«Бугун эрта тонгда бир қизни кўрдим…»

0

Бугун эрта туриб бир қизни кўрдим
Метрода, чароғон вагон ичида.
У пари қаршимда ўтирар эди,
Қолдириб телбани армон ичида.

Гўзаллик шунчалар қулф урар эди,
Шунчалар лобарлик, шунчалар малол.
Кокиллар бир майин зулф ўрар эди,
Дудоқлар, лабларда кезарди хаёл.

Кўзлар фазоларга олиб кетарди,
Киприклар чеҳрага соя солгудек.
Бекатлар шовқинсиз бир-бир ўтарди,
Гуёки вақт, ҳаёт тўхтаб қолгандек.

Фақат термулардим, ҳушсиз ва ҳайрон,
Билмасдим, тонгдаги бу тушми, рўё.
Ҳар сафар манзиллар қилинса эълон,
Гўёки чирпирак бўларди дунё.

Бугун эрта тонгда бир қизни кўрдим,
Уни олиб қолди Дархон бекати.
Поезд қўзғолганда ўрнимдан турдим,
Фақат шунга етди ожиз журъатим.

Метро елар эди, метро шошарди,
Энди менга йўқдир вақтнинг қизиғи.
Яна бош кўтарди кўмилган дардим,
Армонлар ичида яшаш ёзиғим.

Эсга тушармикан оразинг ёди?
Бу тумонат аро паришон турдим….
Метрода, чароғон вагон ичида.
Бугун эрта тонгда бир қизни кўрдим.

Асадулла Жўраев

Манба: ЎзА