Каналда чўкаётган шахс қутқарилди

0

Олмазор туманидаги 17-сонли Ички ишлар бўлими профилактика инспектори майор Ўрол Нуржонов “Қичқириқ” каналидан қутқарилган шахс билан боғлиқ воқеа тафсилотларини ЎзА мухбирига гапириб берди.

– Тошкент шаҳар Олмазор тумани Мирзо кўчаси, 17-уйда доимий рўйхатда турувчи 2000 йилда туғилган фуқаро Ниёзов Ҳасан Қобил ўғли эҳтиётсизлиги оқибатида сирғаниб кетган, – дейди Ў.Нуржонов. – Гап шундаки, у яқин ҳудуддаги кўп қавватли уйларнинг бирида таъмирлаш ишларида ишлайди. У идишга сув олиш учун каналга келади. Шунда оёғи тошда сирғаниб тушиб кетган. Мазкур ҳолатдан жиноят аломатлари сезилмади.

Ҳасан Ниёзов:

 

– Сузишни билсам-да, сувнинг ҳаддан зиёд совуқлиги боис чап оёғим томири тортишиб қолди. Ҳаракат қилишнинг умуман имкони бўлмади. Ҳолдан тойиб, энди ҳаммаси томомлигига ўзимни ишонтира бошладим. Шу топда қандай аҳволда эканимни сўз билан тушинтиришнинг имкони йўқ. Бахтимга участка нозирлари бор экан, уларнинг шарофати билан омон қолдим. Улардан чексиз миннатдорман.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 9 март куни “Хавфсиз ҳудуд” тадбири давомида профилактика инспекторлари майор Ў.Нуржонов ҳамда лейтенант Ж.Абдулбоқиев “Қичқириқ” каналида чўкаётган шахсни кўриб қоладилар. Лейтенант Ж.Абдулбоқиев ўйлаб ўтирмасдан сувга тушиб, чўкаётган шахсни қутқаради ва уни сохилга олиб чиқади. Тез-тиббий ёрдам етиб келгунга қадар ички ишлар ходимлари жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатишади.

 

manba: UzA

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: