ҳовлисига етиб келишгач. — Бунақаси энди қайтарилмайди. Мана бу тўрт йигит сени қўриқлаб туришади.

— Мурод ака, балки менинг бу ўйиндан чиққаним маъқулдир? — сўради Манзура ер чизиб. — Кўрдингиз-ку, мени сиғдиришмаяпти. Маҳалладагиларни-ку, гапирмасам ҳам бўлади. Тинчгина одамларнинг уйида идиш-товоқ ювиб, супур-сидир қилиб юрганим яхшига ўхшайди.

— Бекорнинг бештасини айтибсан, — койиб берди уни Мурод. — Дурдона барибир қамалади. У аҳмоқлик қилиб қўйибди. Бандитларга қўшилиб олган экан. Мана, аҳмоқлиги учун энди қамалади. Сен бу хаёлларни миянгдан чиқариб ташла! Шундай истеъдодни яксон қилмоқчимисан? Хўш, идиш ювиб юрдинг, кейин-чи? Нима ўзгаради? Хор бўлиб яшашни хоҳлаяпсанми?

— Нима қилай унда? Бугун Дурдона, эртага яна бошқаси… Мен кўтара олмайман бундай оғир юкни.

— Хавотир олма, бугундан бошлаб бизнинг гуруҳда фақат сен юрасан. Бошқа раққоса чақирилмайди. Қолаверса, биз шу ҳафта охирида Сурхон водийсига жўнаб кетамиз.

— Сурхон? Нега? Уёқда нима қиламиз?

— Тўй мавсуми энди бошланди. Мавсумнинг файзини Сурхонда оламиз. Шунинг учун яхшилаб тайёрлан. Ҳовлингдан хавотир олма, махсус одамлар қўриқлашади. Амманг кирмайди бу уйга.

— Тушундим.

Мурод жўнаб кетди.

Тўрт йигит эса Манзуранинг ҳовлисини ташқаридан туриб қўриқлайдиган бўлди.

Мурод уларга Манзурани кундуз кунлари ҳам ёлғиз қўймасликни тайинлади.

 

* * *

 

Тонг ҳам отди. Эрталабдаёқ Мурод қўнғироқ қилиб тайёргарлик кўриб туришни тайинлаганди. Кечқурун никоҳ бор экан. Манзура ҳали замон Мурод айтган кун етиб келиши, олисда узоқ вақт яшаб қолиши муқаррарлигини сезиб, қадрдон қишлоғи кўчаларини айланиш, қишлоқ марказидаги дўконга бир мўралаб олишни ихтиёр этганди.

Қўриқчи йигитлар уни ёлғиз юришга қўйишмади. Ортидан соядек эргашиб катта кўчага чиқишди.

Бекор қилган экан кўчага чиқиб. Ҳатто, маҳалланинг нариги четидаги уйларда яшовчи қиз-жувонлар ҳам дўкон рўпарасида ҳозир бўлишибди. Улар дўконга ул-бул харид қилишга келмагани маълум. Барчалари Манзурани кўриш, уни масхаралаш, илож топишса, ҳақоратлаб хумордан чиқиш учунгина шу ерга йиғилишганди. Эркаклар ҳам улардан қолишмасди. Қишлоқчилик-да, баъзилари Манзуранинг ортидан эргашган кўйи беўхшов қилиқларни ошкора бир-бирларига кўз-кўз қилишар, худди шундай беўхшов кулги кўтаришарди. Қишлоқчилик-да, уларга тутаётган ишлари оддийдек туйиларди. Манзурани қўриқлаб келаётган йигитларгина энсалари қотиб муштларини тугиб олишарди. Аммо ҳеч бири бу эркакларга қарши сўз айтмасди.

Манзура дўконга яқин келди-ю, таққа тўхтади.

Сал наридаги бир гуруҳ аёллар орасида Бозоргул аммаси икки қўлини белига тираганча турар, икки кўзи Манзурада эди. У ҳозир қандайдир кўнгилсиз ҳодиса юз беришини кўнгли сезиб ортга қайтмоқчи бўлди. Бироқ энди бир қадам ташлаган эдики, Бозоргул бор овозда қичқирди:

— Ҳа, бетингдан бузилгур! Тўртта хўрознинг орасига кирволиб бизга мақтаниш учун келдингми? Ҳозир кўрсатиб қўяман сенга!

Манзура бу ҳақоратларни ҳазм қила олмади. Кечаги хўрликлар, ҳақоратлар, хавотирлар, қўрқувлар, алам-у андуҳлар тўлиб-тошиб келиб нақ бўғзига тиқилди.

У илкис ортга ўгирилди-да, югуриб бориб гезарганча турган аммасининг томоғига чанг солди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: